“Муаммо – эринчоқлигимизда”: одамдаги стресс даражасини аниқлаш устида ишлаётган ўзбекнинг дастурчи қизи
Азиза Абдураҳимова 5 йиллик тажрибага эга дастурчи. Google’нинг “Women TechMakers” дастури расмий элчиси, “Microsoft Developers Community in Uzbekistan”нинг асосчиларидан бири. У Kun.uz билан суҳбатда дастурчилик нима учун аёлларга тўла мос келишини, соҳада аёллар улушини ошириш йўллари ва ўзининг лойиҳалари ҳақида гапириб берди.
“Муаммомиз – эринчоқлигимиз ва стереотипларга ўралашиб қолганлигимизда”
Азиза ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда аёллар учун IT ва технологиялар соҳасида муваффақиятли карера қила олиши учун керакли бўлган жиҳатлар ҳақида гапирди. Булар:
- Коммуникация қила олиш.
- Муаммоларга креатив ёндашув.
- Тез ўргана олиш.
- Жинс билан боғлиқ стереотип (соҳа фақат эркаклар учун эмаслигига ишониш).
“Қизларга [соҳага кираётган ва кирганларга] бир маслаҳат берган бўлардим – эркак, аёл деган тушунчани умуман хаёлдан чиқариб ташлаш керак. Ишга кирдингизми, ҳамкасбингиз эркак киши бўлса, ундан тортинмаслик керак. У ерда ҳамма бир хил – дастурчи. Бемалол нималардир сўраш мумкин. Бундай пайтда тортиниш бизнинг қонимизда бор ва буни кўпчилик енга олмайди. Мияда жинсидан қатъи назар ҳамма дастурчи деган фикр шаклланиши керак. Шунда мулоқотга киришиш осонроқ бўлади.
IT соҳасида дунё миқёсида ҳам аёлларнинг ўрни кам. Лекин Ҳиндистон ва Покистонда аёлларнинг IT соҳасидаги иштироки эркаклар билан деярли бир хил. Улар бу касбни уйда ўтириб ишласа бўладиган, аёллар учун жуда қулай касб сифатида юзага чиқарди, жамиятга шуни етказа олишди.
Бизда ҳам буни қилса бўлади. Қизлар учун тўғри келадиган касблар деб шифокорлик, ўқитувчилик, пазандалик, косметолог каби касблар орасига IT соҳасини ҳам киритиш керак. Халқимиз жуда ақлли. Лекин муаммомиз – эринчоқлигимиз ва стереотипларга ўралашиб қолганлигимизда. Эринчоқликни енгиш мумкин. Аммо стереотипларга келадиган бўлсак, хоҳлардимки, ҳар бир оилада IT қиз бола учун яхши касб эканлигини ота-она фарзандига етказиб берса, қизларга бу танлов берилса кўпчилик шуни танлаган бўларди”, – дейди Азиза.
“Интернет бутун катта дунёни кичкина қишлоққа айлантирди”
Азизанинг лойиҳаларидан бири – “Ақлли ниқоб” (Смарт musk) бўлиб, у қишнинг совуқ кунларида, ниқоб ва смартфонга уланган илова орқали инсон танасида шамоллашга бўлган мойиллик фоизини эҳтимолий даражада ўлчаб бера олади. Бундан ташқари, у айни пайтда яна бир фойдали лойиҳа – “Ақлий саломатлик ҳисоблагичи”га (Ментал health meter) устида ҳам иш олиб боряпти.
“Бугун интернет бутун катта дунёни кичкина қишлоққа айлантирди – ҳамма бир-бири билан боғланган, интернетга кирасиз, ҳамма онлайн, қаерда юрганини кўриб турасиз. Худди қишлоқда ҳамма бир-биридан хабардор бўлиб, гап-сўз бўлганидай. Бу нарса одамнинг руҳий саломатлигига таъсир қилади. Яъни одамлар нима дейди деган нарсалар, таҳқирлаш, камситиш. Менинг лойиҳам ривожланаётган сунъий идрок орқали одамларнинг ҳолатини аниқлашга қаратилган. “Ақлий саломатлик ҳисоблагич”и ёрдамида инсонга нисбатан камситиш, ҳақорат қилинса, улардаги ўзгаришларни аниқлаш, ёки депрессияни дастлабки босқичларида аниқлаш алгоритми устида ишлаяпман.
Бу дастурни телефонга ёки компютерга улаш мумкин. У сизнинг қурилмангиздаги маълумотлар, ёзишмалар, иловалар орқали сиздаги муаммони аниқлайди. У сизнинг ҳаракатингизни назорат қилмайди, сизга тегишли маълумотлар базаси орқали руҳий ҳолатингизни билдиради”, – дейди дастурчи.
Интервьюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.
Гавҳар Зиёдуллаева суҳбатлашди
Оператор ва монтаж усталари: Мирвоҳид Мирраҳимов, Низомжон Тошпўлатов,
Мавзуга оид
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
10:07 / 28.06.2024
“Янги нарсани ўрганишга ўч бўлиш керак” – олдин Uber, ҳозир TikTok компаниясида ишлаётган ўзбек дастурчиси
15:31 / 18.05.2024
Нол бюджет билан ясалган ўзбекча ўйин — ёш дастурчилар “Шумтака”ни қандай ишлаб чиқди?
10:37 / 30.03.2024