Ўзбекистонда чиқинди кластерлари пайдо бўлади. Президент санитар-тозалаш соҳасидаги вазифаларни белгилаб берди
Тошкент вилоятида бюджет ҳисобидан олинган 32 та, Қашқадарёда 23 та махсус техника талон-торож қилинган. Йил охиригача аҳолининг 90 фоизини санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш белгиланди.
10 август куни президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
«Чиқинди тизимини тартибга солиш – ҳаётимиз, соғлиғимиз учун энг муҳим вазифалардан бири. Бу инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, миллат келажаги билан боғлиқ долзарб масала», – дея Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтирмоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги уч йилда чиқиндиларни бошқариш соҳасига бюджетдан ажратилган 390 миллиард сўм ҳисобига 742 та махсус техника сотиб олинган, 204 та полигон модернизация қилинган.
«Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳада муаммолар ҳали кўплиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Избоскан, Ғузор, Чуст, Бувайда, Ургут ва Шаҳрихон туманларида тозалаш хизмати қамрови республика кўрсаткичидан 2 баравар паст. Тошкент вилоятида бюджет ҳисобидан олинган 32 та, Қашқадарёда 23 та махсус техника талон-торож қилинган. «Тоза ҳудуд» корхоналарининг дебитор қарздорлиги юқори.
Жорий йил март ойида ўтказилган йиғилишда соҳадаги ишлар танқид қилиниб, тегишли топшириқлар берилган эди. Бугун уларнинг ижроси кўриб чиқилди, қўшимча вазифалар белгиланди.
Ҳозирда санитар тозалаш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 66 фоизни ташкил этади. Йиғилишда йил якунигача бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш, соҳага хусусий корхоналарни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.
Чиқиндиларни қайта ишлашни тартибга солиш бўйича 14 та ҳудуддаги туманлар кесимида алоҳида қарорлар қабул қилиниши ҳамда уларнинг ижроси юзасидан назорат тизими йўлга қўйилиши белгиланди.
Нодавлат сектор чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда яхши самара бермоқда. Қаерда шундай корхоналар ишлаётган бўлса, хизмат сифати ҳам юқори, аҳоли ҳам рози. Мисол учун, «Био Техно Эко» компанияси 6 миллион доллардан зиёд кредит ҳисобига 78 та махсус техника ва ускуналар харид қилиб, Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги 285 минг аҳолига тозалаш хизмати кўрсатмоқда.
Жойларда шундай лойиҳа қиламан, деган тадбиркорлар кўп. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга Қорақалпоғистон ва вилоятларда давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Ушбу лойиҳалар ҳисобига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини йил якунигача 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказиш зарурлиги белгиланди.
Санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган 51 та чиқинди полигонини мақбуллаштириш, бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари учун 26 та полигон ҳамда уларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этиш муҳимлиги айтилди.
Йиғилишда халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган маблағлар натижадорлиги ҳам муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга бу маблағлар эвазига бошланган лойиҳаларни жадаллаштириб, қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари соҳани камхарж ва тежамкор техникалар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади», – дейилади расмий ахборотда.
Йиғилишда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарияти ҳамда вилоят ҳокимларининг ҳисоботи эшитилган.
Мавзуга оид
13:04 / 08.01.2025
Тошкент туманида аҳоли норозилигидан кейин санитар тозалаш корхонаси билан шартнома бекор қилинди
19:29 / 02.01.2025
Тошкентда блогер «контент учун» ҳожатхона қоғозлари билан экологияга зарар етказди
10:19 / 25.12.2024
Чиқиндидан қарзни тўлаш учун фуқароларга 5 кун муддат берилади
16:12 / 20.12.2024