20:49 / 07.09.2017
11020

АҚШда “Ирма” довули номини Трампнинг қизи Иванка номига ўзгартириш талаб қилинмоқда

Фото: Reuters

Petition site сайтида ҳозирда АҚШга яқинлашаётган “Ирма” довули номини АҚШ президенти Дональд Трамп қизи Иванка Трамп номига ўзгартириш талаб қилинган петиция пайдо бўлди. Ҳозирда бу петицияни 6 минг киши имзолаган.

Петиция муаллифлари бу ташаббусларини кўплаб америкаликлар Трамп маъмуриятининг иқлим ўзгариши муаммосига муносабатидан норозилиги билан тушунтиришган. Уларнинг фикрича, глобал исиш довулларнинг кучи ва вайронкор оқибатларини кучайтирган. Бунга Хьюстон шаҳрининг тошқинлар остида қолиши ва 70 кишининг ҳалок бўлишига олиб келган “Ҳарви” довули мисол бўла олади. Петицияда айтилишича, Оқ уй муаммони ҳал қилиш бўйича ҳаракатлар ўрнига атроф-муҳитни ҳимоялашда “тараққиёт йўлидан четлаш” билан фақатгина уни чуқурлаштирмоқда.

“Трамп маъмурияти иқлим ўзгаришини инкор этувчи одамларни ишга таклиф қилиб, Иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиб ва иқлим ўзгаришини баҳолаш бўйича федерал қўмитани тугатиб, бу масалада ўзининг буткул масъулиятсиз эканини кўрсатди”, деб айтилган петицияда.

Петицияда таъкидланишича, Иванка Трамп ўз отасининг глобал исиш масаласидаги фикри билан қўшилмаслигини бир неча марта айтганига қарамасдан, аслида бу масалада отаси фикрини ўзгартириш учун ҳеч нарса қилмаган. “Шу сабабли биз Жаҳон метеорологик ташкилотига мурожаат қилиб, “Ирма” довулини “Иванка”га ўзгартиришни таклиф қилмоқдамиз. Биз Трамп жамоаси аъзолари сайёрамиз ва келажак авлодларимиз соғлиғи ва хавфсизлиги учун реал чоралар қабул қилишлари учун уларга босим ўтказишимиз керак”, деб айтганлар петиция муаллифлари.

Top