Жамият | 21:27 / 07.02.2018
188986
18 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари “Сунъий уруғлантириш ҳақида” фатво эълон қилишди

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Шу кунларда сунъий уруғлантириш мавзуси кун тартибига чиқди, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто, айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш бўйича уламолар қатор изланишларни олиб боришди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон қори Ишматбеков ўтган йилнинг 16-17 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилишида иштирок этди. Ушбу йиғилиш кун тартибида айнан сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари мазкур мавзу доирасидаги барча жиҳатларни ўрганиб чиққандан кейин “Сунъий уруғлантириш ҳақида”ги фатвони эълон қилди. Қуйида фатвонинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШ ҲАҚИДА ФАТВО

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَ مِنَ الْمَاءِ بَشَرًا فَجَعَلَهُ نَسَبًا وَصِهْرًا وَ كَانَ رَبُكَ قَدِيْرًا وَ الصَّلاَةُ وَ السَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ اَلْقَائِلِ تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَعَلَى اَلِهِ وَاَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِاِحْسَانٍ اِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни қудрати билан яратиб, унга жисм ва руҳ ато этди. Одам (а.с.)га Момо Ҳавво онамизни жуфти ҳалол қилиб бериб, шу жуфтликдан Ер юзида инсон наслини тарқатди. Аллоҳ таоло инсониятнинг шу тарзда жуфт бўлиб, ўзидан зурриёт тарқатиб яшашлиги нақадар улуғ неъмат эканлигини ва бу неъмат фақат Ўзининг тарафидан берилганлигини инсониятга эслатиб шундай дейди:

وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً

(سورة النحل/ 72 آية)

яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди” (Наҳл сураси, 72-оят). Дарҳақиқат, инсонни жуфт бўлиб яшайдиган қилиб яратилишидаги ҳикматлардан асосийси зурриёт қолдириб, наслни давом эттирмоқликдир.

Ислом дини насл қолдиришликнинг аҳамиятини баён қилар экан, кўпайишликка сабаб бўлувчи жуфтликка, яъни ҳалол йўл ила оила қуриб яшашга чақиради. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шундай ҳадис ривоят қилинган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا اَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:  تَنَاكَحُوا  تَكَاثَرُوا

فَإِنِّيْ  أُبَاهِي بِكُمُ الْاُمَمَ

(رواه ابن حبان)

яъни: “Уйланинглар, кўпайишинглар, албатта мен бошқа умматлар олдида сизлар билан фахрланаман”, – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбар (с.а.в.) кишиларни кўп фарзанд туғишга қодир бўлган аёлларга уйланишга чақирадилар. Яна бир ҳадисда келади:

عَنْ مَعْقَلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ : تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ الْاُمَمَ "

(رواه أبو داود والنسائي)

яъни: “Меҳр-муҳаббатли, фарзанд кўрувчи аёлга уйланинг, зеро, мен бошқа умматларни олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман”. Шу тариқа Ислом дини наслий кўпайишликнинг шаръий жуфтлик асосида бўлишига чақиради. Шаръий жуфтликдан бўлмаган кўпайишни инкор қилади ва ундан қайтаради.

Инсон борки, ўз Холиқига ва Розиқига илтижо қилиб, кўзини қувонтиргувчи покиза фарзандлар беришини сўрайди. Фарзанд неъматидан ҳеч ким беҳожат бўлмаганидек, инсонларнинг энг афзаллари бўлмиш пайғамбарлардек зотлар ҳам Аллоҳ таолодан фарзанд ато этишини тилаганлар. Қуръони каримда бу ҳақда хабар берилган:

ذِكْرُ رَحْمَةِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّا. إِذْ نَادَى رَبَّهُ نِدَاءً خَفِيًّا.  قَالَ رَبِّ إِنِّي وَهَنَ الْعَظْمُ مِنِّي وَاشْتَعَلَ الرَّأْسُ شَيْبًا وَلَمْ أَكُنْ بِدُعَائِكَ رَبِّ شَقِيًّا. وَإِنِّي خِفْتُ الْمَوَالِيَ مِنْ وَرَائِي وَكَانَتِ امْرَأَتِي عَاقِرًا فَهَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ وَلِيًّا.  يَرِثُنِي وَيَرِثُ مِنْ آَلِ يَعْقُوبَ وَاجْعَلْهُ رَبِّ رَضِيًّا

