Жаҳон | 18:02 / 18.01.2024
28478
12 дақиқада ўқилади

Советлардан қолган А-50 – Россиянинг уриб туширилган самолёти ҳақида нималар маълум?

Украина Россияга тегишли А-50 разведкачи самолёти уриб туширилганини маълум қилди. Бу Россия Украинага бостириб киргандан буён йўқ қилинган биринчи А-50 ҳисобланади. Бундай самолётлар СССР даврида саноқли миқдорда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда унинг бир донаси 300 млн доллардан ошиқроққа баҳоланади.

2022 йил 24 феврал куни тонгида Россия армияси Украинага бостириб киргандан буён ўзининг жуда кўплаб қуролларидан фойдаланиб келмоқда.

Узоқликка учувчи ракеталар, дронлар, ҳарбий техникалар ва самолётлар шулар жумласидан. Урушнинг бошида Россия жуда катта йўқотишларга учради ва натижада ҳатто 1950-йиллардан қолиб кетган танкларни ҳам сафга қайтаришга мажбур бўлди.

Россия фойдаланаётган ҳарбий техникалар орасида А-50 номи билан танилган самолёт ҳам бор. А-50 бу — узоқ масофали радиолокацион аниқлаш ва бошқариш самолётидир.

У радарни олиб юради ҳамда зарбаларни тайёрлаш ва душман ҳужумларининг олдини олиш учун олдинги разведкада ишлатилади.

Бу самолётни Россия ишлаб чиқармаган. А-50 совет даврида саноқли ишлаб чиқарилган ва расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 10 га яқин бундай турдаги самолёт бор. Ҳозирда битта А-50 нархи 330 млн долларга баҳоланади.

А-50 самолёти Фото: YouTube / Darth Welder Channel

А-50 самолёти ясалиши тарихи

1970-йилларда СССРда разведкачи самолёт Ту-126 эди. Бу самолёт 1960-йиллар бошида ишлаб чиқарилган бўлиб, 1970-йилларга келиб талабга жавоб бермай қолганди.

Ана шундай шароитда совет ҳукумати авиаконструкторлар олдига янги турдаги разведкачи самолёт лойиҳасини ишлаб чиқишни топширади. Кўп ўтмай Ил-76 юк самолёти асосида янги самолёт лойиҳаси тайёрланади.

Лойиҳа муаллифи таниқли совет авиаконструктори Александр Путилов эди. Путилов асосан Андрей Туполев бошчилигидаги «Туполев конструкторлик бюроси»да ишлаган ва асосан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган Ту-126, Ту-98ЛЛ, Ту-128УТ самолётлари лойиҳаларида ишлаган эди.

1973 йилда Ил-76 самолёти асосида янги разведкачи самолётини ишлаб чиқариш режаси тасдиқланади. Самолётнинг нишона нусхасини тайёрлаш Таганрог шаҳридаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасига топширилади.

1977 йилда самолёт тайёр бўлади. 1978 йилда А-50 ишлаб чиқарувчи, 1979 йилда ҳукумат комиссияси синовларидан муваффақиятли ўтказилади.

1983 йилгача Таганрогда жами учта Ил-76 самолёти А-50 самолётларига айлантирилади. Самолётни турли ускуналар билан жиҳозлаш ва уларни ҳарбий комиссия кўригидан ўтказиш яна икки йилга чўзилади.

Шу тариқа, А-50 самолётларининг дастлабкиси 1985 йилга келиб ҳарбийларга топширилади. Бироқ ҳарбийлар ундан 1989 йилга келиб фойдалана бошлашади холос.

Расмий маълумотларга кўра, А-50 самолётидан жами 31 дона ясалган. Ўша пайтда СССРда Ил-76 самолётларини асосан Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация бирлашмаси тайёрлаб берарди.

