Ўзбекистон | 12:39 / 16.03.2017
14763
2 дақиқада ўқилади

Президент лойиҳаларни техник-иқтисодий асослаш агентлигини тугатишга қарор чиқарди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни эксперт баҳолаш агентлигини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилган.

Ушбу қарор инвестиция лойиҳаларининг лойиҳадан олдинги ҳужжатлари сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган. Қарорга кўра, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш механизмини такомиллаштириш ва уларни тайёрлаш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, уларни экспертизадан ўтказиш тартибини соддалаштириш учун илғор хорижий тажрибага асосланган қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари қарорига кўра, агентликни тугатиш комиссияси тасдиқланган, комиссия аъзоларига тугатиш ишлари бўйича комплекс чоралар кўриш вазифаси топширилган. Бундан ташқари, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари бўлган соҳа бўйича вазирлик ва идораларига тендер ва лойиҳадан олдинги ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш бўйича ўз кенгашларини тузиш топширилган.

«Ўзбекэкспертиза» АЖ импорт шартномалари инвестиция лойиҳаларини, хусусан, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида сотиб олинадиган ускуналар, техника ва технологияларнинг нарх кўрсаткичлари бўйича экспертизадан ўтказиш учун ваколатли орган сифатида белгиланган. Ҳукуматга «Ўзбекэкспертиза» фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, унинг фаолиятига экспорт-импорт операцияларини маркетинг жиҳатидан таҳлил қилиш соҳасидаги тажрибали ва малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси топширилган.

Мавзуга оид