(سورة مريم/ 4-6 الآيات)

яъни: (Эй Муҳаммад! Бу) Раббингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри (қиссаси)дир. Қачонки, у (Закариё) Парвардигорига хуфёна (товушсиз) дуо қилиб, деган эди: “Эй Раббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман. Менинг ортимда қоладиган қариндошларим (динни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним эса туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер. У менга ва (бобом) Яъқуб наслига меросхўр бўлсин ва ундан барчани рози қилгин!” (Марям сураси, 4-6-оятлар). Аллоҳ таоло Закариё а.с.нинг дуосини ижобат этиб Яҳё исмли ўғил ато этди. Шунингдек, Иброҳим а.с. ҳам Аллоҳнинг фарзанд ато этишидан ноумид бўлмадилар ва охир-оқибат дуолари ижобат бўлди:

الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَهَبَ لِي عَلَى الْكِبَرِ إِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِنَّ رَبِّي لَسَمِيعُ الدُّعَاءِ

 (سورة ابراهيم/ 39  الآية)

яъни: “Менга кексаликда Исмоил ва Исҳоқни берган Аллоҳга ҳамд айтаман. Албатта, Раббим дуони (қабул қилиш учун) эшитувчидир” (Иброҳим сураси, 39-оят).

Аллоҳ таоло фарзанд неъматини энг олий неъматлардан деб баҳолайди. Айни пайтда хоҳлаган кишига ўғил фарзанд беради, хоҳлаганига қиз беради ва хоҳлаганига ўғил ҳам, қиз ҳам ато этади. Хоҳлаган кишисини эса бепушт қилиб қўяди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ

أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

(سورة الشورى/ 49-50 الآية)

яъни: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро сураси, 49-50-оятлар).

Ояти каримада таъкидланганидек, баъзиларнинг фарзанд кўрмасликлари ҳам Аллоҳ таолонинг синовидир. Ислом дини нуқтаи назаридан, фарзанд кўрмаслик ҳам Аллоҳ таоло нозил қилган минг бир дарднинг бири ҳисобланади. Шунинг учун фарзанд кўрмаслик дардига даво ахтариш жоизлиги хусусида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бепуштлик ҳам шариати исломия даволанишга изн берган хасталиклардан биридир. Имом Термизий Усома ибн Шарийкдан ривоят қилиб айтадилар, “Аъробийлар: “Эй Расулуллоҳ! Хасталикдан даволансак бўладими?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирор хасталик берган бўлса албатта, унинг давосини ҳам бериб қўйибди. Фақатгина бир нарсанинг давоси йўқ, у ҳам бўлса ўлимдир”, – дедилар.

Замонавий тиббиёт илмининг хулосасига кўра, эркак ва аёлларда фарзанд бўлмасликнинг бир нечта сабаблари бор:

- аёлнинг бачадон бўйни йўлларида муаммо билан юзага келган бепуштлик;

- эркак манийсининг кучи, ҳолати ва ҳаракатидаги муаммолар билан боғлиқ бепуштлик;

- аёлда эндометриоз (бачадондан ташқари бирор аъзо ёки тананинг айрим қисмларида бачадон шиллиқ қавати (эндометрий) ҳужайраларига ўхшаш ҳужайраларнинг ривожланиши) ҳолати;

- бепуштликнинг ноаниқ шакллари;

- аёлда эндокрин саломатлиги бузилганлиги сабабли овулясия (етилган тухумҳужайранинг уруғланишга тайёр бўлиб тухумдондан бачадонга келиб тушиши) содир бўлмаслиги туфайли юзага келган бепуштлик;

- иммунологик бепуштлик. Бунда аёлнинг қон суюқлигида эркакнинг уруғига қарши антитаначаларнинг борлиги туфайли уруғлар бачадон бўйнига етгунига қадар нобуд бўлади ва ҳомиладорлик юз бермайди. Ёки аксинча, эркакнинг манийсида ўзининг уруғларига қарши антитаначаларнинг борлиги, уруғларнинг нобуд бўлишига олиб келади;

- эркакдаги жинсий ожизлик касаллиги.

