Жаҳон | 00:05 / 23.12.2017
186790
4 дақиқада ўқилади

Ғофур Раҳимов ҳам қора рўйхатда — АҚШ собиқ СССРдан яна ўнта криминал авторитетни қора рўйхатга қўшди

Фото: sueddeutsche.com

АҚШ собиқ иттифоқ республикалари, асосан, россиялик яна 10 нафар криминал авторитет номларини қора рўйхатга қўшди. Бу ҳақда жума куни АҚШ молия вазирлиги хабар берган, деб ёзади ТАСС.

«Магнитский рўйхати» деб аталувчи америкаликларнинг санкциялари остида Юрий Пичугин, Рубен Татулян, Олимжон Тўхтаохунов, Владимир Тюрин, Захарий Калашов, Василий Христофоров, Қамчибек Колбаев, Лаша Шушанашвили, Владислав Леонтьев, Ғофур Раҳимов киритилган. Бундан ташқари, АҚШнинг чекловчи чоралари Татулянга тегишли бўлган ёки у томонидан назорат қилинувчи Сочидаги «Весна» меҳмонхонаси, шунингдек, Москвада рўйхатга олинган «Новый Век Медиа» МЧЖга ҳам қўлланилади.

Сўнгги тилга олинган корхона «Евроосиё жиноий синдикати» деб тан олинган ва «бутун дунё бўйлаб» турли жиноий ҳаракатларга дахлдор саналади, деган АҚШ молия вазирлигининг хорижий активлар устидан назорат бўлими директори Жон Смит. Унинг сўзларига кўра, АҚШ молия вазирлиги Вашингтон иттифоқчилари ва «АҚШга таҳдид солиши мумкин бўлган трансмиллий жиноий ташкилотлар молиявий инфраструктурасини вайрон қилишга йўналтирилган янада кенгроқ стратегия» доирасида ушбу ишга қўл урган.

«Молия вазирлиги «қонундаги ўғрилар»ни «собиқ совет иттифоқи, Европа ва Қўшма штатларга тарқалиб кетган кенг қамровли жиноий ташкилот» деб характерлайди. Улар жумладан, «пул маблағларини ювиш, товламачилик, пора бериб оғдириш, босқинчилик билан шуғулланади», дейилади молия вазирлиги ҳисоботида. Чунончи, АҚШ ҳудудида «қонундаги ўғрилар» томонидан йўналтирилувчи жиноий хатти-ҳаракатларга Америка ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан катта диққат-эътибор қаратилади. «Биргина жорий йилнинг ўзида АҚШнинг ваколатли органлари йигирмадан ошиқ кишига, жумладан, «қонундаги ўғрилар»га зўравонлик ишлатилган жиноятлар, фирибгарлик, ..., ўғирланган товарларни айрибошлаш учун айблов эълон қилган», деб ёзади молия вазирлиги.

Олимжон Тўхтаохунов
Фото: Михаил Жапаридзе/ТАСС

Вашингтоннинг янги қарорлари амалда Америка фуқароларига қора рўйхатга тушган инсонлар билан умуман алоқа қилмаслик кераклигини англатиб, агар рўйхатдагиларнинг АҚШ юрисдикциясидаги мулклари аниқланса, улар ҳибсга олинишини билдиради.

Молия вазирлиги ўзининг қора рўйхатидан русларнинг «Братский круг» («Братва») гуруҳини чиқарган. У ва унга алоқадор инсонлар ва компаниялар 2012 йилнинг февралида рўйхатга қўшилган эди.

Рўйхатда номлари қайд этилган Олимжон Тўхтаохунов ҳамда Ғофур Раҳимов асли ўзбекистонлик бўлиб, айни пайтда хорижда фаолият юритади. Тўхтаохунов хорижий нашрларда «Тайванчи»​, шунингдек, «Алик» номлари билан танилган. Болали​ги Тошкент шаҳрида ўтган Олимжон Тўхтаохунов Совет Иттифоқи парчалангач, Россияга кўчиб кетганди.

Ғофур Раҳимов ҳам ўзбекистонлик тадбиркор бўлиб, айни пайтда Осиё бокс ассоциацияси вице-президенти лавозимида фаолият юритади. АИБА расмий сайтида қайд этилишича, унинг номзоди Россия Федерацияси томонидан кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ молия вазирлиги кеча Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани ҳам мазкур рўйхатга киритган эди. АҚШ Молия вазирлиги сайтида ёзилишича, «Гулнора Каримова бизнес фаолиятини ривожлантириш учун давлат мулкини талон-торож қилиш, кучли уюшган жиноий гуруҳни бошқариш, бозор монополиясини яратиш, порахўрлик ва босқинчиликда» айбланган.

Мавзуга оид