Газ таъминотидаги хўжасизлик ва бошбошдоқликлар: Нишонда яна Қўқон
«Кун.uz» сайтида Қўқон шаҳридаги газ таъминоти аҳволи ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида шу йил март ойининг 22-санасидан сўнг кетма-кет нохуш хабарлар ва таҳлилий материаллар ёритилган эди.
Жумладан, «Қўқонда ташкилотлар масъулиятсизлиги оқибатида икки навқирон йигит мажруҳ бўлиб қолди» сарлавҳаси остида «Қўқоншаҳаргаз» томонидан газ билан таъминланувчи Данғара тумани ҳудудидаги Ойдин кўчаси, 78-уйда 18 март куни рўй берган газ портлашидан сўнг танаси куйган ака-укалар ҳақида хабар берилган эди.
Тиббиёт вакилларининг саъй-ҳаракатлари, яқинларининг илтижою дуоларига қарамасдан, 25-март куни 20 ёшни тўлдирган Абу Бакр Шералиев танасининг қаттиқ куйиши оқибатида ҳаёт билан видолашди.
Орадан икки кун ўтгач, 27 март куни Абу Бакрнинг 22 ёшли акаси Билол Шералиев ҳам оламдан ўтди.
Умуман, ушбу вазиятни ўрганиш, Қўқон аҳолисининг газ таъминоти қай аҳволдалиги ҳақида шаҳарликлар билан суҳбатлашганимизда, газ таъминоти бошқа коммунал хизматлар каби аянчли аҳволда эканлигининг гувоҳи бўлдик.
Фуқароларнинг айтишларича, шаҳарда электр энергияси ҳам кўп ўчади. Газ таъминоти эса ҳовлилар ва кўп қаватли уйларни деярли қамраб олган бўлса ҳам, ишлар техник томондан кўнгилдагидек эмас.
Совуқ кунларда қувурлардаги газнинг босими ҳамма жойда ҳам камаяди, бу табиий ҳол. Чунки кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тўлиқ ишдан чиққан. Одамлар қишда газ ёқиб, жон сақлашади. Уларни ҳам тўғри тушунмоқ керак. Бунинг оқибатида газ сарфи ортиб, унинг ҳажми камаяди.
Бу ҳолатга қўқонликлар ўзига хос ечим топишган. Айримлар газ сўриш учун хонадонига кичикроқ насос ўрнатиб олгани, бундай насослар бозорларда ҳам сотилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бироқ Қўқонда бу иш каттароқ кўламда амалга оширилган экан: маҳаллалар аҳолиси ўзаро пул ташлашиб, газ сўришга йирик компрессорларни жалб қилишган.
Компрессорларки, қувурлардаги газ босимини ҳаддан ташқари юқори қилиб берувчи, кўпроқ автомобилларга сиқилган, суюлтирилган газ қуйиш шохобчаларида фойдаланиладиган матоҳ бўлиб, ундан фойдаланиш — хавфсизлик техникаси талабларига мутлақо жавоб бермайдиган тадбирнинг ўзгинаси.
Вазиятга қаранг: газ ер устидан, биринчи-иккинчи қават орасидаги сатҳ баландлигида қувурлардан тарқатилмоқда. Қувурларга қўшимча қувурлар пайванд қилиниб, кўп қаватли уйнинг томига олиб чиқилган. У ерда очиқ осмон остида компрессор ўрнатилган. Компрессор орқали сўриб олинган газ босими оширилиб, қайтадан қувурларга ҳайдалади.
Бунга қуйидаги бир неча фотосуратлар орқали ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.
«Қўқоншаҳаргаз» мутасаддилари бу ҳолга панжа орасидан қараб, ҳаттоки «ўзларинг йўлини биласизлар-ку, йўлини қилаверинглар» қабилида оғзаки рухсат ҳам бериб қўйишган, дейишади қўқонликлар. Бирор текшириш рейд бўладиган бўлса, компрессорлар ечиб олиниб, кўзга кўринмайдиган жойга олиб қўйилар экан. Текшириш кетгач, иш яна аввалгидек давом этаверади. Шунчаки, қувурларга пайванд қилиниб, томга олиб чиқилган қўшимча қувурлардан мақсад нима эканлигини наҳотки ўша текширувчилар билишмаса?! Менимча, билишади.
Сурбетлик шу даражага етганки, айрим маҳаллаларда компрессор кўчага ўрнатилган, айримларида хонадонлардан бирининг ичига яхшилаб «маскировка» қилинган.
Ўз-ўзидан саволлар кетма-кетлиги пайдо бўлади: ўша қувурларни кесиб ташлаш мумкин-ку?! Газ қувурига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритган «учар»ларни жаримага тортиш қўлидан келмайдими? Маҳалла фуқаролари йиғини раислари аҳоли ўртасида тушунтириш олиб бориши керак эмасми?! Газ назоратчилари нима иш билан машғул? Ишлатилган газнинг пулини йиғиб олиш учунгина тузилмаганку, бу ташкилот? Газнинг истеъмолчига тўсиқсиз етиб боришини назорат қилиш, унинг хавфсизлик техникаси талабларига жавоб беришини ҳам ўз зиммасига олиши керак эмасми?
