Тошкентда блогер «контент учун» ҳожатхона қоғозлари билан экологияга зарар етказди
У ҳожатхона қоғозлари уюми устида турган пайтида машина унинг остидан катта тезликда ҳаракатланиб ўтган. У ва шериклари ерга сочилган ҳожатхона қоғозларини воқеа жойида қолдириб кетган. Ҳолат Экология вазирлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ масъуллари томонидан ўрганилди.
31 декабр куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ шахслар қадоқдаги ҳожатхона қоғозларини йиғиб, уни автомобил билан бузиб ўтгани акс этган видео тарқалди. Шундан кейин интернетда мазкур ҳолат тасвирга олиб бўлингач, ҳожатхона қоғозлари йиғиштирилмай, атроф-муҳитни ифлослантириб кетилгани ҳақида видео пайдо бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худайбергановнинг 2 январ куни маълум қилишича, ушбу ҳуқуқбузарлик учун блогер Жасурбек Шодиев («Жасжан») жавобгарликка тортилган.
Блогернинг сўзларига кўра, у «контент учун» шундай қилган, олган видеоси тармоқларда 4 миллиондан ортиқ марта кўрилган. Шодиев ҳолат такрорланмаслигини айтиб, узр сўради.
Маълум бўлишича, воқеа 30 декабр куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги «Боғбон» МФЙ ҳудудида бўлган. Фуқаро ҳожатхона қоғозлари уюми устига чиққан пайтида «ВАЗ-2107» русумли транспорт воситаси унинг остидан катта тезликда юриб ўтган. Фуқарога ҳеч қандай жароҳат етмаган, машинанинг эса олд ойнаси ва бамперлари шикастланган.
Унга ИИБдан ташқари, Экология инспекцияси ходимлари ҳам атроф-муҳитни ифлослантиргани бўйича БҲМнинг 5 баравари миқдорида (1 млн 875 минг сўм) жарима қўллаган.
Шунингдек, видеода тасвирланган транспорт воситаси ҳам топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган ва маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрда ушбу блогернинг Instagram аккаунти кўздан кечирилган вақтда, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниб, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи видеоматериаллар жойлаштириб келгани аниқланган эди. Ўшанда Жасурбек Шодиевга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Мавзуга оид
22:30 / 02.01.2025
“Чумоли”: нолдан кўтарилган йигитлар ҳикояси
10:19 / 25.12.2024
Чиқиндидан қарзни тўлаш учун фуқароларга 5 кун муддат берилади
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
12:58 / 19.12.2024