Жаҳон | 11:05 / 03.02.2017
10975
2 дақиқада ўқилади

Қийноқлар қўлланган қамоқхонага раҳбарлик қилган аёл МРБ директорининг биринчи ўринбосари бўлди

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг янги тайинланган директори Майк Помпеога Жина Хэспел биринчи ўринбосар бўлади. У аввал МРБнинг Таиланддаги махфий қамоқхонасини бошқарганди.

Associated Press агентлиги хабарига кўра, Жина Хэспел МРБда 30 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. У Абу Зубайда ва Абд ар-Раҳим ан-Насири каби террорчилар сақланган, қийноқ турлари қўлланган қамоқхонада ҳам раҳбарлик қилганди.

Қайд этилишича, Хэспел хоним МРБ директори ўринбосари бўлган тарихдаги иккинчи аёлдир.

Эслатиб ўтамиз, маҳбусларни сувга бўктириб қийнашга 2001 йилда 11 сентябрь воқеаларидан кейин президент Жорж Буш томонидан рухсат берилганди. 2009 йилнинг январида Барак Обама бу амалиётни тақиқлади.

Дональд Трамп сайловолди кампанияси вақтида терроризмга қарши кураш доирасида маҳбусларни қийнашга рухсат беришини айтиб ўтганди. Январь ойи охирида эса у қийноқлар тергов жараёнида самара келтиришини қайд этиб ўтди ва шу билан биргаликда Пентагонга қийноқ усулларидан фойдаланишга рухсат бермаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид