Спорт | 19:50 / 26.12.2017
16701
7 дақиқада ўқилади

Боксинг Дэй ҳангомалари: «Челси»ни роса эзяпмиз шекилли...»

25 декабрь куни Англия Рождествони нишонлади ва яна футбол ўйнашга тайёр. Бир асрдан зиёд вақт давомида бу кунда футбол ўйнаб келган инглизларда табиийки, майдондаги вазиятлардан ташқари ажойиб воқеаларнинг гувоҳига айланишган.

Мисол учун, Питер Крауч жамоаси билан «Ҳаддерсфилд»га сафар қилади, демак эртароқ йўлга отланиши керак. Аммо унинг айтишича, хотини, таниқли модель Эбби Клэнси эрига байрам дастурхони тайёрлаб беришни рад этибди.

«Мен хотинимга эртароқ тушлик қилишни таклиф қилдим, аммо бу гапим унга ёқмади. Мен байрам куни эрталаб соат тўққизда туриб, сенга картошка тозалаб беришимни кутсанг, адашасан, деди у. Илк учрашган пайтларимизда у ювошроқ эди. Ҳозир бошқача. Хуллас, эрталаб совғалар, нонушта, тамом, мен ўйинга кетаман», – деди ҳужумчи.

Бу ҳали ҳолваси. Қўйидаги ажойиб ҳикоялар сизга байрам кайфияти ва футбол, бунинг устига қишнинг совуғи биргаликда «Манчестер Сити»нинг ҳужумларидан ҳам чиройлироқ комбинацияларни ташкил эта олишига исботдир.    

Туманда дарвозабон йўқолиб қолди

twitter.com/OfficialClancy

Сарлавҳа бозорда «ойим йўқолиб қолди» деб йиғлайдиган қизалоқ ҳақидаги латифани эсга солса-да, бу воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлган.

«Чарльтон» тарихидаги буюк дарвозабонлардан бири Сэм Бартрэм дегани бўлган. У ҳатто ўз тўйини ўйин кунига белгилаган. Тўй орасида «Мидлсбро»га қарши ўйинга бориб, дарвозани голлардан сақлаб, яна келиннинг олдига қайтиб келган экан.

1937 йилнинг «Рождество»сида эса янада кулгилироқ воқеа содир бўлган. Ўша куни «Чарльтон» сафарда «Челси»га қарши ўйнайди. Стадионни қалин туман қоплаб олгач, ҳакам ўйиннинг 61-дақиқасида ўйинни тўхтатади ва жамоалар ечиниш хонасига йўл олади. Фақат Бартрэм буни билмайди. У ҳамон дарвозада туришда давом этиб, бирор ердан тўп учиб келиб қолмасин деб, бутун диққатини жам қилишга уринарди. Ҳадеганда тўпнинг ва ҳимоячиларнинг кўринмаётгани уни бироз ўйлантирар, аммо бошқа тарафдан, балки жамоамиз тинмасдан ҳужум қилаётгандир, деган фикр уни хотиржам қиларди.  

«Менимча, шерикларим «Челси»ни жарима майдонига қамаб ташлашгандир, деб хурсанд бўла бошладим. Совқотиб қолмаслик учун турган жойимда чигалёздини тўхтатмасдим. Лекин ҳимоячилар ўз жойига қайтмаётганидек, демак ҳали гол ҳам урмаяпмиз шекилли, бўлмаса, майдон марказидан бошлаш учун қайтишарди, деб хафа бўлиб ҳам қўяман. Бир икки марта жарима майдони ташқарисига ҳам чиқиб кўрдим, ҳамон ҳеч ким кўринмасди. «Челси»ни яхшигина қийнаяпмизов, деб ўйладим ичимда. Анча ўтиб, олдимда бир шарпа пайдо бўлди. Полициячи экан. «Нима қилиб юрибсиз бу ерда? Ўйинни тўхтатишганига ўн беш дақиқа бўлди, майдонда ҳеч ким қолмади» – деди у. Мен ҳам ечиниш хонасига кирганимда, аллақачон душга кириб чиққан «Чарльтон»даги шерикларим ўзларини кулгидан тўхтата олишмади» – деб эслайди Бартрэм ўз автобиографиясида. 

