Жаҳон | 23:30 / 12.12.2017
7674
3 дақиқада ўқилади

Facebook'нинг собиқ вице-президенти ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан воз кечди

Фото: EAST NEWS

Facebook'нинг собиқ вице-президенти ижтимоий тармоқлар бутун дунёдаги одамларга қандай зарар етказаётгани борасидаги фикрлари билан бўлишди. Facebook'даги фаолиятини 2017 йилда бошлаган ва компания топ-менежери карьерасини қурган Чамат Палихапития "махлуқ"ни ўстиришга ёрдам бергани учун жуда катта виждон азобини ҳис қилиши ҳақида айтди. "Биз жамиятнинг ижтимоий тузилмасини емирувчи жиҳозни ишлаб чиқдик", - деди у Стэнфорд университети Олий бизнес мактаби талабалари билан кечган учрашувда. 

Палихапития нафақат Facebook, балки тармоқдаги барча  мулоқот тизимларини танқид қилди. "Одамлар ижтимоий тармоқлардаги "лайклар" натижасида ишлаб чиқарилувчи дофаминга қарам бўлиб қолишди. Бу жамият фаолияти тамойилини парчалайди. Фуқаролик муҳокамалари йўқ, ҳамкорлик йўқолмоқда, буларнинг ўрнига сохта  маълумотлар ва фактлар алмашуви "гуллаб-яшнамоқда". Мен фақат Россиянинг сайловларга аралашганига доир Америка паранойяси ҳақида гапирмаяпман, бу глобал муаммо", - дея ҳисоблайди Палихапития.

У мисол сифатида яқинда Ҳиндистонда рўй берган воқеани келтирди - ёвуз ниятли кимсалар WhatsApp мессенжери орқали ҳинд қишлоқларида гўёки жиноятчилар болаларни ўғирлаётгани ҳақида миш-мишларни тарқатишди. Вирус жўнатмалар шунга олиб келдики, Жаркханд штати аҳолиси кўчаларни қоровуллаб, "ўғрилар"га ўхшаш одамларга қуролли ҳужумларни амалга ошира бошлади. Етти нафар айбсиз киши шафқатсизларча саваланди, улардан икки нафари ҳаётдан кўз юмди. Мазкур воқеалар видеога олиниб, Facebook'да тарқалди ва штатда оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди. 

"Тушунаяпсизми, нималарга аралашиб қолдик? Ёмон актёрлар оммани бошқариши ва уни бирор нарса қилишга мажбур қилиши мумкин. Мен бу муаммони қандай ҳал қилишни билмайман. Шу боис шунчаки ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан воз кечдим", - деди собиқ Facebook вице-президенти.

Компаниянинг илк сармоядорларидан бири Шон Паркер ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқди. Унинг фикрича, ижтимоий тармоқлар инсон психикасининг заиф жойларига босим ўтказади ва бундан ўз мақсади йўлида фойдаланади. 

Чамат Палихапития ижтимоий тармоқларни танқид қилишдан ташқари, Кремний водийсининг венчур компанияларига ҳам "тош отди". Унинг фикрича, улар иқлим ўзгариши ёки оғир касалликларни даволаш каби ҳақиқатда жиддий муаммолар билан шуғулланиш ўрнига "аҳмоқона, бемаъни, бефойда компаниялар"га сармоя киритишмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Палихапитиянинг Social Capital номли шахсий венчур компанияси фаолияти соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги стартапларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

"Тўғри сармоялар"га мисол сифатида шунингдек Гейтслар Фондини келтириш мумкин. Фонд кўп йиллардан бери полиомиелитга қарши курашади ва бу борада катта ютуқларга эришган.

Мавзуга оид