Наманган вилояти ҳокими ўзини ёқиб юборган аёл хонадонига борди
Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов МИБ ходимлари ҳаракатига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб вафот этган аёл хонадонида бўлди.
Вилоят ҳокими Наманган шаҳридаги «Истиқбол» маҳалласида бўлиб, марҳум Гуландом Дадабоеванинг яқинларига таъзия билдирди. Унинг 15 ва 12 яшар ўғиллари муносиб шароитларда вояга етишида ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.
«Мазкур ҳолат бўйича ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг натижаси бўйича вазиятга ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда албатта жамоатчиликка маълум қилинади», деган вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 29 сентябрь куни Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли Гуландом Дадабоева ижро ҳаракатлари давомида ўзининг устига бензин қуйиб, ёқиб юборганди.
У 30 сентябрь куни танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати оқибатида РШТЁИМ Наманган филиалида вафот этган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Наманганда содир бўлган воқеага юзасидан фикр билдириб, қонунчиликда фирибгарлик учун жазо етарли эмаслиги ҳам бундай воқеаларга сабаб бўлаётганини қайд этиб, депутатлардан бу масалани кўриб чиқиш сўраган.
«Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман. Ва қонунчилигимизни бу борада номукаммал деб ҳисоблайман. Фирибгарлар қўлига тушиб турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди. Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, холос. Бу ҳолда, менинг нуқтайи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам беришлари лозим», деган у.
Воқеа юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноий иш қўзғатган.
Мавзуга оид
19:41 / 17.03.2021
Наманганда гўзаллик салонларидаги ноқонуний ишларга чек қўйилади
12:58 / 25.09.2020
Шавкатжон Абдураззоқов Наманган вилоятининг янги ҳокими бўлди
12:18 / 19.06.2020
«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун маъқулланди
15:22 / 05.03.2020