Ўзбекистон | 00:16 / 06.07.2020
60475
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир кунда 100 кишида вирус аниқланди, Самарқандда яна аҳоли орасида янги ҳолатлар чиқа бошлади

5 июль куни Ўзбекистонда 312та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 10020 ҳолат), 159 нафар бемор соғайди, 3 киши вафот этди. Шу вақтгача 6584 беморга жавоб берилган, 34 киши вафот этган, шифохоналарда 3402 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 4 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Сирдарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 312 ҳолатдан 190таси карантин муассасаларида, 121таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 1 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+121)
Бугун 3 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 84 ҳолат. Пойтахтда 4 июнь кунидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида яна 21 кишида вирус аниқланган. Вилоятда сўнгги ҳафталарда узлуксиз равишда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмоқда, бу занжир фақат 1 июль куни узилган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида аҳоли орасида 16 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Карантин (+190)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 155 ҳолат аниқланди. Бу сўнгги ҳафталарда энг қуйи кўрсаткичдир.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 16 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Пойтахтда кун давомида жами 100та ҳолат аниқланди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 16 кишида вирус чиқди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида карантиндагилар орасида 3 киши вирусдан зарарлангани маълум бўлган.

Ҳайдовчилар (+1)
Сирдарё вилоятида 1 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (+159)
Бугун Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 21 нафар, Тошкент тиббиёт академияси клиникасида 66 нафар, 1-сон шаҳар клиник шифохонасида 26 нафар ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 46 нафар, жами 159 нафар бемор тузалиб, Ўзбекистонда шу вақтгача касалликдан тузалиб чиққанлар сони 6584 нафарни ташкил этмоқда (65 фоиз).

Ўлим (+3)
Бугун Ўзбекистонда пандемия даврида илк марта бир кунда 3 ўлим ҳолати қайд этилди.

Тошкентда 30 июнь куни коронавирус аниқланган 71 ёшли аёл оламдан ўтди, у 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган.

30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган 45 ёшли бемор 5 июль куни ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди.

Шунингдек, 3 июль куни коронавирусга чалингани аниқланиб, 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган, Юнусобод туманида яшаган 49 ёшли аёл Ўзбекистонда коронавируснинг 34-қурбонига айланди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3402 нафар бемордан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 42 895 нафар, стационар карантинда эса 25 021 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.
 

Мавзуга оид