Спорт | 22:04 / 03.05.2016
6321
2 дақиқада ўқилади

Луи ван Гаал «МЮ» мухлисларига очиқ хат ёзди

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал «қизил иблислар» жамоаси мухлисларига қарата очиқ хатини йўллади. У ўз мактубида кейинги мавсумда ҳам жамоани бошқаришда давом этиши ҳақида маълум қилган. Бунгача 64-ёшли ҳолландиялик ушбу мутахассис мавсум якунида жамоани тарк этиши, унинг ўрнига «МЮ» футболчиларини португалиялик Жозе Моуриньо шуғуллантира бошлаши ҳақида хабарлар берилганди.

«Шубҳа қилмайманки, «Манчестер Юнайтед»да дунёдаги энг зўр мухлислар бор, жамоанинг мухлисларга бўлган ҳурматини алоҳида таъкидлаш мумкин. Мен бор кучим билан жамоага фойда келтириш учун ишламоқдаман, лекин биринчи навбатда сиз мухлисларни хушнуд этишни истайман. «Манчестер Юнайтед»нинг барча футболчилари жамоани аввалги мақомига қайтариш учун бор кучи билан меҳнат қилмоқда. Бу йўлда сизларнинг ҳам ёрдамингиз муҳим ўрин тутади.

Мен биламанки, жамоани қайтадан тузиш жараёни ўртача 3 йил талаб этади. Лекин мен буни 2 йилда уддалашга уриндим. Раҳбарият менга 3 йиллик шартнома тузишни таклиф қилганди, ҳолбуки мен шартномани 2 йилга тузмоқчи бўлгандим. Шундай қилиб 3 йиллик шартнома тузилган. Шундай экан, кейинги мавсумда ҳам биз бирга бўламиз», – дея ван Гаалнинг мактубидан иқтибос келтиради Goal портали.

Эслатиб ўтамиз, ван Гаал 2014 йилда жамоа бошқарувига келганди.

Айни вақтда «Манчестер Юнайтед» 60 очко тўплаган ҳолда АПЛ турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.

Мавзуга оид