Жаҳон | 15:10 / 16.12.2021
10263
2 дақиқада ўқилади

Россиядан МДҲ мамлакатларига пул ўтказмалари бўйича Ўзбекистон етакчи бўлди

Жорий йилнинг учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 1,01 млрд доллар (иккинчи чоракдагига нисбатан 34,9 фоизга кўп) юборилган.

Фото: Коммерсантъ

Учинчи чоракда жисмоний шахслар томонидан Россиядан МДҲ мамлакатларига пул ўтказмалари бўйича олти йиллик рекорд қайд этилди, деб хабар берди «Коммерсантъ».

Россия марказий банкининг маълумот беришича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон бу борада етакчи бўлди.

Маълумотларга кўра, июл—сентябрда Россиядан МДҲ мамлакатларига тўлов тизимлари орқали трансчегаравий ўтказмалар 2,29 млрд долларга етган.

Охирги марта пул ўтказмалари бўйича йирик миқдор – 2,31 млрд долларлик кўрсаткич 2015 йилнинг иккинчи чорагида қайд этилганди.

Жорий йилнинг учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 1,01 млрд доллар (иккинчи чоракдагига нисбатан 34,9 фоизга кўп), Тожикистонга 0,53 млрд доллар (иккинчи чоракдагига нисбатан 25,5 фоизга кўп) ва Қирғизистонга 0,43 млрд доллар (иккинчи чоракдагига нисбатан 21,7 фоизга кўп) юборилган.

Қайд этилишича, пул ўтказмалари миқдорининг ўсишига меҳнат мигрантлари оқими, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистондан ишчи кучини уюшган тарзда олиб келиш сабаб бўлди.

ИИВнинг маълумотига кўра, 2021 йил январ-сентябр ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга кўп - 1,6 млн патент расмийлаштирилган. Тожикистонликлар 542 минг, Ўзбекистон фуқароларига 976 минг патент берилган.

Мавзуга оид