Яманда авиазарбалар оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди
Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция самолётлари Яманда хатолик билан ракеталарни бошқа нуқтага йўллаши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан камида 26 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга асосланган ҳолда Reuters хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Яман шимолидаги ҳудудда сув чиқариш учун қазиш ишларини олиб бораётган ишчилар устига ракета йўлланган ва 15 киши ҳалок бўлган.
Бу ҳодисадан кейин одамлар жароҳатланганларга ёрдам учун шошилганида ҳужум такрорланган ва яна 11 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, бу ҳужум натижасида 20дан ортиқ киши жароҳатланган.
Коалиция томони ҳозирча бу маълумотларга муносабат билдирмади.
Маҳаллий манбаларда шу вақтда шайх Мақбул ал-Ҳармалининг уйига ҳам ҳаво зарбаси берилгани ва натижада 6 киши ҳалок бўлгани ҳақида айтилган.
Бундан аввалроқ Яман армияси Саудия Арабистонига баллистик ракета билан зарба бергани ҳақида хабар қилинганди.