Жамият | 18:17 / 03.05.2017
16631
2 дақиқада ўқилади

“Multi Mafe” ресторани ноқонуний рекламаси тўхтатилди

Facebook ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчилар гуруҳида “Чўқинтирган ота” (“Крёстный отец”) бадиий фильмидан лавҳа ишлатган ҳолда “Multi Mafe” ресторани реклама қилинган, деб хабар бермоқда Давлат рақобат қўмитаси.

Рекламада “Вито Корлеоненинг ўзи “Multi Mafe” ресторанини тавсия этади”, деган сўзлардан фойдаланилган ва ушбу фильмнинг бош қаҳрамони Марло Брандонинг сурати жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, агар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, бошқа маҳсулот рекламасида қўлланиладиган умумий ечим, матн, тасвир, мусиқали ёки овозли оҳангларни айнан такрорлаш (тақлид ёки ўхшатма қилиш), жисмоний шахснинг номи ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш тақиқланади.

Таъкидлаш жоизки, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузилиши – бу ҳуқуқ эгаси ёки жамоат асосида мулкий ҳуқуқни бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан тасвирдан фойдаланиш, оҳангни айнан такрорлашдир.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда, Давлат рақобат қўмитаси “Multi Mafe” ресторани раҳбариятига йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолати тўғрисида хат юборди.

Давлат рақобат қўмитаси хати олинган вақтдан эътиборон “Чўқинтирган ота” бадиий фильмидан олинган лавҳа ишлатилган реклама ижтимоий тармоқдан олиб қўйилди.

Мавзуга оид