Ўзбекистон | 15:28 / 21.02.2018
13475
12 дақиқада ўқилади

Пахта қай тартибда сертификатланади ва тортиб кўрилади?

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2018 йилдаги 106-сон қарори билан Пахта толасини сертификатлаш ва оғирлигини тортиб кўриш тўғрисида низом тасдиқланди.

Norma.uz’нинг ёзишича, пахта толаси мажбурий тартибда сертификатлаштирилади, ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқариладиган пахта толаси бундан мустасно. Етказиб берувчи пахта толасининг комплектланган партияларини терминалларга мувофиқлик сертификатларисиз (инспекция далолатномаларисиз) ва тойлар оғирлигини тортиб кўриш далолатномаларисиз юклаб жўнатишга ҳақли эмас. Пахта толасининг комплектланган партияси терминалга юклаб жўнатилаётганда етказиб берувчи юклаб жўнатиш ҳужжатлари орасига мувофиқлик сертификатининг асл нусхасини ва унга иловани жойлаши шарт. Буюртмачи пахта толасини терминаллардан мувофиқлик сертификатисиз (инспекция далолатномасисиз), терминалда тойлар оғирлигини тортиб кўриш далолатномасисиз ҳамда сифати ва массаси бўйича қабул қилиб олиш далолатномасисиз юклаб жўнатишга ҳақли эмас.

Сертификатлаш бўйича хизматлар O‘z DSt 604 «Пахта толаси. Техник шартлар» (бундан кейин – O‘z DSt 604) талабларига мувофиқ ўтказилади. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати – O‘z DSt 841 бўйича пахта толасини ташиш ва сақлаш шартларига риоя қилинган тақдирда у рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб 6 ой. Мувофиқлик сертификати давлат тилида, рус ёхуд инглиз тилларида тўлдирилади.

Ваколатли орган

Низом экспортга ва республиканинг пахта толасини қайта ишловчи корхоналарига (бундан кейин – харидор) етказиб беришда пахта толаси сифатини тойлари бўйича баҳолаш, уни сертификатлаш ҳамда пахта тозалаш корхоналарида (бундан кейин – етказиб берувчи) унинг оғирлигини тортиб кўриш тартибини белгилайди.

Ушбу ҳаракатлар «Ўзстандарт» агентлигининг ваколатли бўлинмаси (бундан кейин – бажарувчи) томонидан «Ўзпахтасаноат» АЖ, пахта-тўқимачилик кластерлари ва бошқа корхоналар (бундан кейин – буюртмачи) буюртманомаларига мувофиқ амалга оширилади.

Бажарувчи қуйидаги ишларни амалга оширади:

• пахта тозалаш заводларида унинг прессдан чиқишида ҳар қайси пахта толаси тойидан синаб кўриш учун намуналар олиш;

• танлаб олинган намуналарни идентификациялаш;

• намуналарни синаб кўриш учун минтақавий лабораторияга етказиб бериш;

• намунани синаб кўриш;

• сифати (типи, нави) бўйича бир хил пахта толаси партиясига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва уни буюртмачига бериш;

• етказиб берувчи билан биргаликда пахта толаси партиясидаги тойнинг оғирлигини тортиб кўриш ва тойнинг оғирлиги юзасидан далолатномани расмийлаштириш;

• терминалларда пахта толаси тойининг сифати ва оғирлиги юзасидан харидор, етказиб берувчи ва буюртмачи вакиллари билан келишмовчиликларни ҳал этиш.

Эътибор қаратинг: Пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-бандига мувофиқ, пахта толаси сифати ва массаси «Ўзстандарт» агентлиги ваколатли бўлинмасининг мувофиқлик сертификатида (инспекция далолатномасида) кўрсатилган кўрсаткичларга мувофиқ бўлмаганда, мазкур масала бўйича келишмовчиликлар унинг вакилини жалб қилган ҳолда ҳал қилинади. Толанинг сифати ва массаси бўйича келишмовчиликлар тасдиқланганда, бу билан боғлиқ барча қўшимча харажатлар «Ўзстандарт» агентлигининг ваколатли бўлинмаси ҳисобига киритилади, етказиб берувчи, «Ўзпахтасаноат» АЖ ва харидор ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар далолатномалар кўриб чиқилганидан кейин 5 кун муддатда мазкур партиянинг ҳақиқатдаги сифати ва массаси асосида амалга оширилади.

«Ўзстандарт» агентлигининг жавобгарлиги

Бажарувчи хизматлар кўрсатишда шартномавий мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилмаганлиги учун мулкий жавобгар бўлади, қуйидагилар:

• пахта толасини сақлаш, етказиб бериш, терминалдан пахта тозалаш заводига қайтариш;

• рекламацияларни, даъволарни қонун ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий судда кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно.

