22:13 / 18.05.2017
4788

Хитойда углеводородларни қазиб олишда "тарихий илгарилаш"га эришилгани эълон қилинди

Фото: cgs.gov.cn

Жанубий Хитой денгизи тубида газ гидратлари қазиб олиш бўйича тажриба "тўлиқ муваффақият" билан якунланди, деб маълум қилди Хитой ер ва табиий захиралар геологик хизмати.  

Ташқи кўриниши қор ёки уваланиб кетувчи музни эслатгани учун муз ёқилғи деб аталувчи газ гидратлар конини ўзлаштириш 10 май куни бошланди ва айни вақтгача 8 кундан бери муваффақиятли давом этмоқда. Бу вақт ичида денгиз сатҳидан 1200 метр ва денгиз тубидан 200 метр чуқурликда жойлашган кондан 99,8 фоиз метанга эга 120 минг куб метр газ олинди.

Геологик хизмат хабарида тажриба муваффақияти Хитой компартиясининг қатъий раҳбарияти назорати остида эришилган тарихий илгарилаш бўлди, деб аталди. 

Хитой марказий телевидениесининг хабарида бошқа давлатларда денгиз тубидан газ гидратларни узлуксиз қазиб олишни йўлга қўйишга уринишлар турли сабабларга кўра муваффақиятга олиб келмагани, бу эса хитойлик мутахассислар томондан "юқори дунё даражасига" эришилганини англатишини исботлагани айтилди.

Газ гидратлар қазиб олиш бошланган Жанубий Хитой денгизи акваторияси бир қатор давлатлар ўртасида ҳудудий баҳслар объекти ҳисобланади.

1 куб метр "муз ёнилғи"дан 160 куб метр метан олиш мумкин. Баъзи баҳолашларга кўра,  газ гидратларнинг дунё захиралари оддий табиий газникидан бир неча маротаба кўпроқни ташкил қилади, бироқ олимлар бу захираларнинг ҳажмини турлича баҳолайдилар. Уларнинг фикрича, бу ёқилғи ҳажми 2,5 мингдан 20 минг трлн куб метргачани ташкил қилади. Айни вақтда газ гидратлар конлари АҚШ, Канада, Коста-Рика, Гватемала, Мексика, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Хитойда ҳамда Ўрта ер, Қора, Каспий ва Жанубий Хитой денгизларида аниқланган. Бироқ бу конларни ўзлаштириш унинг таннархи юқорилиги сабабли мураккаблашган.

Top