Ил-76 самолёти. Фото: russian.rt.com

Шу сабабли А-50 самолётларининг қолганлари Тошкентда тайёрланади. Иш жараёни ҳарбийларнинг қатъий назорати остида бажарилади. А-50 самолётлари 1991 йилгача ишлаб чиқарилган.

А-50 самолётининг техник тавсифи

  • Экипаж аъзолари сони – 5 киши (тактик экипаж сони – 10 киши);
  • Узунлиги – 48,27 метр;
  • Баландлиги – 14,8 метр;
  • Қанотлар узунлиги – 50,5 метр;
  • Ўртача учиш оғирлиги – 190 тонна;
  • Ёқилғи сиғими – 109 480 литр;
  • Двигателлар сони – тўртта;
  • Максимал парвоз тезлиги – соатига 800 км;
  • Максимал парвоз баландлиги – 12 000 метр (ўртача – 7 500 метр);
  • Ёқилғи сиғими бир марта тўлдирилганда парвоз давомийлиги – 9,3 соат.

А-50 имкониятлари:

Ҳаво нишонларини аниқлаш масофаси:

  • Стратегик бўлмаган баллистик ракеталардан чиқаётган ёлқинни оптик воситалар орқали 800 километрдан сезади;
  • Бомбардимончи самолётларни 650 километргача бўлган масофада сезади;
  • Қирувчи самолётларни 300 километрдан сезади;
  • Қанотли ракеталарни (электрон парамагнит резонанс ЭПР = 1 кв. м) 215 километрдан сезади.

Ердаги нишонларни аниқлаш диапазони:

  • Оператив-тактик ракеталар учириш қурилмаларининг яккалик нишонларини 300 километргача бўлган масофадан сезади;
  • «Танклар колоннаси» каби гуруҳли нишонларни: 250 километргача бўлган масофадан сезади.

Денгиз нишонларини аниқлаш диапазони:

  • (ЭПР 250 кв. м) радио горизонти етиб борган масофагача;
  • А-50 бир пайтнинг ўзида турли ҳаво нишонларидан 300 тагача объектни кузата олади;
  • Қўмондонлик пунктидан йўналтирилган 12 та, бортдан йўналтирилган 30 та қирувчи ва тутувчи самолётларни бошқара олади.

Бундан ташқари, самолётга ҳаво мудофааси тизими ўрнатилган бўлиб, турли ракеталар ёрдамида ўзига нисбатан уюштирилган ҳужумларни қайтариш имкониятига эга.

А-50’га кейин ўрнатилган ускуна ва жиҳозлар

СССР парчалангандан сўнг А-50 самолётларини ишлаб чиқариш тўхтайди. 2000-йилларга келиб унга ўрнатилган ускуналар ҳам эскиради ва талабларга жавоб бермай қолади.

2003 йилдан бошлаб Россия А-50 самолётларининг бир нечтасини қайта жиҳозлашни бошлайди ва шундан сўнг улар А-50У номини олади. Қайта жиҳозлаш ишлари 2009 йилгача давом этади.

Самолётнинг асосий қурилмаси – «Аргон-50» борт рақамли компютери асосида қурилган «Шмел» радиотехника комплекси ҳисобланади. Комплекс таркибига қуйидагилар киради:

  • пеленгациянинг пассив каналига эга бўлган уч координатали радиолокацион тизим;
  • олинган маълумотларни қабул қилувчи ва акс эттирувчи ускуналар;
  • Қирувчи ва тутувчи самолётларга йўналишли буйруқлар ёки маълумотлар берувчи актив сўров-жавоб бериш тизими;
  • бошқарув вазифаларини ечиш ва қирувчи самолётларни ҳаво нишонларига йўналтириш учун рақамли ҳисоблаш комплекси;
  • радио бошқарувида қўмондонлик линияси ускунаси;
  • алоқа тизими, алоқани махфийлаштириш ва телекодлаш ускуналари;
  • ҳужжатлаштириш ускуналари;
  • давлат белгиларини таниб олиш тизими.

