Жамият | 09:44 / 25.06.2017
19231
6 дақиқада ўқилади

Хусусий шифохоналар: мавжуд муаммо ва янги имкониятлар

2017 йил 23 июнь куни Тошкент шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси,тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Мамлакатимиз замонавий тиббиёти ривожида хусусий секторнинг роли”мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижроси ҳамда бу борада O‘zLiDePнинг саъй-ҳаракатларини атрофлича муҳокама қилишга бағишланди. 

Очиқ мулоқотда O‘zLiDeP фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, хусусий тиббий секторда фаолият юритаётган тадбиркорлар Президентимизнинг мазкур қарори ўз вақтида қабул қилинганини таъкидлаб, унда мамлакатимиздаги хусусий тиббиёт соҳасини янада ислоҳ қилиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар мазмун-моҳияти хусусида ўзаро фикр алмашишди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни янада ривожлантириш, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига сифатли хизмат кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 6 йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 2 баробар кўпайиб, 3,5 мингтага етди. Уларни юқори технологияли тиббиёт техникаси билан жиҳозлаш даражаси 3 баробар ошди. 

Маълумот ўрнида: Хусусий тиббиёт муассасаларининг 2022 йил 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турлари янада кенгайтирилади. Хусусан, шу пайтга қадар хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари тақиқланган эди. Қарорга биноан, уларга тиббий хизматларнинг деярли барча тури бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Бу имконият аҳоли, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқаролар учун катта қулайлик яратади.

 Давра суҳбатида чекка туманларда тиббиёт соҳасида хусусий секторни жадал ривожлантириш мақсадида қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши ушбу қарорда кўзда тутилганини таъкидлашди.

Хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия беришни сезиларли даражада соддалаштириш ва муддатларини тезлаштириш, жумладан, лицензия бериш тўғрисидаги қарорни 30 кундан 20 кунгача қисқартириш, лицензия бериш учун давлат божини энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 5 баробаригача камайтириш назарда тутилганлиги хусусий сектор вакиллари учун катта имконият яратади. 

Соғлиқни сақлаш муассасаларни оптималлаштиришга йўналтирилган  давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига “ноль” қийматида белгиланган тартибда бепул сотиш ҳам мазкур қарорда белгилаб қўйилган. Бунда мулкдорларга инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича алоҳида вазифалар кўзда тутилган.

Тадбирда иштирок этган хусусий тиббиёт муассасалари вакиллари бугунги кунда мазкур соҳада учраётган айрим муаммолар, бюрократик тўсиқлар ҳақида очиқдан-очиқ фикрлар айтишди.

  Жумладан, хусусий тиббиёт муассасалари ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий технологик усулларини кенг қўллаши учун етарли шарт-шароитлар яратиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда узоқ муддатли лизинг хизматлари, кредит ажратиш ва молиявий ёрдам кўрсатишга оид ишларнинг талаб даражасида эмаслиги, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилиш, тиббий хизматлар экспортини кенгайтириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бозори инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги мавжуд муаммолар айтиб ўтилди.

Айниқса, давлат идоралари билан хусусий секторнинг яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилмаганлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбирда хусусий сектор вакилларига кредит ажратилиши бўйича ҳеч қандай имтиёзлар мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан оғир аҳволда олиб келинувчи беморларни операция қилиш учун шифокорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ёрдам берувчи юридик томондан кафолат хати ишлаб чиқиш, шунингдек, мазкур масала билан шуғулланадиган махсус структурани ташкил этиш бўйича таклифлар берилди.

Тадбирда сўзга чиққан хусусий клиника вакиллари "тиббий туризм" тушунчасининг қонуний асосларини шакллантириш борасида ишлар олиб борилаётганлиги, лекин хорижга даво излаб бораётган беморни саёҳат учун боради, деб тасаввур қилиш мантиқсиз ҳолат эканлигини айтишди. Ишлаб чиқилаётган қонуний ҳужжатларда тиббий туризмга туристик фаолиятнинг алоҳида бир тури сифатида қараб, ушбу йўналишни "Ўзбектуризм" ваколатига эмас, балки Соғлиқни сақлаш вазирлигига бериш тўғри бўлиши юзасидан таклифлар билдиришди. 

Айтиш жоизки, давра суҳбатида конвертация, керакли ускунларнинг етишмаслиги бўйича кўплаб саволлар жавобсиз қолди. Шунингдек, тадбирда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларининг ташриф буюрмагани натижасида кўплаб масалаларга ойдинлик киритилмади.

 

Мавзуга оид