Ўзбекистон | 18:10 / 21.08.2017
50409
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида 6 ҳоким алмашди

Самарқанд вилоятида бир кунда 6 нафар ҳоким алмашди. Вилоят маъмурий маркази Самарқанд шаҳри ҳокими алмаштирилгани, шаҳарга Воҳид Раҳимов ўрнига Фурқат Раҳимов ҳоким этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

Вилоятнинг бир неча туманларига ҳам янги ҳокимлар келган. Қарорлар халқ депутатлари вилоят кенгашининг 21 август кунги йиғилишида тасдиқланган.

Вилоят ҳокими матбуот хизматининг KUN.UZ нашрига маълум қилишича, Булунғур тумани ҳокими Фурқат Жалолович Раҳимов Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасига ўтказилгач, унинг ўрнига Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Баҳодир Баҳромов келган.

Самарқанд шаҳрининг собиқ ҳокими Воҳид Раҳимов аввал хабар берганимиздек, вилоятнинг Пахтачи туманига ҳоким этиб тайинланган.

Самарқанд туманида ҳам ҳоким алмаштирилган. Шу кунгача бу лавозимни эгаллаб келган Ботир Мамирович Қодиров ўрнига Шуҳрат Ўроқович Жамолов тайинланган. Ш.Жамолов шу пайтгача Давлат солиқ қўмитаси қошидаги республика ахборот-маслаҳат марказининг ҳудудий бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тайлоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб турган Пўлат Тўйчиевич Аҳмедов ҳам лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнига Каттақўрғон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Баҳодир Сайфиллаевич Саъдуллаев Тайлоқ тумани ҳоким этиб тайинланган.

Каттақўрғон шаҳрига эса «МТ-Инвест Импекс» компаниясига раҳбарлик қилган Музаффар Қодирович Ҳошимов ҳоким этиб тайинланган.

Мавзуга оид