13:08 / 05.05.2018
53675

Уч вилоятда тўй-ҳашамлар бўйича йиғилишлар ўтказилди. Нималар муҳокама қилинди?

2018 йил 4 май куни Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси З.Низамходжаев, мазкур қўмита раисининг ўринбосари Г.Алимова ва вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари, маданият, ички ишлар, адлия, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, Савдо-саноат палатаси Маънавият ва маърифат марказининг вилоятлар бўлимлари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қабул қилинган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари ҳақида”ги Қарорнинг ижроси таҳлил қилинди.

Шунингдек, мазкур масала бўйича фуқаролардан келиб тушаётган таклиф ва тавсиялар ҳамда кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган Низом лойиҳаси муҳокама этилди.

Муҳокамалар давомида гузарларда аҳолига қулай тўйхоналар қуриш, кафе ва ресторанлар, санъаткорлар томонидан кўрсатиладиган хизмат ҳақини, оилавий тадбирлар, айниқса, ош бериш тадбирлари ўтказилиш вақтини тартибга солиш, меҳмонлар сонини аниқлаш масалаларини, шунингдек тўй билан боғлиқ турли хил тадбирлар ўтказиш, асл анъаналаримиз ва қадриятларимизга зид бўлган бемаъни-бачкана одатларга йўл қўймаслик каби масалалар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Маҳалла фаоллари томонидан жамиятда қабул қилинган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги, миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказилишига йўл қўймаслик ва бу борада таъсирчан жамоатчилик назоратини тизимли олиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишларда билдирилган таклифлар Ишчи гуруҳи томонидан вилоят аҳолисининг, керак бўлса, ҳар бир хонадон эгасининг фикрини олиш нақадар муҳим эканлигини кўрсатди.

Шу боис йиғилишларда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, туман ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган ҳар бир бир фуқаронинг фикрини, таклиф ва тавсияларини олиш мақсадида вилоят ва туман миқёсидаги ишчи гуруҳларини ташкил этишга қарор қилинди. Ишчи гуруҳлари зиммасига тегишли ташкилот вакилларини ҳамда маҳалла фаолларини, нуронийларни, ёшларни ҳамда тўйхона эгаларини жалб қилган ҳолда аҳолининг фикр-мулоҳазаларини янада чуқур ўрганиш ва таклифларни муҳокама қилиш, шунингдек мазкур масаланинг телевидение, радио, ҳудудий босма нашрлар орқали ёритилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Бундай тадбирлар Республика ишчи гуруҳи аъзолари бириктирилган ҳар бир вилоятда ўтказилмоқда. Хусусан, шундай тадбирлардан навбатдагиси 5 май куни Қашқадарё вилоятида ўтказилади.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат тўйлар бўйича жамоатчилик фикрини ўргангани хабар берилганди.

Top