Ўзбекистон | 20:26 / 19.01.2021
43229
4 дақиқада ўқилади

«Болаларимизни телефон тарбиялаяпти» – президент бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди

Президент раҳбарлигида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасида йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланди.

Президент мутасаддиларга бир ой муддатда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чораларини кўриш вазифасини юклаган.

«Ҳеч кимга сир эмас, маънавият тарғиботчиси бўлиш кишидан катта билим ва салоҳият, маҳорат ва тинимсиз ақлий меҳнатни талаб этади. Лекин биз кўп йиллар маънавият ва маърифат соҳаси ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга етарли эътибор қаратмадик. Энди ана шу муаммони ҳал этиш вақти келди.

Бунинг учун жорий йилдан Маънавият ва маърифат республика кенгашига қарашли даврий нашрлар ижодий ходимларининг ойлик маошларини ошириш керак. Молия вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази бир ой муддатда ушбу масала бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Шунингдек, хусусийлаштиришга қўйилган «Маънавият» нашриётини марказ тасарруфига ўтказиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарур. Марказ билан ҳамкорликда барча корхона ва ташкилотларда аниқ режа асосида «Маърифат соати»ни ўтказиш йўлга қўйилади.

«Маърифат соати»га кимлар жалб қилинади? Кимлар жойларга бориб маъруза қилади? Уларни ким кутиб олади, қаерда, қанча учрашув бўлади? Маърузачилар учун зарур тарқатма материаллар, буклет, аудио ва видео материалларни ким тайёрлайди? Вазирлар Маҳкамаси ва марказ маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ана шу масалалар ечими бўйича аниқ таклиф киритсин», деган давлат раҳбари.

Президент узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган.

«Тарбияда танаффус бўлмайди, деймиз. Лекин, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда бу қоидага амал қилинмаяпти. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – ҳар бири алоҳида иш олиб боряпти.  

Шунинг учун маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, унда ҳар бир масъул идоранинг вазифаси ва биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирларини аниқ белгилаб қўйиш зарур.

Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида жажжи фарзандларимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида Марказ Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда маънавий-тарбиявий ишлар тизимини яратиши керак.

Бунда, айниқса, хусусий ва давлат-шериклик асосидаги боғчаларга маънавий ва методик ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашлари бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак. Шу мақсадда, Кенгаш аъзоларини ҳар бир мактабгача таълим ташкилотига доимий бириктириб, масъулиятини белгилаб қўйиш зарур», деган президент.

Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлигига яна бир бор тўхталган.

«Хабарингиз бор, биз мамлакатимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабга таниқли адиб ва журналистларни, маънавиятчиларни ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида бириктирдик. Улар мактабда маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларнинг адабиёт, маданият ва санъатга қизиқишини ошириш ҳамда ижодий тафаккурини ривожлантириш орқали ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш учун масъул бўлади.

Яна бир масала. Мактабларда 5-синфдан бошлаб ягона синф раҳбарини тайинлаш амалиётини йўлга қўйишимиз керак.

Бу ўқитувчи 11-синфга қадар болаларнинг маънавий тарбиячисига, ота-онасидек қадрдонига айланиши зарур», дея давлат раҳбари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари телефонлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганига эътибор қаратди.

Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда.

Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Соат сари эмас, минут сари кириб боряпти.

Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур», – таъкидлади Мирзиёев.

Мавзуга оид