Видео. Маҳаллалардаги ҳовлиларда фойдаланилаётган газ тортувчи компрессорлар
Маълумки, компрессорлар электр энергияси билан ишлайди. Шу компрессорлар ишлаб тургани туфайли айрим ҳудудларга газ етиб бормайди. Электр энергияси тўсатдан ўчган пайтларда, газ ўз оқими билан қувурлардан барча жойларга тенг тарқалади. Буни қўқонликлар тасдиқлашмоқда. Яъниким, компрессорлар муаммоси йўқотилса, шаҳарда газ тааъминоти кескин яхшиланиши, шаҳарда чироқ учган пайтлар бу бир неча бор ўз исботини топганини тасдиқлашмоқда. Лекин кимлардир эҳтиётсизлик қилиб, газ йўқлиги учун плитани ўчиришни унутган бўлса, ёки қаердадир сизиб чиқиш бўлса, фожиа юз бериши учун идеал ҳолат етишмайдими?
Вазиятнинг чигаллигини қаранг: қишда иссиқлик таъминоти йўқлиги учун газ сарфи ва электр энергиясидан фойдаланиш ортади, қувурларда газ камайгач, аҳоли компрессорлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишади, электр энергияси таъминотига юк тушади. Сўнгра у ўчади. Газдан етиб бормаётган хонадонларга газ сизиб чиқиш хавфи кўпаяди. Қанақадир, ўзига хос бомба! Аммо ўша бомбанинг «начинка»си газ бўлмоқда.
Юқорида тилга олинган фожиада ҳам шундай вазият туфайли ўша норғул йигитлар қурбон бўлганини уларнинг қариндошлари сайтимизга қилган арз-додларида билдириб ўтишган эди.
Албатта, бу фожиа замирида газ идораси раҳбарларининг лоқайдлиги, ўзибўларчилиги, катта эътиборсизлиги ётади. «Қўқоншаҳаргаз» идораси раҳбари Улуғбек Толипов юқоридаги воқеа юзасидан ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган. Фожиа юз берган хонадондан кўнгил сўраш, уларга ёрдам бериш ҳақида гапирмай қўяқолай. Раҳбарнинг ишдан бўшатилиши уларнинг кўнглига таскин бера олмайди, фақатгина қурбонлар ҳурмати шаҳарда газ таъминотини яхшилаш, меъёрга келтириш билангина мутасадди раҳбарлар айбини ювиши мумкин.
Қизиғи, У.Толиповдан олдин идорани унинг отаси Бахтиёр Толипов бошқарган. Айни пайтда бу шахс «Қўқон-1912» футбол клуби раиси сифатида ишламоқда. Қўқонликларнинг истеҳзо билан кулиб айтишларича, ўғли идорага раис бўлса ҳам, мажлисларни унинг отаси олиб борган пайтлар ҳам бўлган.
Ота-болаларнинг ишлаш вақти мобайнида аҳоли бўйнига газдан катта қарзлар ҳам илиб қўйилган. Фуқаролардан бири кулгили вазиятни ҳам эсга олади:
«Менинг номимга титанни газга ноқонуний улаб олганим учун далолатнома расмийлаштирилиб, катта миқдорда жарима қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Мен участкамиздаги газчи билан идорага бориб, уйимда умуман сув иситувчи титандан фойдаланмаслигимни, бориб бемалол текшириб кўришларини, далолатнома менинг иштирокимсиз тузилганини айтиб, пича шовқин кўтардим. Газ идораси раҳбари Б.Толипов чиқиб келиб, нима гаплигини сўради. Вазиятни унга ҳам тушунтирганимдан сўнг, ходимларига «бу кишининг жаримасини бошқа кишига ёзиб қўйинглар», деб буйруқ берди.
Бу нимадан далолат? Шаҳарда маълум бир йирик сумма жарималар сифатида аллақачон тақсимланиб, шакллантирилиб бўлинган. Фақат ўз ҳақини талаб қилолмайдиган шўрпешоналарга босилади. Ўйлайсизки, ота-бола Толиповлар ишдан кетганидан сўнг ўша жарималар бекор бўлдими? Йўқ, бу янги раҳбарларга «мерос қилиб қолдириб кетилди».
Алам қиладигани, мана шундай раҳбарларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳечқурса бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан етарли чора кўрилмаётгани. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетмоқда.
Албатта, ўлган инсонни қайтариб бўлмайди. Лекин бу фожиадан барча бирдек тегишли хулоса чиқариш керак. «Қўқоншаҳаргаз»нинг янги раҳбарияти ўз олдига шаҳардаги газ таъминотидаги ўзибиларчилик, бошбошдоқликни йўқ қилиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиб, ишни пухта ташкил қилиб, аҳолига газни ўз вақтида, етарли миқдорда, мутлақо хавфсиз шаклда етказишни ўзининг бош дастурамали қилиб олмоғи керак.
Биз вазиятни фақат Қўқон шаҳри мисолида кўриб чиқдик. Бошқа ҳудудлар ҳам вазият ва воқеалардан тегишли хулоса чиқариб, ўз ишларини тартибга солиб олишларини ҳам истар эдик.
Шуҳрат Шокиржонов
P.S. Сайт Ўзбекистонда газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш борасида алоҳида таҳлилий чиқиш қилишни режалаштирган. Сайтни кузатишда давом этинг.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:40 / 21.12.2024