09:52 / 05.06.2017
16176

Қасоскор электрик. Твердаги оммавий қотиллик бўйича янги тафсилотлар маълум қилинди

Фото: РФ Тергов қўмитаси

4 июнь куни Россиянинг Тверь вилоятида ўзини ҳақоратланган ҳис этган эркак 9 кишини отиб ташлади. Оммавий қотиллик Конаков туманининг Редькино посёлкасидаги маиший можаро оқибатида рўй берди. Можаро қатнашчиларидан бири дам олиш учун дала ҳовлига келганлар олдига келиб ўзини хафа қилганлар ва гувоҳларни отиб ташлаган.

РИА Новости нашри қурбонларнинг қўшниларига асосланиб хабар қилишича, касби электрик бўлган қотил уй эгалари ўзини ичимлик билан меҳмон қилишмаганидан хафа бўлганди.

Кичик Редкино шаҳри Твердан 20 км жанубда, Москвага олиб борувчи трасса ёқасида жойлашган. Шаҳарда темир йўл бекати ҳам бўлиб, бу жой катта шаҳарлар аҳолисини Редкинога дам олиш учун келишига шароит яратади. Редкинодагилар эса катта шаҳарларга ҳар куни ишга боришади.

Редкинода бир неча боғдорчилик ширкатлари бўлиб, ҳодиса рўй берган "Октябрнинг 50 йиллиги" ширкати ҳам шулардан биридир. Бу ерда якшанба кунига ўтар кечаси қонли ҳодиса рўй берди - маҳаллий аҳоли вакили бўлган 45 ёшли киши, ширкатда электрик бўлиб ишлайдиган шахс ов милтиғидан 9 кишини отиб ташлади. У профессионал қотиллардек ҳаракат қилган, ҳар бир қурбонини битта ўқ билан ўлдирган. Кейин уларнинг бошига қўндоқ билан туширган.

Можаро ширкатнинг собиқ раҳбари Татьяна Архипованинг набираси туғилган куни муносабати билан уюштирилган зиёфат вақтида рўй берган. Зиёфатга таклиф этилмаган меҳмон - электрик ташриф буюрган. Уни маҳаллий аҳоли жуда яхши танийди, унинг ўзи узоқ вақт Москвада яшаган, аммо ишсиз қолгач, қишлоққа қайтган. Уни бироз олдин ширкатга электрик сифатида ёллашганди. Аммо у бу иш билан эмас, асосан ичиш билан шуғулланган.

"Биз уни маст бўлмаган ҳолда деярли кўрмасдик. У ҳамиша қишлоқ бўйлаб санғиб, ичишга жой қидирарди", деган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

У кириб келганида Архипова ва меҳмонлар уни чиқариб юборишади. 

Ранжитилган электрик ўз машинасида қўшни кўчадаги уйига йўл олади ва 12 калибрли "Сайга" карабини билан қасос олиш учун қайтади.

Бу вақтда Архипованинг зиёфати деярли тамом бўлган, меҳмонлар тарқалишаётганди. Улар йўлда шашлик пиширилаётган Савелевлар дачасига киришади. Давра маишатни давом эттиради, аммо қуролланган электрик бу ерга бостириб киради.

У қоронғи бўлишига қарамасдан ҳаммани битталаб ўлдира бошлайди. Воқеа жойидан қочиб чиққанлардан бирини таъқиб этиб, уни уйига бориб ўлдиради. Ҳодиса рўй берган уй эгаси 92 ёшли Вячеслава Савельева ҳам унинг қурбонига айланади.

Электрикнинг қурбонлари сони 9 нафар бўлди - 4 аёл ва 5 эркак. Қурбонларнинг баъзилари бир-бирини танимаган ҳам. Уйда бўлган фақат бир киши тирик қолган - 21 ёшли хизматчи қиз. У кўрпа остига яшириниб, полицияга қўнғироқ қилади. Отишма овозларини эшитган қўшнилар ҳам полицияга қўнғироқ қилиб бўлишганди.

Қонхўрликни битиргач қотил қурбонлари таналарини йиғишни бошлайди. У аёллардан бирининг танасини машина юкхонасига жойлайди. У эндигина воқеа жойини тарк этмоқчи бўлганида полициячилар пайдо бўлишади. Қурбонлар йиғилган жойда газеталар ва мой бўлган. Бу эса у жасадларни ёқиб юбориш ниятида бўлгани ҳақида тахминларни пайдо қилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари электрикни қўлга олишган, у барчасига иқрор бўлган. Унга нисбатан РФ ЖКнинг 105-моддаси 2 банди "а" пункти бўйича (Икки ва ундан ортиқ кишилар қотиллиги) жиноий иш қўзғатилган.

Айни вақтда тергов жараёни давом этмоқда.

Top