Қадимдан олимлар бепуштликка даво ахтариб, фарзанд кўриш орзусида юрган эркак ва аёлларни бундай бахтга муяссар этиш устида бош қотириб келганлар. Буюк тарихчи, файласуф, жамиятшунос олим Ибн Халдун ва у кишидан олдин ўтган, ислом файласуфлари деб ном олган Ибн Сино, Форобий ва бошқалар ўз асарларида инсонни сунъий йўл билан вужудга келтиришга ўхшаш мавзуга ишора қилиб кетганлар. Масалан, Ибн Халдун ўзининг машҳур “Ал-Муқаддима” асарида қадимги кимё фани ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай дейди: “Ибн Сино, Форобий ва Тағроийнинг айтган гапларига суянган ҳолда, айтиш мумкинки, табиий муҳитда манийдан инсонни вужудга келтириш мумкин”. Табиий муҳит деганда Ибн Халдун онанинг қорни, яъни бачадонни назарда тутади. Сўнгра яна сўзида давом этиб: “Агар биз инсон бачадонда яралиб, ривожланишдаги барча босқичлар учун зарур бўлган шароитни яратиш имкони борлигига ишонсак ва бунинг учун етарли илм бўлса, албатта, инсоннинг шу тарзда вужудга келишига ишонамиз”, дейди. Ибн Халдун инсонни бу тарзда пайдо қилиш, албатта, етарли шарт-шароит бекаму кўст юзага келгандан кейингина амалга ошиши мумкин деб ишонади, аммо башарият илми бу ишга ожизлиги учун: “Қаердан ҳам бундай шароит вужудга келсин”, дейди. Албатта, Ибн Халдуннинг бу гапи ўша замондаги илмнинг эришган даражасига асосан айтилган эди. Ниҳоят ҳозирги замон илми худди мана шу муҳитни пайдо қилишга қодир эканлигини намоён этди. Шубҳасиз, бу илмлар Аллоҳ таолонинг Ўз халқига берган таълим ва ҳидоятидандир. Зеро, У зот:

عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

(سورة العلق/5 الآية)

“Инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 5-оят). У ҳар нарсага қодир зотдир.

Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида олимлар сунъий уруғлантириш тажрибасини ҳайвонларда ўтказишди. 70-йилларга келиб эса бу тажриба инсонда синаб кўрилди ва ниҳоят 1978 йил 25 июнда “пробирка боласи” деб номланган чақалоқ Луиза Браун туғилгани ҳақидаги хабар бутун дунё оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланди.

Ҳозирги кунга келиб сунъий уруғлантиришнинг бир нечта турлари мавжуд бўлиб, улар асосан Ғарб давлатлари ва мусулмон бўлмаган мамлакатларда амалга оширилмоқда. Бепуштликдан азият чекаётган мусулмонларнинг фарзанд кўриш бахтига мушарраф бўлишдек орзуларини амалга ошириш илинжида сунъий уруғлантириш амалиётига мурожаат қилишлари табиий ҳолат эканлигидан келиб чиқиб, мусулмон уламолари бир нечта исломий конференцияларда ушбу амалиётнинг шаръий ҳукмлари борасида хулосаларини баён қилиб ўтганлар.

Ҳозирги кунда амалиётда қўлланилаётган қуйидаги бешта усулнинг шаръан ҳаром эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар:

  1. Эркакдан олинган уруғ билан бегона аёлнинг тухум ҳужайраси ички тарзда уруғлантирилиб, пайдо бўлган эмбрион бошқа хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
  2. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотинидан олинган тухум ҳужайра ички тарзда уруғлантирилиб, сўнг пайдо бўлган эмбрион бегона аёлнинг бачадонига жойлаштирилади.
  3. Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси ташқи тарзда уруғлантирилади, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштирилади.
  4. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотини бўлмаган аёлдан олинган тухум ҳужайра орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион эркакнинг ўз хотини бачадонига жойлаштирилади.
  5. Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион (эрнинг) бошқа хотини бачадонига жойлаштирилади.

