«Шойгу, Герасимов, ***, ўқ-дорилар қани?» – Пригожин жасадлар фонида Россия ҳарбий қўмондонлигини ҳақорат қилди
Роликда у ўқ-дорилар етишмовчилиги 70 фоизга етганини айтган ва РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовга бир неча бор «лаънатилар» дея мурожаат этган.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Россия ҳарбий раҳбариятини ҳақорат қилиб видео эълон қилди. У 4 май куни ўлдирилган вагнерчилар жасадлари уюмини кўрсатиб, уларнинг фонида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда штаб бошлиғи Валерий Герасимовни ҳақорат қилган.
«Булар бугунги жангларда ўлган «Вагнер» жангчилари. Кўринг, ҳали қони ҳам қотмаган. Энди мени эшитинглар, ***лар, булар кимнингдир отаси, кимнингдир ўғли. Ўқ-дори бермаётган маразлар эса дўзахда уларнинг ичак-чавоғини ейди. Бизда 70 фоиз ўқ-дори етишмаяпти. Шойгу, Герасимов, ***лар, қани ўқ-дори? Мана буларга қаранглар, ***лар.
Сиз ҳайвонлар қиммат клубларда ўтирасиз, ўғилларингиз ҳаётдан роҳатланади, ютубда роликлар олади. Ўқ-дори сақланаётган омборингиз борлиги учун ўзингизни ҳаётнинг эгалари ва мана бу ётганларнинг ҳаётини тугатишга ҳақли деб ўйлайсиз.
Оддий ҳисоб-китоб бор – қурол-яроғ берсангиз, ўликлар сони беш баравар кам бўлади. Улар бу ерга кўнгилли сифатида келган ва қизил ёғочли кабинетингизда пишқириб ётганингиз учун ўлиб кетишди. Буни унутманг», деб якунлаган Пригожин ўз нутқини жазава билан.
«Вагнер» асосчисининг видеоси унинг ахборот хизматига тегишли каналда эълон қилинган ва ҳозирга қадар 2,8 миллион мартага яқин кўрилган.
Бир кун аввал Пригожин вагнерчилар Бахмутдаги жанглар вақтида кун давомида 230 метр силжигани ва 116 нафар аскарини йўқотганини айтганди.
«Кучли снаряд етишмовчилиги ҳис қиляпмиз. Мудофаа вазирлиги бизга снаряд бермаяпти, Украина чексиз одамлар ва снаряд билан қарши ҳужумни бошлади», деганди Пригожин.
Россиялик ҳарбий мухбирлар эса Украина Запорижжя ва Вуҳледар йўналишларида ҳужумни кучайтиргани ҳақида ёзмоқда.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024