«Вилла Парк» томидаги тақдир

Gettyimages.ru/Terry Fincher/Keystone

«Нимадир нотўғри бўлганини айнан қачон англаганим ёдимда йўқ. Жуда қоронғу эди ва шамол эсиб турарди. Охири нима бўлганини ҳамма билади» – деб ёзганди Буюк Британия ҳаво қўшинлари сержанти Найжел Рогофф.

1998 йилнинг 13 декабрида тақдир шамоли Рогоффни бутунлай бошқа тарафга учириб кетган эди.

«Астон Вилла» ўз майдонида «Арсенал»ни қабул қилмоқда. Байрам олди мухлисларни хурсанд қилишнинг нимаси ёмон? Танаффус пайтида тажрибали парашютчилар гуруҳи Санта Клаус кийимида стадионга учиб келишлари керак эди.

Қоронғу осмондан Найжелнинг пайдо бўлганини ҳамма кўрди. Аммо кутилмаганда, шамол кучайиб, уни стадион томига олиб келиб урди.

У ерга йиқилди. Нейжелнинг тиззалари очилиб кетган, жуда кўп қон йўқотганди. Рогофф уч ҳафтадан сўнггина ўзига келди. Ўша машъум оқшомда эса, унга 177 киши қон берганди – Бирминҳэм касалхонасининг бутун қон захираси Нейжелга кетганди.

«Мен умримда ҳеч қачон қон бермаган эдим. Ўша куни эса, 177 киши менга қон берди ва ҳаётга қайтишимга ёрдам берди» – деб эслайди Рогофф. 

Аммо қаҳрамонимиз бир тиззасини «Вилла Парк» томига «ташлаб келганди». Шифокорларнинг ампутация қилиш таклифига рози бўлишдан бошқа чора қолмади.

Шу ҳолатда ҳам парашютчи ўзини ҳарбийларга хос тарзда тутгани таҳсинга сазовор. Ҳатто ўша воқеа учун ўзини айбдор ҳис қиларди: «Шундоқ ёнгинамда ёш болалар бор эди, уларнинг олдида жуда уятли иш бўлди. Улар байрам куни футбол томоша қилгани келиб, томга урилаётган қорбобони кўришди. Айниқса ўша болалардан узр сўрайман».

Тақдир ҳақида айтдик-ку, ўша жойи энди келади. Тикланиш марказида унга Сара исмли ҳамшира ёқиб қолади. Орадан йилар ўтиб, Рогофф ўша қиз билан танишувнинг қанчалик муҳим бўлганини тан олганди.

«Мен ўз оёқларимдан айрилгач, буёғига қандай яшар эканман, деб ўйлардим. Аммо якунда тақдирнинг барча деталлари бирлашиб, ягона сурат пайдо бўлди. Бу тақдирнинг ўйинига жуда ўхшарди» – деб эслайди у.

Найжел ва Сара бир-бирларини севиб қолишди ва эгизак фарзандлар туғилди.

... ва Балотелли

Clive Brunskill/Allsport, Michael Regan

Бу воқеа кейинчалик ўз исботини топмаган, лекин инкор ҳам қилинмаган. Воқеа қаҳрамони Марио бўлгач, ишониш у қадар қийинчилик туғдирмайди.

2011 йилнинг декабрида Балотелли ижтимоий тармоқларда мунозараларга сабаб бўлди. Твиттерда тарқалган миш-мишларга қараганда, «Манчестер Сити» ҳужумчиси Санта Клаус кийимини кийиб олиб, Манчестер бўйлаб ўз машинасида сайрга чиққан ва ора-сира тўхтаб, учраганларга пул тарқатган экан.

Sports.ru материали асосида

Мавзуга оид