09:25 / 04.04.2017
25555

“Халқаро шартномалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири) лойиҳаси тайёрланди. Уни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ишлаб чиққан. Қонун лойиҳаси айни вақтда Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларининг муҳокамаси тизимига жойлаштирилган

Қонунни янги таҳрирда қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳужжат лойиҳасидаги қўйидаги янги киритилаётган асосий қоидаларда мужассамлашган:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг преамбуласи ва 17-моддаси, Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг II бўлим бешинчи хатбошиси, хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб, халқаро шартномаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимидаги ўрни ва моҳияти белгиланди. Бунга кўра, 

мамлакатнинг халқаро битимлари давлат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади;
қонун лойиҳасида ишлатиладиган тушунчаларни бир ҳилда талқин қилиш мақсадида ва қонунчилик техникасидан келиб чиқиб, шунингдек 1969 йилдаги Вена конвенцияси ва хорижий давлатларнинг қонун ижодкорлиги амалиётида фойдаланилган тушунчаларни инобатга олган ҳолда лойиҳа матни “тушунчалар аппарати” билан тўлдирилган; 

ҳар бир битим лойиҳасига тушунтириш хати тайёрланиши бўйича янги талаблар киритилган бўлиб, амалиётда ушбу талаб ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар сифатини янада оширишга ҳамда мамлакат учун фақатгина амалий аҳамият касб этадиган шартномаларнинг тузилишига олиб келади; 

халқаро шартномаларни ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик, шунингдек бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланди. 

Мазкур механизмлар битимлар тузишнинг оқибатларини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, уларнинг сифатини баҳолаш, мамлакатнинг у ёки бу ҳужжатлардаги иштирокининг асослилигини, долзарблигини ва ҳуқуқийлилигини аниқлашга хизмат қилади. 

Мазкур янги қоида бу каби ҳужжатларни, хусусан олий ва юқори даражадаги ташрифлар олдидан ишлаб чиқишда тезкорликни таъминлайди. 

Мазкур ҳужжат лойиҳасига янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича таққослаш жадвали илова қилинган.

Лойиҳа юзасидан таклиф ва мулоҳазаларингизни regulation.gov.uz веб-саҳифасида қолдиришни сўраймиз.

Top