МХХ юқори сифатдаги қалбаки доллар етказиб бериш канали фаолиятига чек қўйди
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси ходимлари Туркиядан Ўзбекистонга Қирғизистон орқали йирик партиядаги қалбаки долларлар етказиб бериладиган канал фаолиятига чек қўйишди. Бу ҳақда Sputnik ахборот агентлиги хабар берган.
Навбатдаги қалбаки долларлар партиясини олиб ўтаётган курьер Косонсой туманидаги "Обод" постида қўлга олинган. 40 ёшли Абдулҳамид Хўжаев бошқарган "ВАЗ 2106" русумидаги машина кўздан кечирилганда, автомобилнинг тирсакқўйгичидаги махсус бўлимда 19,4 минг қалбаки доллар топилган. Ҳайдовчи ушбу долларларни Қирғизистоннинг 47 ёшли фуқароси, асли Наманган вилояти Чортоқ туманидан бўлган ва айни вақтда Туркияда яшаётган Мансур Сувоновдан олганини тан олган.
Хўжаевнинг айтишича, Сувонов қалбаки долларларни Туркиядан Ўзбекистонга маиший товарлар қутиларининг деворлари орасига яширган ҳолда жўнатган. Хўжаев эса бу долларларни Ўзбекистон ҳудудида ўтказиш билан шуғулланган.
"Абдулҳамид Хўжаевнинг кўрсатмаларига асосан, унинг таниши Исломхон Саидовнинг уйида тинтув ўтказилган ва 100 долларлик қийматдаги яна иккита қалбаки купюра аниқланган", деб айтилди МХХда.
Экспертиза хулосасига кўра, 1996 ва 2000 йиллардаги намунадаги 100 долларлик 196 та купюра қалбаки деб тан олинган. Мутахассисларнинг фикрича, бу долларлар махсус қолип (клише) ёрдамида юқори сифатда тайёрланган. Долларларда шунингдек махсус сув белгилари, бармоқларга сезилувчи ва ҳақиқий доллар купюраларига хос бўлган қавариқлар бўлган. Хўжаев ва Саидовга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси ("Қалбаки пуллар, акциз маркаси ёки қимматли қоғозларни ясаш, уларни ўтказиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ етакчиси Мансур Сувонов Ўзбекистон ҳудудидаги қалбаки долларлар контрабандасига тааллуқли яна бошқа жиноятларга ҳам алоқадор. Бу йилнинг январь ойида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Сувановнинг ўғли Ж.Умаровни 56 минг қалбаки долларни олиб кетаётганда қўлга олганлар. Бу пуллар Сувонов томондан Туркиядан Қирғизистонга жўнатилган. Шунингдек, февраль ойида Наманган вилояти ИИБ Сувоновнинг қалбаки долларларни ўтказиш билан шуғулланган қариндоши Ж.Эргашхоновга нисбатан жиноий иш қўзғатганди.
Мавзуга оид
10:06 / 24.11.2024
Ҳалоллик мукофоти: йўлдан топилган 5 минг долларни эгасига қайтарган ҳайдовчи ҳақида ҳикоя
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024