Янги комплекснинг оғирлиги 20 тоннани ташкил этади ва унда 10-11 нафар ходим ишлайди. Булар – радиотехник назорат командири, йўналтирувчи бош штурман, икки нафар йўналтирувчи штурман, бош кузатувчи оператор ва икки нафар кузатувчи оператор, шунингдек радиолокацион тизим ва алоқа воситалари бўйича бортмуҳандислар. Парвоз экипажи эса 5 кишидан иборат бўлади.

«Шмел» комплексидан ташқари, самолёт борт мудофаа тизими билан ҳам жиҳозланган бўлиб, унинг таркибида радиоқаршилик кўрсатишнинг фаол ва пассив тизимлари, шунингдек, инфрақизил чалғитувчи тизимлар бор.

Қайта жиҳозлангандан сўнг самолёт корпусида ҳам ўзгаришлар бўлади. Жумладан:

  • Штурман кабинаси ойнаванд ўрнига радиошаффоф суйри;
  • Қанотлар остига ёқилғи қуйиш мосламаси;
  • Қанотда сунъий йўлдош антенна ускунаси;
  • Қанот ортида, томда диаметри 10,5 ва баландлиги 2 метр бўлган радар антеннасининг қўзиқорин шаклидаги радиолокацион тизим антеннаси;
  • Радар ускунасини совитиб туриш учун ҳаво сўриш мосламаси;
  • Ёндаги ҳаво айиргичларда аэродинамик юзалар (қанотчалар) кўринишида акслантирувчи экранлар;
  • Аэродинамик юзалар (қанотлар) шаклида тайёрланган акс эттирувчи экранлар ён ярмаркаларга ўрнатилади.

Бундан ташқари:

  • Аэродинамик қаршилик ҳаракатини пасайтириш учун янги бурун суйриси билан жиҳозланади;
  • Чап томонда эшик ва 1-рақамли фавқулодда чиқиш йўли олиб ташланади;
  • Юк ортиш люкларининг табақаси беркитиб ташланади;
  • Экипаж аъзоларини частотали нурланишдан ҳимоя қилиш учун асосий ва аварияли чиқиш ойналари, учувчилар кабинасининг ён ва юқори ойналари, шунингдек, навигатор кабинасининг ойналари металлаштирилган.

А-50 самолётларидан фойдаланиш

Советлар даврида А-50 самолётлари асосан мамлакат ғарбида сақланган ва парвоз қилган. Биринчи самолёт 1984 йилда Литванинг Шауляй шаҳридаги ҳарбий қисмга келтирилади.

Ўша йили яна биттаси Беларуснинг Витебск шаҳрига юборилади. Шу самолёт Варшава шартномаси ташкилоти ҳарбий блогига аъзо давлатлар армиялари иштирокида ўтказилган «Запад-84» ҳарбий ўқув машғулотида қатнашади ва ГДР ҳамда Полша бўйлаб парвоз қилиб келади.

1987 йилда учта, 1989 йилда яна бешта А-50 тайёр бўлади ва мамлакатнинг турли ҳарбий қисмларига жўнатилади.

СССРда қудратли разведкачи самолёт тайёрлангани барчадан сир тутилган. 1987 йилда у Норвегиянинг патрул самолёти объективига тушиб қолади. Шундан сўнг Ғарб давлатлари СССРда янги разведкачи самолёт борлигини пайқаб қолишади.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Варшава шартномаси ташкилоти ҳарбий блоки ҳам тарқаб кетади. НАТО эса шарққа қараб кенгая бошлайди. Шу сабабли А-50 самолётларининг бир нечтаси мамлакат шимолий-ғарбида, бошқалари Қора денгиз атрофида сақланади.

2000 йилда А-50 самолётларидан бири Ҳиндистонга сотиб юборилади. Яна бир қанчаси эскириб ишдан чиқади. Кейинроқ Россия ихтиёрида ўнга яқин (баъзи манбаларда ўндан ошиқ) А-50 самолёти қолгани ва улардан фақат бир нечтаси жанговар шай ҳолда экани маълум бўлади.

