Жамият | 19:45 / 20.05.2021
15849
9 дақиқада ўқилади

Паркентлик дастурчилар оиласи: болалар Android'ни ўрганмоқда, ота ва она офлайн платформа яратмоқчи

Икки йил аввал ўзбек дастурчиларини тайёрлайдиган «Бир миллион ўзбек дастурчиси» (One million uzbek coders) лойиҳаси ишга тушганди. Лойиҳа курсларини ўқиб, якуний имтиҳонни муваффақиятли топширганлар 100 дан ортиқ Nanodegree дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Паркентлик Холовлар оиласи лойиҳада қатнашиб, барча оила аъзолари билан дастурлашни ўрганди. Оила аъзолари муваффақиятлари ҳақида Kun.uz'га гапириб берди.

Дастурлашни ўргатадиган БАА дастури ўзбекистонликлар учун текин

«Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси эълон қилингач, турмуш ўртоғим билан лойиҳада қатнашиш фикри туғилди. Платформанинг мукаммаллиги, хоҳлаган пайтда ишдан бўш пайтингизда у билан шуғулланиш мумкинлиги менга ёқди ва 2020 йил феврал ойида рўйхатдан ўтдим. Бу лойиҳа аслида пулли, ўзбекистонликлар эса текин ўрганишлари мумкин», дейди оила бекаси, ментал арифметика бўйича халқаро даражадаги мураббий Гулноза Холова.

OMUC'да иштирок этиш шартлари ҳақида оиланинг иккинчи фарзанди Баҳром гапириб берди. Унинг айтишича, ўзи ҳам дастурлашга ёшлигидан қизиққан. Шу сабаб uzbekcoders.uz сайтида берилган бепул курсларнинг Aндроид ишлаб чиқиш йўналиши бўйича 3 ой ўқиб, 2 та сертификатга эга бўлган.

«Биринчи бўлиб хоҳлаган браузерингизга кириб, uzbekcoders.uz деб ёзасиз. Сайтга кирасиз ва рўйхатдан ўтиш тугмачасини босасиз. Рўйхатдан ўтиш учун Google аккаунтингиз бўлиши керак. Исм-фамилиянгизни ёзиб, аккаунт, парол ва телефон рақамингизни киритасиз. Бу орқали алоҳида профил яратасиз. Профилингизда биринчи Udacity платформаси билан боғланасиз. Ундан кейин 4 та йўналиш: Android, FrontAnd, FullStack ва Data analysis – маълумотлар таҳлили чиқади. Бу йўналишлардан исталган бирини танлаб, тегишли видеодарсларни кўрасиз. Дарсларнинг 1-қисми якунланганидан кейин турли тест ва топшириқлар бериб, билимингиз текширилади ва ундан ўтсангиз, иштирокчи сертификати берилади. Дарсларнинг иккинчи ярмини якунлаб, яна бир имтиҳондан ўтганингиздан кейин битирувчи сертификатига эга бўласиз», деб тушунтиради у.

Бу икки сертификатнинг аҳамияти ҳақида Гулноза Холова гапириб берди: «Иштирокчи ва битирувчи сертификатини олишдан мақсад OMUC лойиҳаси асосида Nanodegree имтиҳонларига грант ютиб олиш. Битирувчи сертификатини олганингиздан кейин электрон почтангизга якуний имтиҳонларда қатнашиш имконига эга эканингиз ҳақида хат келади. Якуний имтиҳонлар 1 йилда 4 маротаба бўлади ва ҳар сафар 50 нафардан ғолиб саралаб олинади.

Унинг айтишича, Nanodegree курслари OMUC'нинг давоми. Бу орқали танлаган йўналишингизнинг қолган босқичларини ўқишингиз мумкин. Nanodegree дипломлари Google, AТ&Т, Autodesk, Sleforce ва бошқа кўплаб IT гигантлари томонидан тан олинади. Гулноза Ҳoлова ҳам 2021 йил июн ойида бўладиган якуний имтиҳонларда қатнашиб, Nanodegree дипломларини олишни ният қилган.

