Cooperation Lab тармоқлараро кооперация форуми: ҳамкорликнинг янги сарҳадлари
Хусусий ишлаб чиқарувчилар, илм-фан вакиллари, кимё, қишлоқ хўжалиги, енгил ва бошқа саноатлар вакиллари, импортчилар ва саноат ривожидан манфаатдор шахсларни “Ўзавтосаноат” компанияси бир майдонга, Cooperation Lab тармоқлараро кооперация форумига жамлади. Форум UzAuto Market инновацион майдончасида ташкил этилди, шу ерда яқин фурсатда доимий асосда кооперация платформаси иш бошлайди.
Платформа товарларни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқаришни ошириш ва ўз маҳсулоти экспортини кенгайтиришдан манфаатдор тадбиркорларга фойдали бўлади. UzAuto Market да мунтазам бўлувчи тармоқдаги ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашда ёрдам берадилар.
Ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, Cooperation Labнинг техник мутахассислари, муҳандислари ва бошқа мутахассислари ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларга ноёб ишлаб чиқариш лабораториялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот сифатини яхшилаш, шунингдек инновацион маҳсулотлар ва хизматларни яратишда кўмак ва маслаҳат берадилар.
UzAuto Market ҳудудидаги кўргазма павильони доимий асосда ишлайди. Бу ерда Ўзавтосаноат ва бошқа компаниялар томонидан Ўзбекистон автобозорига импорт қилинаётган бутловчи деталлар, хом ашё ва материаллар тақдим этилади. Ушбу маҳсулот Ўзбекистон ҳудудида, жумладан ҳозирда мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажмлари ва эҳтимолий йўналишларини намойиш этиш мақсадида тақдим этилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда автомобиль бутловчи деталлари ва эҳтиёт қисмлари импорти ҳажми 3 млрд долларни ташкил қилади. Улардан 250 млн доллар иккиламчи эҳтиёт қисмлар бозорига тўғри келади, шундан 36,3 фоизи Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилади. Бозорнинг катта қисми (55%) Ўзбекистонда чиқарилмайдиган импорт эҳтиёт қисмларга тўғри келади. Мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб, ўтказилаётган форумнинг асосий мақсадлари импортни қисқартириш, автомобиль саноатида ҳам, бошқа тармоқларда ҳам маҳаллий базавий хом ашё ва базавий материаллардан фойдаланишни ўзлаштириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот маҳаллийлашуви даражасини ошириш, шунингдек тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш саналади.
Ўзининг табрик видеомурожаатида “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Бўронович Умурзоқов мамлакат ишлаб чиқариш корхоналари кооперацияланган фаолият юритишлари лозимлигини қайд этди:
“Бугунги форум – бутун мамлакат саноати учун катта воқеа, мамлакат келажагини эса, сизлар (хусусий корхоналар)сиз тасаввур қилиб бўлмайди. Нега биз ишлаб чиқарувчилар, банкчилар, илм-фан ва саноатнинг бошқа йўналишлари вакилларини бир майдончага жамладик? Сизларга автомобиль саноати имкониятлари номаълум ва бу бизнинг айбимиз. Шунингдек, биз сизлардаги салоҳиятдан бехабармиз. Натижада керакли суръатда биргаликда ривожлана олмаймиз. Агар бирлашсак, барча олдинга қўйилган мақсадларга етишамиз...
2019 йилда автосаноат корхоналари томонидан 3 млрд доллардан зиёд бутловчи қисмлар ва хом ашё импорт қилинди. Агар ўзимизда ҳеч бўлмаса 1,5-2 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришни бошласак, қанча иш ўринлари очилган, мактаблар, боғчалар ва оқша ташкилотларни янада ривожлантириш учун мамлакат бюджетига қанча тушум бўлган бўларди. Ўз навбатида, бу – янги иш ўринлари ва ривожланган инфратузилма демакдир...”
Шунингдек, Шавкат Умурзаков Ўзавтосаноатнинг Ўзбекистон саноатини ривожлантириш ва импортни қисқартириш борасида биргаликда ишлашга тайёрлигини қайд этди.
Форум иши давомида потенциал шериклар эҳтимолий ҳамкорлик турларини муҳокама қилиш, шунингдек намойиш этилган маҳаллийлаштириш лойиҳалари ва Ўзавтосаноат корхоналари билан кооперация имкониятларини кўриш имконига эга бўлдилар.
“JV MAN Auto-Uzbekistan” (ҳозирги “UZ TRUCK AND BUS MOTORS”) МЧЖ ҚК компанияси стендида янги Sinotruk Golden Prince юк автомобили моделининг 200 дан зиёд бутловчи деталлари тақдим этилди.
Фозил Тиллабоев, «UZ TRUCK AND BUS MOTORS»нинг маҳаллийлаштириш бўлими менежери:
“Маълумки, яқинда компаниямиз муассислари таркибига янги шерик – “Sinotruk International Investment Limited” компанияси кирди ва бугунги кунда заводимизда республикада энг ҳаммабоп ва кўп сотиладиган моделлардан бўлмиш “Golden Prince” шассиси базасида юк автомобиллари (юк кўтариш қобилияти 25 тоннагача)ни ишлаб чиқариш жараёни кечмоқда. Ишлаб чиқариш концепциясида шассини йиғиш, кавшарлаш, бўяш ва кабинани йиғиш, шунингдек бутловчи деталларни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш кўзда тутилган. Шу сабабли, бугунги форум доирасида биз Sinotruk юк автомобилимизнинг бутловчи қисмларини тақдим этдик. Мақсадимиз – бу инвесторларни компаниянинг маҳаллийлаштириш бўйича жорий лойиҳаларига жалб қилиш, самарали импорт ўрнини босишни ташкил қилиш, бу билан ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишдир”.
Тармоқнинг бошқа корхоналари ҳам ўз бутловчи деталларини тақдим этдилар. Чунончи, “СамАвто” компанияси стендида 200 дан зиёд импорт қилинувчи деталлар намойиш этилди. Форум ишининг биринчи кунидаёқ Самарқанд заводи вакиллари 10 дан ортиқ корхоналар билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилгани ҳақидаги хушхабар билан бўлашдилар.
Бугунги кунда “UzAuto Trailer” компанияси 25 дан зиёд маҳаллий етказиб берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатган. Компания вакилларига кўра, яқин келажакда етказиб берувчилар сонини икки баробарга ошириш режалаштирилган.
Жасурбек Шерметов, “UzAuto Trailer” компанияси муҳандис технологи:
“Бугун биз 80 номдан зиёд турфа деталлар (металл, пластмасса, сиғимли деталлар, шланглар)ни тақдим этдик. Биз деталларни максимал даражада лўндаликда гуруҳлаштириш ва бу ерда ўзлаштириш энг мақбул бўлган бутловчи қисмларни намойиш этишга ҳаракат қилдик.
Асосий вазифаларимиздан бири – бутловчи деталларни маҳаллийлаштириш бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва компания ишлаб чиқарадиган маҳсулот таннархини пасайтиришдир”.
Манфаатдор корхоналар ва ташкилотларнинг келгуси ҳамкорлиги ва кооперацияси UzAuto Market кооперация майдончаси фаолияти доирасида амалга оширилади. Кооперация майдончаси фаолиятига оид барча масалалар бўйича қуйидаги контактларга мурожаат қилинг:
E-mail: cooperation@uzavtosanoat.uz
Телефон: +998 98 362 68 00
Реклама ҳуқуқи асосида