Жаҳон | 15:26 / 03.06.2024
4707
3 дақиқада ўқилади

Грузияда “чет эл агентлари” ҳақидаги баҳсли қонун кучга кирди

Қонун парламент спикери Шалва Папуашвили томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга кирди. Аввалроқ ҳукмрон партия резонансга сабаб бўлган ҳужжатга президент томонидан қўйилган ветони бекор қила олганди. Эндиликда бюджетининг 20 фоиздан ортиғи хорижий манбаларга тўғри келадиган ННТлар ва ОАВлар “чет эл агенти” ҳисобланади.

Фото: APA

Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили “чет эл агентлари” ҳақидаги қонунни имзолади. Мамлакат ичида ва ташқарисида кўплаб эътирозлар ва намойишларга сабаб бўлган қонун, имзоланган вақтдан бошлаб кучга кирди.

“Бугун мен “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни имзоладим. Бу қонундан мақсад – Грузиянинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимини ташқи таъсирларга нисбатан мустаҳкамлашдан иборат”, – дея Папуашвилининг брифингдаги сўзларини келтирмоқда грузин нашрлари.

Қонун 14 май куни парламентда учинчи ўқишда маъқулланган, уни 84 депутат ёқлаб, 30 депутат қарши чиққанди. Шундан кейин президент Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйди. 28 май куни ҳукмрон “Гуржистон орзуси” партияси ва мухолифатнинг кескин қарама-қаршилиги остида ўтган сессияда парламент яна 84 та овоз билан ветони бекор қилди.

Эндиликда, қонунга биноан, 60 кун ичида “чет эл агентлари” реестри тузилади. Реестрга 20 фоиздан ортиғи хориждан туриб молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари киритилади. Улар йиллик молиявий ҳисоботини эълон қилиб бориши керак бўлади.

Қонун танқидчилари ҳужжатни Россияда жорий этилган ва цензура қилишда фойдаланилаётган худди шундай тартибдан кўчирилганини таъкидлайди. Бош вазир Иракли Кобахидзе эса бу хориждан грант олувчиларнинг молиявий шаффофлиги учун кераклигини айтган.

Қонун мамлакат ичида кўплаб намойишларга сабаб бўлди, Грузиянинг Европа Иттифоқига интилишини шубҳа остида қолдирди.

Иттифоқ аввалроқ бу қонун қабул қилинаётганидан “чуқур таассуф”да эканини билдирган, ҳужжат Европа Иттифоқининг асосий тамойиллари ва қадриятларига зидлигини таъкидлаган эди. ЕИ баёнотида бу қонун Грузиянинг иттифоққа аъзо бўлиш йўлига “салбий таъсир кўрсатиши”, ҳозирда расмий Брюссел ва аъзо давлатлар қандай реакция билдириш бўйича “барча вариантларни кўриб чиқаётгани” айтилганди.

АҚШ Давлат департаменти Грузияда “демократияни ағдариш” ҳаракати учун ушбу қонун масъулларига нисбатан виза чекловлари жорий этишини эълон қилган.

Мавзуга оид