Россияда ўзбекистонлик мигрантлар учун боғча ва мактаблар очиш таклиф қилинди: Дума депутати бунга кескин қарши чиқди
Гарчи очиладиган хусусий боғча ва мактаблар ўзбек диаспораси маблағи ҳисобига қурилиши, таълим жараёни Россия қонунчилигига кўра ташкиллаштирилиши таклиф қилинган бўлса-да, Россия Давлат думаси депутатларидан бири ташаббусга кескин қарши чиқди.
Ўзбекистон томони Россия Федерацияси ҳукуматидан Россиядаги ўзбек диаспораси маблағлари ҳисобидан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг болалари учун хусусий боғча ва мактаблар очишни сўраган. Бу таълим даргоҳларида ўқитиш Россия қонунчилигига кўра олиб борилиши назарда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси президентининг маслаҳатчиси ва президент администрацияси департаменти раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев маълум қилган, деб ёзади ТАСС.
«Россия қонунчилигига мос келувчи таълим дастурлари бўйича [ўзбекистонлик] ватандошлар маблағлари ҳисобига мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактабларни очиш масаласини кўриб чиқишни сўраймиз», — деган Қуронбоев РФ Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда.
Қуронбоевнинг сўзларига кўра, бу илтимос Ўзбекистондан келган ва Россияда меҳнат қилаётган ишчилар ўз фарзандларини болалар боғчаси ва мактабларга расмийлаштиришда маълум бир қийинчиликларга дучор бўлаётгани билан боғлиқ.
Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Давлат думасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистондан Россияга кириб келаётган ёш фуқаролар учун миграция жараёнларини соддалаштириш масаласини қонунчилик даражасида кўриб чиқишни ҳам сўраган.
Бундан ташқари, Қуронбоев ҳар икки давлат ёшлар парламенти ва парламентларининг соҳавий комиссиялари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришни, талабалар алмашинув дастурини, жумладан, қурилиш отярдларини ташкил этишни таклиф қилган.
Қуронбоев, шунингдек, Ўзбекистонда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда Россия тажрибасини қўллашга қизиқиш катта эканини таъкидлаган.
«Ўрта касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш учун Россия тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — деган Қуронбоев.
Россия Давлат думаси депутати Михаил Делягин бу билан Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари учун Россияда мактаб ва боғчалар очишга ёрдам бериш тўғрисидаги илтимосига қарши чиққан.
«Говорит Москва» радиостанциясида қилган чиқишида депутат Михаил Делягин бу ташаббус ноқонуний эканини таъкидлаган.
«Эҳтимол, Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси инсонларнинг миллатига қараб бўлиш мумкин эмаслиги битиб қўйилган Россия конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган чиқар. Мигрантларнинг фарзандлари учун мактаблар очиш бу — Россия Федерацияси фуқароларини дискриминация қилиш. Бу тожик диаспоралари вакиллари тожикистонлик мигрантларга хизмат кўрсатадиган тиббий марказлар очиш тўғрисидаги ташаббусига ўхшаш нарса. Бу Россияни вайрон қилиш ва йўқ қилишга, аввалига бегона, кейинроқ душманона анклавлар яратишга қаратилган англашилган сиёсат. Менинг фикримча, албатта, Ўзбекистон болалар боғчаси ва мактаблар қуриши мумкин, фақат ўз ҳудудида. Шунингдек, улар Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини қайтариб олиши керак. Чунки айтайлик, Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисмидан зиёди Россияда яшамоқда. Бу вазият Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам нормал ҳол саналмайди», — деган Делягин.
Россиялик депутат Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати аслида Россияга кириб келган мигрантларини қайтариб олиб кетишлари лозимлигини таъкидлаган.
Россиялик депутатга жавобан «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Олий Мажлис қуйи палатаси вице-спикери Алишер Қодиров «Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак», деб ёзган ўз Telegram-каналида.
«Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланади-ю, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?» — дея савол қўйган Алишер Қодиров Делягиннинг важларини келтирар экан.
Қайд этиб ўтиш керак, соҳа идораларининг маълумотларига кўра, айни пайтда хорижда доимий асосда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 2 млн нафардан ортади, уларнинг 60 фоиздан зиёди Россия Федерациясида меҳнат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2022 йилда хориждаги меҳнат имигрантлари ватанга 20 млрд долларга яқин маблағ жўнатган ва пул ўтказмаларининг 80 фоиздан зиёди Россиядан Ўзбекистонга ўтказилган.
Мавзуга оид
18:39 / 19.12.2024
«Мигрантларга талабларни кучайтириш керак» – Путин Россияга миграция оқимини камайтириш ва тартибга солиш ҳақида
17:41 / 12.12.2024
Ҳашамат қурбонлари ёхуд Ватанда қолган яқинларининг ҳою-ҳаваслари учун қийналаётган мусофирлар
22:50 / 08.12.2024
Россияда мигрантлар мактаб ва боғчалар яқинида яшаши тақиқланиши мумкин
00:13 / 03.12.2024