Ислом уламолари шариатда талаб этилган барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда қуйидаги икки услубни зарурат ҳолатида энг охирги чора сифатида қўллашликни жоиз деганлар:

  1. Шаръий эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси олиниб, ташқи уруғлантириш усулида уруғлантирилади, сўнгра пайдо бўлган эмбрионни яна шу хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
  2. Эрнинг уруғи олиниб хотиннинг (бачадон) бўйинчасидаги керакли ўринга ички уруғлантириш усули билан жойлаштирилади.

Маълумки, Ислом дини шаърий никоҳдан ташқари ҳолатда фарзандли бўлишни қоралайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, гарчи бевосита бўлмаса-да билвосита бегона эркак ва номаҳрам аёлнинг тухум ва уруғ хужайраларини бир-бирига сунъий йўл билан чатиштириш орқали дунёга келадиган бола ҳам беникоҳ ҳукмида бўлади.

Ислом уламолари сунъий уруғлантириш операциясини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳ бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга оширишни мубоҳ деб баҳолайдилар. Бунда эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш зарурлиги ва албатта, ушбу ишни ишончли табиб амалга оширишлиги қайд этиб ўтилган.

Сунъий уруғлантиришнинг бошқа барча турлари, жумладан, бачадонни ижарага олиш, эмбрионларни музлатиб сақлаш, хотинни бегона эркакнинг уруғи билан ҳомиладор қилиш ва бошқалар насабнинг аралашиб кетишига сабаб бўлгани учун шаръан манъ қилинган.

Ушбу фатволар Ислом олами робитасининг 1983 йилдаги бешинчи йиғилиши, 1985 йилдаги еттинчи йиғилиши, 1986 йилдаги саккизинчи йиғилиши қарорларида баён қилинган. Шунингдек, 1983 йилда Кувайт давлатида бўлиб ўтган Тиббий илмлар бўйича исломий конференциянинг “уруғлантириш ислом назарида” номли йиғилиши қарори, 1986 йилда Уммонда бўлиб ўтган Ислом конференцияси ташкилотининг фиқҳий кенгаши фатволарида ҳам ифодаланган. Шунинг учун, фарзанд кўриш бахтига бепуштлиги сабабли эриша олмаётган кимсалар бу усулдан фойдаланишга юқоридаги шартлар риоя қилиниши кафолатланган ҳолдагина мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Кейинги йилларда бизнинг юртимиз мўмин-мусулмонлари орасида ҳам бефарзандликдан азият чекаётганлар оилани сақлаб қолиш ёки фарзандлик бўлиш бахтига эришиш илинжида сунъий уруғлантириш амалиётига мурожаат қилиш истагини билдирмоқдалар. Ҳатто баъзилар бу йўл орқали фарзандли бўлишга ҳам улгурганлари маълум бўлмоқда. Таъкидлаш жоизки, сунъий уруғлантириш амалиётини қўллаш, унинг шаръий ҳукмини билмай ёки унга парво қилмай фойдаланиш ва фарзанд кўриш бир қанча ахлоқий, ижтимоий ва диний муаммоларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, аёллар орасида турмушга чиқмай фарзандли бўлиш истагида бўлганларга кенг йўл очилади.

Иккинчидан, никоҳсиз авлоднинг дунёга келиши кўпаяди.

Учинчидан, насл-насабнинг аралашиб кетиши, билмаган ҳолда маҳрамларни бир-бири билан уруғлантириб қўйиш ҳолатлари юзага келади.

Тўртинчидан, уруғлантирилган ҳомилалар ёки уруғлантирилмаган тухум ва уруғ ҳужайралари билан савдо қилиш, уни даромад манбаига айлантириб олиш юзага келади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу Фатвони эълон қилади.

  1. Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир.
  2. Сунъий уруғлантириш амалиёти учун ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт.
  3. Ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан ман этилади.
  4. Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг ман этилган усулидан фойдаланишдан ҳазарда бўлсинлар.

Валлоҳу аълам биссавоб.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошлаб, шариатига мувофиқ ҳаёт кечирмоқларига муваффақ айласин. Омин! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий У.Алимов  

Мавзуга оид