Харидорнинг терминалларда тойнинг ўртача массасининг ҳақиқий тафовути ±1,0 кг дан ортиқлиги юзасидан эътирозлари тасдиқланган тақдирда, бажарувчи буюртмачига унинг тойни қайтадан тортиб кўриш бўйича хизматлари ва уларнинг нормативдан ортиқча сақлангани учун, той массасидаги тафовут қийматидан ташқари харажатларини тўлайди, шунингдек, айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур чоралар кўради.

Агар бажарувчи Ўзбекистон терминалларида қайтадан тортиб кўришда:

• тортиб кўришдаги хатолик йўл қўйиладиган ±0,5 кг миқдоридаги нормадан ортиқча бўлган тарозилардан фойдаланилганлигини ёки той массаси, вергулдан кейинги дастлабки ўнинчи белгини ҳисобга олмасдан, килограммлардаги бутун миқдоргача яхлитлаб ёзилганлигини;

• тарозилар ваколатли органларнинг текшириш тўғрисидаги гувоҳномаларига эга бўлмаганлигини;

• тойлар O‘z DSt 841 стандарти бузилган ҳолда тарозида тортилганлиги, ташилганлиги ва сақланганлигини исботлаб берган тақдирда той массаси бўйича эътирозлар қондирилмайди.

Харидорнинг сертификатлаш ва тортиб кўришлар натижалари юзасидан эътирозлари тасдиқланмаган тақдирда, эътирозларни кўриб чиқиш бўйича барча харажатларни буюртмачи тўлайди, кейинчалик улар харидорларнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Етказиб берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Етказиб берувчи:

• пахта толаси тойини тортиб кўриш учун пресслаш цехида, шунингдек, O‘z DSt 841 стандарти талабларига мувофиқ бўлган пахта толаси тойини назорат тартибида тортиб кўриш учун пахта тозалаш заводининг тайёр маҳсулотларини сақлаш майдончаларида тарозилар ўрнатилишини;

• тарозиларнинг тўғри ишлашини назорат қилиш учун стандарт тарози тошлари билан;

• терминалларга типи ва нави бўйича бир хил, бошқа аралашмаларсиз, нохуш ҳидсиз, ортиқча намсиз ва шу каби вагон нормаси пахта толаси етказиб берилишини таъминлашга доир барча чора-тадбирлар кўрилишини;

• пичоқли қурилмалар билан намуналар қирқилган жойларда тойлар идишлари қайта тикланишини;

• пахта тозалаш заводлари прессларидаги пичоқ қурилмаларининг мақбул ҳолатда бўлишини ва уларнинг ўз вақтида алмаштириб турилишини;

• пахта толаси намуналарини сақлаш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун бажарувчини пахта тозалаш заводида жой билан;

• O‘z DSt 841 стандартига мувофиқ бўлган пахта толаси идишга жойлаштирилишини, тойлар маркировка қилинишини, ташилиши ва сақланишини таъминлаши керак.

Буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Буюртмачи харидорлар билан ўзи тузадиган контрактларда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги терминалларда пахта толасининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харидорнинг вакиллари томонидан қабул қилиб олинган пахта толаси партиялари бўйича, той ичидаги бракдан ташқари, сифат ва массаси юзасидан эътироз билдиришга ҳақли эмаслиги шарти билан сифати ва массаси бўйича қабул қилиб олинишини назарда тутади.

Тойлар ичида брак аниқланган тақдирда етказиб берувчи ушбу ҳажмларни сотиш ва қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар бўйича мулкий жавобгар бўлади.

Пахта толасининг той ичидаги браки бўйича бирон-бир баҳсли масалани Ўзбекистондан ташқарида кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлган тақдирда, буюртмачи етказиб берувчининг мутахассисларига виза олишда кўмаклашиши керак.

Буюртмачи бажарувчига терминалларда доимий ваколатхона учун бино бериши керак. Пахта толасини экспорт қилиш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва дарҳол ҳал этиш мақсадида буюртмачи терминалларда бажарувчининг вакилларига терминалларга тушадиган, харидорлар қабул қилиб оладиган, терминаллардан юклаб жўнатиладиган пахта толаси партиялари ҳақида ахборот тақдим этиши керак.

