Жаҳон | 10:21 / 16.05.2017
6199
5 дақиқада ўқилади

Макрон ва Меркель Европа иттифоқи тақдирини биргаликда ҳал қилмоқчи

Фото: EPA

Германия ва Франция Европа иттифоқи учун мураккаб бўлган вақтда қалин алоқада қолиш ва ҳамжамият доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ниятида. Бу ҳақда ГФР канцлери Ангела Меркель Берлин шаҳрида Франция президенти Эммануэль Макрон билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг маълум қилди. 

"Бугун фикрлар алмашдик ва жуда қалин ҳамкорлик қилишга келишиб олдик, - деди Меркель. – Германия-Франция муносабатлари муҳимлигини биламиз, ҳамда мен ЕИ учун ҳозирги жуда қийин бўлиб турган вақтда қабул қилинган тўғри қарорлар учун масъулиятни ҳис этмоқдаман".

Унинг сўзларига кўра, учрашувда “ЕИни ўрта муддатли истиқболда ривожлантиришга оид йўл харитасини ишлаб чиқиш” бўйича келишувга эришилган. “Булар бир кунда пайдо бўладиган лойиҳалар эмас, бироқ бизнинг фикримизча, ҳозирда нафақат Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши билан шуғулланишимиз керак, балки биринчи навбатда, ЕИ ва евроҳудудни мустаҳкамлаш ҳақида ўйлашимиз даркор”, - дея аниқлик киритди канцлер.

Меркелнинг маълум қилишича, Европа битимлари ўзгаришини истисно этмаяпти, аммо буларнинг бари Европа иттифоқи фойдасига ишлаши зарур. "Ушбу масалани муҳокама қилдик, - деди у. – Германия нуқтаи назаридан, битимларнинг ўзгариши эҳтимоли бор, бироқ бу маънога эга бўлиши ва евроҳудудни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак".

"Лекин аввало биз нима қилишни истаётганимизни аниқлаб олишимиз лозим, кейин эса, керак бўлса ўзгартириш киритиш. Нима бўлган тақдирда ҳам мен бунга тайёрман", - дея таъкидлаб ўтди канцлер. Унинг фикрича, ЕИ “бутун дунё ўзгараётган” пайтда бир жойда туриб қолиши керак эмас. 

Ўз навбатида, Макрон Европа иттифоқида ислоҳот ўтказиш кераклигини тасдиқлаган. "Бизга бюрократик тўсиқларсиз Европа керак, у ўз фуқароларини яхшироқ ҳимоя қилиши лозим", - деди у.

Франция президентининг таъкидлашича, "Европасиз тинчлик, фаровонлик ва эркинлик бўлмайди". "Биз институтларни ислоҳ қилиш ва янги келишувларга тайёрмиз", - дея маълум қилди Макрон. Шунингдек, унинг қайд этишича, нафақат Европа иттифоқида, балки евроҳудудда ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш керак. 

Бундан ташқари Франция президенти Германияга “тўғридан-тўғри, очиқ ва конструктив шерик” бўлишга ваъда берди. "Биз демократик Европа иттифоқи йўлидан кетишимиз керак",  - деди Макрон.

Франциянинг янги президенти ўз давлатида яқин вақт ичида ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиши ҳақида ҳам бонг урди. "Франция – оммавий ишсизлик муаммосини ҳал этмаган ягона давлат. Биз чуқур ислоҳотларга муҳтожмиз, улар яқин орада ўтказилади", - дея таъкидлаб ўтди у.

Меркелнинг фикрича эса, Макрон ўз иши натижалари намоён бўлса, аҳоли томонидан бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланади. "Ишни бошлаганингда қўллаб-қувватлов бўлиши яхши, бироқ буларнинг бари натижа бўлгунга қадар сақланиб қолишини ҳам тушуниш керак. Ҳар иккимиз буни яхши биламиз", - дея таъкидлаб ўтди канцлер. 

Макрон Меркель билан учрашувдан сўнг Twitter’да Берлинга ўз ташрифини “Европани уйғотиш учун қўйилган илк қадам” деб атади. ГФР пойтахтига боришдан бироз аввал у Франциянинг Германиядаги элчиси Филипп Этьенни ўз дипломатик маслаҳатчиси, дея эълон қилди. Бу тайинлов сиёсий доираларда янги президент қўшни давлат билан муносабатларни мустаҳкамлашга интилаётгани сифатида баҳоланди. "Франциянинг янги президенти билан бизда Европа ғоясига динамика олиб кириш имкони пайдо бўлади", - дея айтиб ўтган Меркель.

Эслатиб ўтамиз, Макрон ўз сайловолди кампанияси вақтида, президентлик сайловларида ғалаба қозонса, биринчи бўлиб Германияга ташриф буюриши ҳақида бир неча бора маълум қилганди. Макронни сайловдаги ғалаба билан табриклаган илк хорижий етакчи эса – Меркель бўлди.

 

Мавзуга оид