Истанбул аэропортида қолиб кетган 40дан ортиқ ўзбекистонлик ватанига қайтади
2020 йил 2 август куни Kun.uz сайтида «Туркияда 40дан ортиқ ўзбекистонлик чартер рейсдан қолиб кетди – айбдор ким?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда жорий йилнинг 16 ва 30 июль кунлари Истанбул-Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича «Турк ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг чартер рейси ташкил этилгани, бироқ биринчи рейсдан 11 киши, иккинчисидан 31 киши, жами 42 киши чипта харид қилгани ҳолда қолиб кетгани, айримларининг чиптаси самолёт учиб кетганидан кейин авиакомпания вакили томонидан олиниб, бортга чиқиш қисми қайтариб берилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллиги ўзининг Telegram саҳифасида мақола юзасидан муносабати ва изоҳларини эълон қилди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Баъзи оммавий ахборот воситаларида «16 ва 30 июль кунлари «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер рейсда жами 42 ўзбекистонлик йўловчи парвоздан қолиб кетган»и ҳақидаги хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йилнинг 16 июлида қолиб кетган 12 фуқаро парвоз учун шакллантирилган рўйхатдан жой олмаган эди. «Turkish Airlines» авиакомпанияси ўз регламентига мувофиқ, парвозгача 1,5 соат вақт қолганда келмаган йўловчиларнинг ўрнига тегишли билетларни рўйхатда мавжуд бўлмаган бошқа йўловчиларга сотган. Ушбу ҳолатда билет сотиб олган фуқаро зарур ҳужжатларини тақдим этиб, тезкорлик билан чегарадан ўтиш ишларини амалга оширса, бирор муаммосиз самолёт бортига етиб олиши мумкин эди. Лекин афсуски, рўйхатда бўлмагани ҳолда билет сотиб олган фуқаролар чегарадан ўтиш жараёнида Туркия ҳудудида бўлиш қонун-қоидаларини бузганлиги аниқланган ва тегишли маъмурий чоралар кўрилган. Бунинг натижасида улар тегишли чартер парвозига ўз вақтида етиб ололмаган. Тартибга мувофиқ самолёт белгиланган вақтда Тошкентга учиб кетган.
Юқоридагига ўхшаш ҳолат 30 июлдаги парвоз вақтида ҳам кузатилган. Маълумот ўрнида қайд этиш зарурки, Туркия республикасининг виза режимини бузган чет элликлар ҳаво йўли чегарасидан ўтиш жараёнида Туркия миграция идорасининг бўлинмасига (viza ihlali ofisi) чақирилади ва у ерда тегишли суҳбатдан ўтади. Бу ерда ҳуқуқбузарларга тегишли жаримани ихтиёрий равишда тўлаш таклиф этилади. Жаримани тўлашни рад этган ҳуқуқбузарларга нисбатан муайян муддат давомида Туркия ҳудудига киришини тақиқлашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарлик қўлланилади. Ушбу маъмурий чора-тадбирларни кўриш учун бир қанча вақт талаб этилади.
Ҳозирги вақтда Истанбул халқаро аэропорти одатдаги тартибда фаолият кўрсатмоқда ва миграция идорасининг бўлинмасида узун навбатлар юзага келмоқда. Пандемия даврида фуқароларимизнинг визалари билан боғлиқ масалаларини ҳал этишга амалий кўмак кўрсатиш юзасидан мамлакатимизнинг Туркиядаги Элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Туркия томонига тегишли мазмундаги мурожаатлар юборилган эди. Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазирлиги тегишли мутасадди ташкилотлар билан Ўзбекистон ваколатхоналарининг мурожаатини ижобий кўриб чиққан ва карантин чора-тадбирлари натижасида юзага келган вазият сабабли Туркияда бўлиш қоидаларини бузган фуқароларимизга нисбатан маъмурий жавобгарлик жорий этилмаслигини билдирган. Шу билан бирга, пандемия эълон қилинишидан аввалги муддатларда Туркиянинг виза тартибини бузганларга нисбатан амалдаги тарифларга асосан жарималарнинг қўлланилиши давом этмоқда.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, чартер парвозларига рўйхатга олинган фуқароларимизни чегарадан ўтиш жараёнини ўз вақтида амалга оширишлари учун Истанбул халқаро аэропортига эртароқ келишларини сўраб қоламиз. Чунки, ҳаво йўллари чегарасидан ўтишингиз жараёнида Туркияда бўлиш тартибига хилоф иш тутганингиз аниқланса, Туркия миграция ишлари мутасаддилари сизга нисбатан тегишли маъмурий чора-тадбирларни кўрадилар.
Шунингдек, рўйхатда бўлмагани ҳолда аэропортга келиб чартер парвозидан 1,5 соат аввал билет сотиб олаётган фуқароларимизга шуни маълум қиламизки, чартер парвозига билет сотиб олиш мамлакатга учиб кетишингизни кафолатлай олмайди. Чунки, агар сизнинг Туркияда бўлиш тартибига хилоф иш тутганингиз аниқланса, 1,5 соат ичида маъмурий чора-тадбирларни битириш ва самолёт бортига етиб олиш имконсиздир. Туркия миграция мутасаддилари билетингиз ва парвозингизнинг вақтидан қатъий назар маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ чора-тадбирларни охирига етказмасдан туриб сизнинг чегарадан ўтишингизга рухсат бермайди.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимизки, Бош консуллик вакиллари 16 июлдаги парвоздан қолиб кетган фуқароларимизга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдамни бериб, уларни мамлакатга қайтариш чораларини кўрмоқда. Ҳозирда 30 июлдаги парвоздан қолиб кетган фуқароларимиз билан ҳам алоқа ўрнатилган бўлиб, яқин кунлардаги чартер рейсларида уларнинг ҳам мамлакатимизга қайтарилиши таъминланади», - дейилади баёнотда.
Унда таъкидланишича, бугунги кунга қадар дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг оғирлашиши оқибатида доимий яшаш жойига қайта олмаган жами 4 343 ўзбекистонлик Туркиядан эвакуация қилинган. Шу жумладан, жорий йилнинг 16 июлида 329, 30 июль куни эса 278 йўловчи навбатдаги Истанбул-Тошкент чартер парвози билан Ўзбекистонга қайтарилган.
Мавзуга оид
11:33 / 10.12.2024
Асад режими қулагач, Туркия Сурия шимолида курдлар билан жанг олиб бормоқда
09:33 / 10.12.2024
Туркия Сурия билан чегарада қочқинлар учун ўтиш пунктларини очади
00:32 / 04.12.2022
Туркиянинг биринчи учувчисиз қирувчи самолёти синов парвозини муваффақиятли амалга оширди
00:54 / 03.12.2022