Буюртмачи той массасини бажарувчи ва етказиб берувчи тортиб кўргандан кейин той массасини қайта текшириш учун буюртмачи томонидан жалб этиладиган инспекция компанияларидан улар қўллайдиган тарозилардаги нуқсонлар ва ваколатли органлар томонидан тарозиларнинг текширилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни талаб қилишига ҳақли.

Тойнинг ўртача массасидаги тафовутнинг ±1,0 кг дан ортиқчалиги юзасидан харидорнинг буюртмачига эътирозлари тасдиқланган тақдирда, етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар пахта толаси партиясининг ҳақиқий массаси бўйича амалга оширилади.

Сертификат қачон берилмайди

Мувофиқлик сертификати қуйидаги ҳолатларда берилмайди:

• пахта толаси намуналарида чигит, линт, пахтани қайта ишлаш чиқитлари, ёғли тола, ортиқча нам тола, чиринди ҳиди ёки толанинг нави ва классини баҳолаш классер усули бўйича ўтказилаётган пахта толаси расмий намуналарида мавжуд бўлмаган бошқа аралашмалар бор бўлганда;

• пахта толаси тегишли саноат навининг чекланган «Ифлос» классидагидан ортиқча ифлос бўлган тақдирда;

• тола ёки унинг ташқи кўриниши пахта толасининг эталон намунасига мувофиқ бўлмаган рангда бўлганда;

• ўртача ва узун толали пахта толаси аралаш бўлганда;

• тола партиясида турли саноат навларидаги мансуб тойлар мавжуд бўлганда;

• той зарур даражада маркировка қилинмаганда, жойлаштирилмаганда, ифлос бўлганда, той сиртига сув текканда, шунингдек, ушбу пахта толаси партияси учун ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда.

Бундай ҳолларда бажарувчи белгиланган шакл бўйича номувофиқлик ҳақидаги билдиришномани расмийлаштиради, унинг бир нусхаси пахта тозалаш корхонаси вакилига берилади, иккинчи нусхаси минтақавий лабораторияда қолади.

Минтақавий лаборатория O‘z DSt 604 талабларига жавоб бермайдиган пахта толаси мавжудлиги бўйича ахборотларни тизимлаштиради ва умумлаштиради ҳамда маълумотларни «Ўзстандарт» агентлигининг ваколатли бўлинмасига ва «Ўзпахтасаноат» АЖга беради. O'z DSt 604 талабларига жавоб бермайдиган ҳар бир пахта толаси партияси синовлари натижалари юзасидан белгиланган шакл бўйича пахта толасининг инспекция далолатномаси расмийлаштирилади.

Ташқи кўриниши (ранги ва ифлосланганлиги) бўйича тасдиқланган стандарт намуналарга мувофиқ бўлмаган пахта толаси партиясига инспекция далолатномасини расмийлаштиришда ушбу партиянинг нави ва класси уни қабул қилиб олишда харидор билан келишган ҳолда бажарувчи ва етказиб берувчи томонидан аниқланади.

Инспекция далолатномаси мувофиқлик сертификати ўрнига пахта толаси сифати тўғрисидаги ҳужжат ҳисобланади. O‘z DSt 604 талабларига мувофиқ бўлмаган тола учун берилган инспекция далолатномалари бажарувчи томонидан белгиланган тартибда ҳисобга олинади ва рўйхатдан ўтказилади.

«Ўзстандарт» агентлиги хизматлари учун тўлов

Пахта толасини сертификатлаш ва тойнинг оғирлигини тортиб кўриш бўйича хизматлар учун тўловни буюртмачи мувофиқлик сертификатини (инспекция далолатномасини) ва тойлар оғирлигини тортиб кўриш далолатномасини бериш факти бўйича бажарувчи билан икки томонлама шартномалар асосида, пахта толаси ҳажмини (партиясини) буюртмачи мулкига расмийлаштиришга кўра, бажарилган ишлар далолатномалари ва бажарувчи томонидан берилган ҳисоб рақамлар асосида амалга оширади.

Пахта толасини сертификатлаш бўйича хизматлар учун тўлов Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган нархлар бўйича амалга оширилади. Пахта толаси тойининг оғирлигини тортиб кўриш бўйича хизматлар учун тўлов Молия вазирлиги билан келишилган нархлар бўйича амалга оширилади.

Низомда қуйидаги таомиллар ҳам батафсил тартибга солинган:

• пахта толаси тойидан синаб кўриш учун намуналар олиш, уларни идентификациялаш ва минтақавий лабораторияга етказиб бериш;

• пахта тозалаш заводларида пахта толаси тойининг оғирлигини тортиб кўриш;

• пахта толасини синаб кўриш;

• мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш.

Ҳужжат 14.02.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид