Ўзбекистон | 09:02 / 15.12.2021
4859
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон эпидемияларга тайёрлик рейтингида 82-ўринни эгаллади

Американинг Nuclear Threat Initiative нотижорат ташкилоти, Жон Хопкинс университети Саломатлик хавфсизлиги маркази ва Economist журнали таҳлил маркази томонидан эпидемияларга тайёрлик рейтинги тузилди.

Фото: Kun.uz

Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон рейтингда 140-ўринни эгаллади. Минтақа мамлакатлари орасида бу охирги ўрин. Қозоғистон 55-ўринда, Қирғизистон 68-ўринда, Ўзбекистон 82-ўринда, Туркманистон 119-ўринда жойлашди.

Умуман олганда, рейтингга дунёнинг 195 та давлати киритилган. Биринчи ўнталикдан АҚШ, Австралия, Финландия, Канада, Таиланд, Словения, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея ва Швеция жой олган. Сўнгги ўн ўрин (195 дан 185 гача) Сомали, Яман, Шимолий Корея, Сурия, Экваториал Гвинея, Науру, Марказий Африка Республикаси, Тувалу, Ниуэ ороли, Венесуэла ва Жанубий Суданга насиб қилди. 

Рейтингни тузишда мамлакатларга олтита тоифа бўйича балл берилди. Биринчи тоифа - «Олдини олиш» (Prevent). Унда микроорганизмларга қарши кураш сифати ва эмлаш даражаси ҳисобга олинди. Иккинчи тоифа - «Аниқлаш» (Detect). 
 
Учинчи тоифа - «Реакция» (Respond). Бу фавқулодда вазиятларга тайёрлик, соғлиқни сақлаш органларининг тайёргарлик даражаси, инқирозга қарши коммуникация сифатини ҳисобга олади. Тўртинчи тоифа - «Саломатлик» ((Health)). Унда шифохоналар ишининг сифати, шифокор ва ҳамширалар сони, карантин чораларини қўллаш имкониятлари ўрганилади. Бешинчи тоифа - «Қонунчилик» (Norms). Гап соҳага тааллуқли қонунларнинг сифати, халқаро шартномаларда иштирок этиш, эпидемияга қарши курашни молиялаштириш ҳақида бормоқда. Олтинчи тоифа - «Хавф» (Risk). У инфекцияларга қарши курашни мураккаблаштирадиган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, инфратузилмавий ва бошқа хавфларни ҳисобга олади.  
 
Умуман олганда, рейтингни тузувчилар жаҳондаги соғлиқни сақлаш ҳолатини салбий баҳолади. «Кўпгина мамлакатлар COVID-19’га қарши курашиш қобилиятини тезда ривожлантира олган бўлса-да, улар ҳали ҳам келажакдаги эпидемия таҳдидларига қарши курашишга тайёр эмас», деб таъкидлаган тадқиқотчилар.

Таъкидланишича, аксарият давлатлар, жумладан, юқори даромадли мамлакатлар эпидемияларга тайёрлигини ошириш учун етарли маблағ ажратмаган.

Хатарлар деярли ҳамма минтақада ошиб кетган ва аҳолининг заиф гуруҳлари эҳтиёжлари эътибордан четда қолмоқда. 2021 йилда дунё бўйича ўртача балл 38,9 ни ташкил қилди. Кўрсаткич 2019 йилга нисбатан деярли ўзгармаган, яъни ҳали COVID-19 сабоқларига сезиларли реакция бўлгани йўқ.

Мавзуга оид