Жаҳон | 21:05 / 22.12.2024
4459
2 дақиқада ўқилади

Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди

Қатар энергетика вазири агар Европа Иттифоқи QatarEnergy компаниясига нисбатан жарима белгиласа, газ етказиб бериш тўхтатилишини маълум қилди.

Саад ал-Кааби Фото: Naseem Zeitoon / Reuters

Қатар энергетика вазири Саад ал-Кааби QatarEnergy компанияси корпоратив барқарорлик талабларини бузгани учун жаримага тортилса, Европа Иттифоқига газ етказиб беришни тўхтатишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатда ЕИ давлат пулларини тортиб олади, чунки QatarEnergy — миллий компания.

Гап 2024 йил майда қабул қилинган корпоратив текширув тўғрисидаги директивада кўрсатилган жарима ҳақида кетмоқда. Унга мувофиқ, ЕИга аъзо давлатлари карбонат ангидрид газининг чиқарилиш даражаси, шунингдек, меҳнат ва инсон ҳуқуқларига боғлиқ талабларга риоя қилинмаса, жарима белгилашга мажбур.

Бу каби ҳолатда жариманинг максимал миқдори компания йиллик глобал даромадининг камида 5 фоизини ташкил этиши керак.

«QatarEnergy даромадининг 5 фоизи, бу Қатар давлатининг 5 фоиз даромади демак. Ушбу пуллар халқники, шу боис мен бу пулларни йўқота олмайман — ҳеч ким бундай пулларни йўқотишга рози ҳам бўлмайди», — дейди энергетика вазири. Унинг таъкидлашича, компания суюлтирилган газни етказиб бериш бўйича амалдаги шартномаларни бекор қилмайди.

Қатар табиий газ захираси бўйича дунёда учинчи ўринда, уни қазиб олиш бўйича эса олтинчи ўринда туради. 2024 йил октябр якунларига кўра, Қатар АҚШ ва Австралиядан кейин суюлтирилган газни энг кўп экспорт қилган учинчи давлатга айланган.

Мавзуга оид