А-50 самолёти ҳарбий ҳаракатларда илк бор Сурия осмонида учиб қатнашган ва у ерда Россия ҳаво-космик кучларига қарашли қирувчи ҳамда бомбардимончи самолётларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган.

2022 йил 24 феврал куни Россия армияси Украинага бостириб киргач бир нечта А-50 самолётлари доимий равишда қўллана бошланган.

Ҳиндистонга сотилган А-50

Украина билан уруш вақтида Россиянинг иккита А-50 самолётига ҳужум қилинди

Маълумотларга кўра, уруш бошлангандан буён иккита А-50 самолёти сафдан чиққан. Биринчиси 2023 йил 26 феврал куни Минск яқинидаги Мачулишчи аэродромида турган пайтида учувчисиз қурилма орқали ишдан чиқарилган.

2023 йил феврал ойи охирида беларусларнинг BYPOL ташкилоти фаоллари Мачулишчидаги аэродромга диверсия уюштирилгани ва у ердаги русларнинг А-50 самолётига иккита дрон орқали 200 грамм тротил эквивалентидаги портловчи моддалар ташлангани ҳақида хабар берганди.

Натижада самолёт жиддий шикастлангани ва энди «уча олмаслиги» маълум қилинганди. Беларус ҳукумати диверсия фактини рад этиб, учиш йўлагида ҳаракатланаётган А-50 видеосини намойиш этганди. Лекин бу видео қачон олингани номаълум.

2023 йил 4 март куни «Зеркало» нашри А-50 таъмирлаш учун Таганрогга олиб кетилганини маълум қилди. Нашр журналисти ўзини Мачулишчидаги аэродром ходими сифатида таништириб, Таганрогдаги авиация заводига қўнғироқ қилган ва у ердагилар унга бу маълумотни тасдиқлашган.

Иккинчи А-50 самолёти бир неча кун аввал 2024 йил 14 январ куни тунда Азов денгизи устида уриб туширилди.

Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний Азов денгизи узра Россияга тегишли А-50 ҳамда Ил-22 ҳаво қўмондонлик пункти бўлган самолётлар уриб туширилгани видеосини эълон қилган.

Украин нашрларига кўра, А-50 томон зарба маҳаллий вақт билан 14 январ куни соат 21:10–21:15 атрофида Запорижжя области Кирилловка посёлкаси атрофидан туриб йўлланган. Шундан кейин самолёт радарлардан йўқолган ва тактик авиация сўровларига реакция қилишни тўхтатган.

Россия мудофаа вазирлиги украин нашрлари ва ҳарбийларининг сўнгги баёнотлари юзасидан изоҳ бермади. Аммо самолётлардан бири уриб туширилгани, бошқаси эса зарбага учрагани тўғрисидаги маълумотни россиялик ҳарбий мухбирлар ва ҳарбий соҳага ихтисослашган блогерлар тасдиқлашган.

Ҳозирда Россияда қанча А-50 самолётлари борлиги номаълум. Military Watch Magazine маълумотига кўра, 2023 йилда Россияда учта А-50 ва қайта жиҳозланган еттита А-50У самолёти бўлган.

2023 йил бошида Forbes Россия қўшинларида тўққизта А-50 борлигини ёзганди. 2023 йил сентябрида «Ростех» Россия армиясига яна битта шундай самолёт етказиб берган.

«Ростех» етказиб берган самолёт ҳам катта эҳтимол билан СССР даврида ишлаб чиқарилган ва қайта жиҳозланиб эпақага келтирилган бўлиши мумкин. Чунки расмий маълумотларда Россия СССР парчаланиб кетганидан сўнг А-50 самолётларини ишлаб чиқаргани ҳақида умуман маълумот йўқ.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид