«Марказий Осиё давлатлари ўзаро савдо алоқаларида барча тўсиқларни олиб ташлаши керак» — Сардор Умрзоқов
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилаётган «Марказий Осиёнинг инвестиция салоҳияти» мавзусидаги панел мунозарада Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Марказий Осиё мамлакатларининг инвестицион жиҳатдан ўзаро боғлиқлиги ҳақида фикр билдирди.
«Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси инвестиция киритиш учун жозибадор ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, минтақамиз интеграциялашган инвестицион макон.
Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирига рақиб эмас, балки бир-бирини тўлдириб турувчи иқтисодиётлардир. Аммо ҳозирда ўзаро ташқи савдо айланмасининг кўлами ҳеч биримизни қаноатлантирмайди. Ўзаро савдо алоқаларимиздаги барча тўсиқларни олиб ташлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугунги кунда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада минтақа давлатлари узоқдан бозорлар қидиришдан кўра, ўзаро савдо орқали бу муаммоларни ҳал қилса, мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлайман.
Ўтган давр мобайнида Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда қўшма инвестицион компаниялар ва фондлар ташкил этдик. Яъни хориждан инвестиция киритилиши учун бизда маълум схемалар бор.
Бундай учрашувлар позицияларимизни аниқлаштириб олишимиз ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш учун жуда ҳам муҳим деб ўйлайман.
Марказий Осиё бозорларида ўзаро ўхшаш муҳит яратилсагина, хорижий инвесторлар учун жозибали бўлиши мумкин. Хусусан, хорижликлар учун ўхшаш туристик визалар жорий қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Беш йил олдин Ўзбекистон энг ёпиқ мамлакатлардан бири сифатида кўриларди, бугунги кунда эса 90та давлат вакиллари мамлакатимизга визасиз кириши мумкин, 60та давлат учун соддалаштирилган виза тартиби жорий қилинган.
Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирларидаги камчиликларни тўлдириб, манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлларини топиши керак.
Давлатимиз раҳбари йиғилишларида ҳамиша таъкидлаб ўтади, Марказий Осиё давлатлари биргаликда ва ҳамкорликда ривожланиши керак. Бу борада инфраструктура ва транспорт йўлакларини барпо этиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли қурилишининг амалий босқичига ўтишни муҳокама қиляпмиз. Туркманистон ва Қозоғистон билан ҳам манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйяпмиз».
Мавзуга оид
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024
Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллиондан ошди
17:11 / 26.11.2024