Ўзбекистон | 12:25 / 15.08.2019
17955
5 дақиқада ўқилади

Президент қарори лойиҳаси: Ўзбекистонда «Баҳор» рақс ансамбли фаолияти қайта тикланади

Фото: Анвар Ильясов

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбек миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг давлат муассасаси шаклида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли фаолиятини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Давлат рақс ансамблининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистонда рақс санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактабларнинг анъаналарини, буюк балетмейстер, балет артистлари меросини қайта тиклаш;

ўзбек рақс санъатининг мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг “олтин фонди”ни яратиш;

халқимиз, хусусан, ёш авлодни рақс санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғусини, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;

рақс ва хореография санъати соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этишда иштирок этиш, ёш истеъдодли балетмейстерларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шарт-шароит яратиш;

ўзбек рақс ва хореографияси соҳасида олиб борилаётган илмий изланишлар натижалари асосида замонавий рақс композицияларини саҳналаштириш;

ўзбек рақс санъатини мамлакатимизда ва хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш мақсадида Давлат рақс ансамблининг миллий ҳамда дунё халқлари рақсларидан иборат концерт дастурлари асосидаги гастроль-концерт фаолиятини йўлга қўйиш;

миллий рақс санъатини оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали Ўзбекистон ва чет элларда кенг тарғиб этиш.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз тизими учун бюджетдан ажратилган йиллик маблағлари доирасида доимий равишда “Тошкент радиоэшиттириш уйи”да овоз ёзиш студиялари ва техник воситалардан Давлат ансамбли учун бепул фойдаланиш ва ансамбл томонидан ижро этиладиган рақсларга басталанган мусиқий асарларни ёзиб олишни таъминлайди.

Давлат рақс ансамбли 2025 йилгача барча солиқ тўловларидан озод этилди.

Белгиланишича:

Давлат рақс ансамбли қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, концерт-томоша фаолиятини тегишли лицензияни олмасдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида концерт-томоша тадбирларини бир марталик рухсатнома олмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги 458-сонли қарори билан “Давлат маданият муассасалари ва  давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорининг 1-, 2- иловаларига мувофиқ Давлат рақс ансамблининг административ-бошқарув, бадиий-раҳбарият ходимлари, балет артистлари ва созандалар лавозим маошларини аниқлашда базавий лавозим маошлари миқдорлари 1,12 коэффициентга оширилган ҳолда қўлланилади;

Давлат рақс ансамблига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарори татбиқ этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 20 октябрдаги ПФ-1280-сон Фармони татбиқ этиладиган Республика театр-концерт ташкилотлари, таълим ва бошқа маданий-маърифий муассасалари рўйхатига қўшилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат рақс ансамблига 4 та енгил автомобиль, 2 та катта сиғимли автобус ва 1 та юк автомашинасини харид қилиш учун маблағлар ажратади.

Давлат рақс ансамблини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ўз даромадлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

2020-2025 йилларда Давлат рақс ансамбли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича чет элдан олиб келинадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган махсус кийим-кечак ва ускуналар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.

Белгилаб қўйилишича, Давлат рақс ансамблининг ижрочи директори, бадиий раҳбар-бош балетмейстери Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Давлат рақс ансамблининг раҳбарлик лавозимларига (ижрочи директор, бадиий раҳбар, бош балетмейстер) номзодларни ўрганади ва белгиланган тартибда келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Давлат рақс ансамблида вилоятлардан келиб фаолият юритаётган ходимларни турар жой билан ва уларга имтиёзли кредитлар асосида уйлар ажратилишини таъминлайди.

Ўзбек либослари ва миллий рақс санъати тарихи музейини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Давлат рақс ансамблини жойлаштириш учун бино ажратиш бўйича таклиф киритади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Давлат рақс ансамблига доимий ҳомийлик қилиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланиши мумкин.

Мавзуга оид