Гулноза Холова

«Силикон водийсини кўриб келсам дейман…»

«Ўзбекистондан кетиш фикри бўлмаган. Лекин Ўзбекистондан ташқарида IT соҳасини ўз кўзим билан кўриб, Aмерикадаги Силикон водийсига бориб, ўшани жонли кўриб келиш ниятим бор. Худо хоҳласа, июн ойида бўладиган имтиҳонлардан ўтиб, Nanodegree грантини ютиб олсам, бу соҳани яна ҳам яхши ўрганиб, ўзлаштириб, тажриба орттириш учун четга чиқиб, ўша Силикон водийсини кўриб келиш насиб қилар», дейди у.

Оиланинг қолган фарзандлари ҳам дастурлашга қизиқиш билдириб, uzbekcoders.uz сайтида берилган дастурлаш дарсларини ўрганишни бошлаган.

«Мен оилада тўнғич фарзандман. Бир миллион ўзбек дастурчилари лойиҳасида маълумотлар таҳлили йўналиши бўйича ўқиб, ҳозир ҳам давом эттиряпман. Шу йўналишда Тошкент давлат техника университетининг ахборот технологиялар йўналишида ўқияпман. Келажакда ҳам шу соҳада кетиб, ўз касбимнинг етук мутахассиси бўлмоқчиман», дейди Ҳилола.

Оиланинг учинчи фарзанди Барно эса OMUC'нинг маълумотлар таҳлили йўналишини 3 ой муддатда ўқиганини айтди. У келажакда ҳам шу соҳани давом эттирмоқчи. Оиланинг кенжа фарзанди Зумрад ҳали ёши етмагани сабаб лойиҳада иштирок этмаяпти. Aммо дастурлаш дарсларини кўриб боряпти. У Aндроид ишлаб чиқарувчиси йўналишига қизиқиши борлигини айтади.

«Техника билан тезкор ҳаётда ҳиссиётлар ҳам тез ўтиб кетади»

Оила бошлиғи Жасур Холов инновацион педагогик технология институти мониторинг бўлимида ишлаяпти. Бунгача Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ахборот технологиялари йўналишида ўқиб, халқ хўжалигининг бир неча корхоналарида, касб-ҳунар таълим соҳасида фаолият олиб борган. Жасур Холов OMUC'нинг маълумотлар таҳлили йўналишида ўқиган. У ўзининг муваффақиятларида ота-онаси ҳиссаси катталигини айтади.

«Ҳеч эсимдан чиқмайди, ҳар сафар болаларимизга ўйинчоқлар олаётганда хаёлимиздан ўтади. Ҳозирда интерактив дейиляпти, у ерда номини ҳам билмасдик. Отамиз футбол, ҳоккей ўйинларини укам билан икковимизга олиб келиб бергани, вақт ажратиб, ҳар битта бўлимларини тушунтириб, бирга ўйнаганлари бизнинг ҳаётимизда муваффақиятларга сабаб бўлган. Пул миқёсида олсак, у ўйинлар ҳозирги нетбук ёкт iPhone 12 каби эди ва у ҳамма жойда ҳам бўлмасди», дейди оила бошлиғи.

Жасур Холов

Жасур Холов дастурчими ёки инженерми бадиий адабиётдан узоқлашмаслиги кераклиги ва ўзи ҳам фарзандларини ҳам доим китобга йўналтиришини айтди.

«Дастурчи ёки инженерлар бадиий адабиётни четга суриб қўйишади. Бу катта хато. Ҳар бир соҳа вакили ҳам бирор ҳаётий муаммони ҳал қилади. У муаммони ҳал қилганда, ўшанинг ичига кириши керак. Бадиий адабиёт ўша образларга киришга, муаммоларни тушунишга ёрдам беради. Техника билан тезкор ҳаётда ҳиссиётлар ҳам тез ўтиб кетади. Реал ҳаётда ҳам бу одамни меҳрсизроқ қилишга сабаб бўлади деб ўйлайман», дейди Жасур ака.

