Тошкентда иссиқлик таъминоти нархлари 2 йилда 4 марта оширилади. Лекин бу ҳам етарли эмаслиги айтилмоқда
“Келгуси йилда Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тарифлари икки марта оширилади, лекин бу ҳам етарли эмас”, деди иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров. Жорий йилда ҳам пойтахт иссиқлик таъминоти учун нархлар 2 марта 15 фоиздан қимматлаштирилганди. 2025 йилда тармоққа бюджетдан 4,2 трлн сўм субсидия ажратилиши ҳам кўзда тутилган.
Кейинги йилларда иссиқлик таъминоти бўйича нархлар яна оширилиши мумкин. Бу ҳақда Сенат ялпи мажлисида чиқиш қилган бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров айтиб ўтди.
“Иссиқлик таъминоти бўйича масала мураккаброқ. Бизда тарифлар орасидаги фарқ жуда катта. Бу Тошкент шаҳрида битта нарх, Бухоро ёки Фарғонада бошқа бир нарх. Ундан кейин бу соҳада айрим технология муаммолари бор. Масалан, ўлчагичлар қўйиш масаласи. Чунки иссиқликни ўлчаш масаласи ҳам катта бир муаммо. Қозонхоналар ва етказиб бериш тармоқларининг тизимлари ҳам жуда эскириб кетган. СССРдан қолган технологиялардан фойдаланилади. Булар газни ҳам кўп истеъмол қилади, газдан фойдаланиш коэффициенти самарадорлиги ҳам паст.
Мана яқинда Тошкент шаҳри кенгаши келгуси йилда 2 марта тарифларни ошириш бўйича қарор қабул қилди. Лекин бирданига айтамиз, тарифларни қоплаб бериш учун бу ҳам етарли эмас. Умуман, тўғрисини айтганда, Тошкент шаҳар бюджети қанчалик катта бўлмасин, биз шаҳарга иссиқлик билан боғлиқ субсидияларни республика бюджетидан ажратиб беришимизга тўғри келяпти.
Энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг якуни нима билан тугайди десангиз, бу электр энергия ва газнинг чакана ва улгуржи бозорини шакллантириш билан ўз якунига етади. Шунда бюджетдан бу соҳага субсидиялар бериш бўйича ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди”, деди Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик тизими хизматлари учун нархлар 15 фоизга, октябр ойида эса яна 15 фоизга ошилганди. Айни пайтда аҳоли 1 Гкал учун 121 617 сўм, бошқа улгуржи ташкилотлар эса 244 497 сўмдан тўлаяпти.
Маълумот учун, 2025-2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасида аҳолига пасайтирилган нархларда иссиқлик етказиб беришдаги зарарни қоплаш учун бюджетдан 4,2 трлн сўм субсидия ажратилиши белгиланган.