Ўзбекистон | 18:24 / 04.07.2023
34532
5 дақиқада ўқилади

Квоталар тасдиқланди, имтиҳонга оз қолди – абитуриентлар нималарни билиши керак?

ОТМга қабул квоталари тўлалигича тасдиқланди. Энди абитуриентлар грант, тўлов-контракт ва мақсадли қабул параметрлари ҳақида тўла маълумотга эга. Қабул тугашига эса яна ярим ой қолди.

Фото: Kun.uz

Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул бошланганига деярли ярим ой бўлган бўлса-да, 4 июл эрталаб ҳолатига атиги 154,6 минг абитуриент ўқишга кириш учун онлайн ариза топширган. Ваҳоланки, бу йил 1,2 млн абитуриент ҳужжат топшириши прогноз қилинган. Абитуриентларнинг фаол эмаслигини квоталарнинг эълон қилиниши кеч қолгани билан изоҳлаш мумкин. Лекин кечикиб бўлса-да, ОТМнинг бакалавриат, магистратурасига квоталар тасдиқланди. Қўшимча ва мақсадли қабул параметрлари ҳам эълон қилинди. Энди абитуриентлар кўнгил хотиржам, бемалол танлаган йўналишларига ҳужжат топширса бўлади.

Абитуриентлар учун асқатадиган муҳим жиҳатларни санаб ўтамиз.

Мактаб баҳолари ҳисобга олинмайди

Энг асосий янгиликлардан бири ОТМга кириш имтиҳонларида битирувчиларнинг сўнгги 6 йилликдаги баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ҳисобга олинмаслигидир. Шу йилдан баҳолар имтиҳонда тўпланган баллга қўшилиши керак эди, бироқ бу тартиб ҳали амалга киритилмасдан 2 йилга кечиктирилди.

Бу дегани жорий йилда мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олинмайди.

Мақсадли қабул параметрлари ҳақида

Абитуриент ўқишга топшираётган пайти мақсадли қабулни танлаши ёки танламаслиги мумкин. Агар танласа, у мақсадли қабул учун ўз ҳудудига ажратилган грант ўринлар танловида иштирок этади ва бюджет асосида кириш имкони кўпроқ бўлади. Бироқ агар мақсадли қабул бўйича ўқишга қабул қилинмаса ҳам, барча абитуриентлар қатори умумий танловда қатнашади.

Мақсадли қабулда ўқиган талабаларда ўқишни тугатгач ўз ҳудудида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти бўлади.

Тиббиёт соҳаси, олис ва чекка ҳудудлардаги мактаблар ва яна бошқа соҳалар бўйича мақсадли қабул квоталари эълон қилинган.

Хотин-қизлар учун ажратилган квоталар тақсимоти ҳам эълон қилинди

Эҳтиёжманд оила хотин-қизлари учун 2 мингта грант ўринлари ва 5 йиллик стажлилар учун 500 та контракт квоталар тақсимоти эълон қилинди.

2 мингта грант ҳудудлар кесимида тақсимланган.

Унга кўра:

  • Қорақалпоғистон Республикаси – 111;
  • Андижон вилояти – 183;
  • Бухоро вилояти – 112;
  • Жиззах вилояти – 81;
  • Қашқадарё вилояти – 193;
  • Навоий вилояти – 60;
  • Наманган вилояти – 165;
  • Самарқанд вилояти – 227;
  • Сурхондарё вилояти – 155;
  • Сирдарё вилояти – 50;
  • Тошкент вилояти – 177;
  • Фарғона вилояти – 221;
  • Хоразм вилояти – 110;
  • Тошкент шаҳри – 155 та ўрин ажратилган.

Бундан ташқари, хусусий ОТМ талабаларига ажратиладиган мингта квота ҳам олий таълим муассасалари кесимида тақсимланди.

Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентлар учун 9,5 мингта квота ажратилди.

Эслатиб ўтамиз, қўшимча квоталарнинг барчаси умумий қабул параметрларидан ташқари ҳисобланади.

Ижодий имтиҳон олинадиган йўналишлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижодий имтиҳон олинадиган йўналишлар рўйхатини ҳам эълон қилди.

Ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар ҳам Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тест имтиҳонларида қатнашишади. Улар фақат мажбурий фанлар блокидаги она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидан жами 30 та тест саволини ишлашади.

Чет тилидан ижодий имтиҳон олинадиган йўналишлар ҳақида

Бу йил 8 та ОТМда чет тилидан ижодий имтиҳон олинади. Тест саволлари B1 даражада бўлади. 

Бу ОТМга ҳужжат топширадиганлар фақат шу 8 та ОТМ ичида танлов қилиб, 5 та йўналишни танлаш имконига эга. Улар бошқа тест олинадиган йўналишларга ҳужжат топшира олмайди.

Магистратурага қабул

Магистратура босқичи учун ҳам 1 июлдан қабул бошланди.

Қабул квотасига кўра, бу йил магистратурага 17,1 минг абитуриент қабул қилиниши режалаштирилган. Чет тили сертификати талаби ўз кучида.

Магистратурага бакалавриат битирувчилари мос ва турдош йўналишлар бўйича ҳужжат топшира олади.

Бундан ташқари, республикада белгиланган тартибда ташкил этилган хорижий давлатлар ОТМ ёки филиаллари ҳамда нодавлат ОТМ битирувчилари мос (мувофиқ) таълим йўналишлари бўйича танловда қатнашади.

Турдош таълим йўналишлари рўйхатига кирмаган йўналишлар битирувчилари фақат шу таълим йўналиши мутахассисликлари бўйича танловда қатнашади.

Мавзуга оид