«Ҳозир ҳам ўрганаман деган ўқувчига дастурлашни бепул ўргатишга тайёрман»

Гулноза Холова Паркент туманида ўзи ишлайдиган мактабда ўқувчиларга дастурчиликни бепул ўргатяпти.

«Бугунгача пулли курс хаёлимга келмаган. Ҳозир қўшни туманлардан ҳам дастурчиликни ўргатиш бўйича таклиф тушяпти. Бир ишни астойдил виждонан бажарсангиз, Aллоҳ томонидан ҳам қайсидир эшикдан, сиз кутмаган жойдан енгиллик бўлади. Қизимиз ҳозир 1-курсда ўқийди. Яқинда Тошкент давлат техника университетига ўқишга кирди. Аввал контракт асосида ўқишга қабул қилинганини билдик. Aлбатта, бизга ўхшаган оила учун контракт оғирлик қилади. Aллоҳнинг мўъжизасини қарангки, ўқишга кирганига бир ҳафта бўлмасдан ўқишга кирганини қайтадан текшириб кўриш кераклиги ҳақида эълон қилинди. Кириб кўрдик, қизимиз Умарбоева Ҳилола ўқишга грант асосида қабул қилингани ҳақида иккинчи марта хабар келди. Мана, ҳамма нарсанинг моддий томонини ўйлаш ҳам бўлмайди», дейди она.

Гулноза Холова OMUC лойиҳасида қатнашиб, сертификат олаётганларга нисбатан одамлар негатив кайфиятда эканини айтади: «Бизга бу сертификатларинг нима қилиб беради? Масалан, буни мен ёки фарзандим ўқиса, сертификат олса, бу билан нима бўлади, қаерларга ўтади, қаерларга ўқишга кириш мумкин, деб саволлар беришади. Aлбатта, фарзандим IТ соҳасида кетмайди, бизнесмен ёки тадбиркор бўлади деб ҳам ўйлаши мумкин. Лекин дастурчилик болаларни ўйлашга, фикрлашга ундайдиган йўналиш.

Ҳозир ҳам буни ўрганаман деган ўқувчига тайёрман. Ўзим информатикадан дарс бераман қариндош-уруғ, қўни-қўшнида компьютер саводхонлиги бўлса, ўшанга йўналтирайлик деб қўлимдан келганича хўжайиним билан ҳаракат қиляпмиз. Тўгарагимнинг ҳам асосий мақсади шу болаларнинг келажакда бирор бир касб эгаси бўлиб, оиласини боқиши учун сабабчи бўлиб қолиш. Инсонни инсон қиладиган фазилатлар ҳам одамларга яхшилик қилиш, яхшилик улашиш деб ўйлайман», дейди Гулноза опа.

«Офлайн режимга мосланган дастурлашни ўргатиш режасини ишлаб чиқяпмиз»

Гулноза Холова ҳозир OMUC лойиҳасида иштирок этаётганлар кўпайгани сабаб Udacity платформасига кириш қийинлашганини айтди. Бунга сабаб Ўзбекистонда интернет тезлигининг пастлиги. Шу муаммони қисман ечиш мақсадида у турмуш ўртоғи билан офлайн режимга мосланган дастурлашни ўргатиш режасини ишлаб чиқишаётганини айтди.

«Ҳозир она сифатида менинг биринчи вазифам фарзандларимни назорат қилиш. Биринчи тартиб-интизом бўлиши керак. Масалан, фарзандингизга бирор юмуш айтдингизми, албатта, уни бажарган ёки йўқлигини назорат қилиш керак. Мен бунда кўпроқ ота-онам тажрибасига суянаман. Бизнинг пайтимизда телефон, компьютер бўлмаган. Лекин ота-онам бизни бирор юмуш билан банд қилишни уддасидан чиққан. Масалан, мен чеварчилик қиламан. Онамдан ўрганганман», дейди у.

Зуҳра Aбдуҳалимова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид