Жамият | 11:19 / 06.01.2017
7973
2 дақиқада ўқилади

6400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахс 6 йилга қамалди

Бирор-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, ўзига фирибгарлик билан пул топишни касб қилиб олган Мансур Холиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир неча бор судланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарорига асосан унга нисбатан жиноят ишлари ҳаракатдан тугатилиб, жазодан озод этилганида ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармади.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, у 2015 йилнинг баҳор ойида Ангор туманида яшовчи бир неча фуқарога ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими, деб таништириб, фириб беришда давом этди.

У шу йўл орқали кўпчиликнинг ишончига кириб, танишлари орқали талабгорларни корхона ва ташкилотларга, олий ўқув юртларига ўқишга киритишни ваъда қилиб, турли миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиб келди.

Хусусан, фуқаролар Э.Давлатовдан 100 АҚШ доллари ва 900 минг сўм, А.Қаршиевдан 1300 АҚШ доллари, Н.Қурбоновадан 3000 АҚШ доллари, Э.Раҳмоновдан 2000 АҚШ доллари ва 2 млн. 400 минг сўм, Л.Намозовадан 3 млн. 600 минг сўм, А.Дониёровдан 11 млн. 500 минг сўм ва бошқалардан жами 6400 АҚШ доллари ва 24 млн. 200 минг сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборди.

Олиб борилган тезкор-суриштирув тадбирларида М.Холиқов қўлга олиниб, СВОЖЖДЛҚК департаментининг Ангор туман бўлими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг ҳукмига кўра М.Холиқов айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
 

Мавзуга оид