Иқтисодиёт | 21:31 / 26.09.2022
51723
5 дақиқада ўқилади

Урушнинг нархи. Россиянинг Украинага қарши тажовузидан дунё 2,8 трлн доллар йўқотади

Россиянинг Украинага қарши тажовузидан дунё аввал ўйланганидан кўра кўпроқ камбағаллашади. Келгуси йилда дунё иқтисодиётига 2,8 трлн доллар етишмайди, деб ҳисобламоқда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти. Энг кўп зарарни Россия кўради.

Уруш туфайли бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари, электр ва ёнилғи нархлари кескин юқорилади. Кўплар фақат давлат қўллаб-қувватлови ҳисобига омон қолмоқда. Суратда Индонезияда субсидия билан арзонлаштирилган озиқ-овқат учун навбат. Фото: EPA

Янги ҳисобот "Урушнинг нархи" деб номланган.

"Жаҳон иқтисодиёти тормозланмоқда. Бунга Россиянинг Украинага қарши йўқ ердан бошланган, оқлаб бўлмайдиган ва жиноий тажовузи сабабчи. Кўплаб мамлакатларда ЯИМ ўсиши тўхтади ва иқтисодиётнинг ҳолатига оид маълумотлардан келиб чиқиб, тормозланиш давомли бўлади", - деди ИҲТТ бош котиби Матиас Корманн.

Кремлнинг Европага қарши газ уруши ортидан келиб чиққан энергетика инқирози билан биргаликда, дунёдаги бойликларнинг ўсиш суръатига рекорд даражадаги инфляция ва Хитойдаги ковид локдауни ҳам таъсир кўрсатади. Лекин асосийси – уруш.

Уруш бўлмаганида, 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти ҳажми душанба куни эълон қилинган прогнозга нисбатан 2 фоизга кўпроқ бўлган бўларди. Пулда ифодаланганда бу улкан рақамни ташкил этади - 2,8 трлн доллар, Россия ЯИМдан қарийб бир ярим бараварга кўпроқ.

Россия келаси йили дунёнинг энг етакчи 20 иқтисодиёти ичида энг сезиларли пасайишга дуч келади – ЯИМнинг 4,5 фоизи.

ИҲТТ 2023 йилда Россия билан бирга фақат Германияда ЯИМ пасайишини (минус 0,7 фоиз) тахмин қилмоқда. У Европанинг энг йирик иқтисодиёти, Россия газининг асосий харидори ва етакчи экспортёри ҳисобланади. Кўҳна дунёнинг саноат мотори Кремль ўтқазиб қўйган газ парҳези ҳамда Хитой иқтисодиёти тормозланиши сабабли тўхтайди. 

Қолганларда, айниқса, Россия ва Ғарбнинг энергетик ва санкциявий урушларида ғолиб чиққан Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва Саудия Арабистонида ўсиш кузатилади.

Ҳаммаси янада ёмон бўлиши мумкин

АҚШ учун ҳам, Евроҳудуд учун ҳам келгуси йил прогнози ёмонлашган. ИҲТТ Америкада ўсиш ярим фоиз, Евроҳудуднинг 19 мамлакатида эса 0,3 фоиз бўлишини кутмоқда.

Иқтисодий инқироз сиёсий инқирозни туғдиради. Бельгияда электр ва иссиқлик нархи ошишига қарши намойиш: "Бундан ортиқ тўлай олмаймиз ва хоҳламаймиз". Фото: EPA

Бироқ бу қайғули прогнозлар жуда некбин бўлиши, аслида вазият бундан ҳам ёмонроқ тус олиши мумкин.

Биринчидан, иқтисодчилар ўз моделларида Россиянинг Украинага қарши уруши авж олиши ёки уруш бошқа ҳудудларга ёйилиши эҳтимолини ҳисобга олишмаган. Иккинчидан, улар ковид ўтмишда қолгани ва келаётган қишда ҳеч қандай янги тўлқин ва локдаунлар бўлмаслигидан келиб чиқиб фикрлашган.

Учинчидан, улар Европадаги энергетика инқирози аста-секин юмшаб боришини ҳисобга олишган. Бу энг катта хатар, деб тан олишган ИҲТТ экспертлари.

Улар ўз прогнозларида ЕИда режалаштирилаётган газ истеъмоли кўнгилли равишда қисқартирилишини, ерости омборларидаги захиралар ва Россияга муқобил етказиб берувчилар билан газ сотиб олиш бўйича янги шартномалар тузилишини ҳам ҳисобга олишган. Бироқ совуқ қиш ёки бошқа манбалардан етказиб беришдаги узилишлар ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин.

Еврокомиссия қишни Россия газисиз қандай ўтказиш бўйича режа тайёрлаган, аммо иттифоқнинг 27 мамлакати уни ҳалигача маъқуллагани йўқ. Жорий ҳафтада энергетика вазирлари келишувга эришишга уриниб кўришади. Агар келиша олишса, кейинги ҳафтада Прагадаги саммитда ЕИ мамлакатлари раҳбарлари бу режани тасдиқлайди.

Нефт инқирози

Агарда Россия билан зиддият тўлақонли газ қамали ва тотал энергетик инқирозга айланадиган бўлса, Европа ковид пандемиясидан кейинги пасайишдан сўнг тикланишга улгурмасдан рецессияда қолади. 

Яна бир мавҳумлик – декабрда кучга кирадиган Россия нефтига нисбатан эмбарго.

У кунига 2 млн баррел ёки жаҳон бозоридаги нефт таклифининг 2 фоизига тааллуқли. Россия бу ҳажмни тезроқ бошқа бозорларга йўналтиришга эришолмайди, чунки ЕИ Россия хомашёсининг суғуртаси, молиялаштирилиши ва денгиз орқали ташилишини ҳам тақиқлайди.

"Натижада жаҳон нефт бозоридаги етказиб беришларда узилишлар юз бериши эҳтимоли ошади. Россия нефт маҳсулотлари тақчиллиги эса жиддий иқтисодий зарарга олиб келиши мумкин. Масалан, бу Европадаги дизел ёнилғисига тегишли.

Бу омилларнинг барчаси жаҳон иқтисодиёти учун уруш нархи янги прогноздагига нисбатан анча юқори бўлиши хавфини кучайтиради", - деб ёзади ИҲТТ иқтисодчилари.

Мавзуга оид