12:20 / 25.04.2018
13234

Қуръон мусобақаси республика босқичининг аёл-қизлар ўртасидаги беллашувлари бўлиб ўтяпти

Бугун, 25 апрель куни Тошкент шаҳрида Қуръон мусобақаси Республика босқичининг аёл-қизлар ўртасидаги беллашувлари бошланди. 

Мусобақанинг биринчи кунида иштирокчилар тиловат йўналиши бўйича ўзаро беллашмоқдалар.

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, бош муфтий Усмонхон Алимов очиб бердилар. Кейин Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид мусобақа шартлари билан таништирди.

Шундан сўнг Қуръон мусобақаси иштирокчиларига ўзаро мусобақалашиш учун навбат берилди.

Бугун тиловат йўналиши бўйича жами 33 нафар қориялар баҳоланади, улардан 4 таси Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги илмий мактаб, олий ва ўрта махсус Ислом билим юртлари талабаларидир.

Мусобақа “Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи” анжуманлар саройида (собиқ ЎзМУ маданият саройи) бўлиб ўтмоқда. Беллашув эртага 26 апрель куни ҳам давом этади. Мусобақада жами 51 нафар иштирокчи ўзаро беллашади, деб ёзмоқда Muslimaat.

Эслатиб ўтамиз, мусобақани онлайн тарзда кузатиб бориш учун Қуръон мухлисалари Беруний кўчаси 41-уйда жойлашган “Кўргазма савдо маркази” (мўлжал: “Беруний” метроси) биносига ва “Минор” масжидига таклиф қилинадилар.

Шунингдек, тадбирни Youtube портали орқали онлайн томоша қилишингиз мумкин. 

Top