11:53 / 20.06.2018
7060

Халқаро ҳуқуқ бўйича курсни битирганлар энди хорижда стажировка ўтайди 

Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2018 йилдаги 453-сон қарори билан Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари тўғрисида низом тасдиқланди.

Norma’нинг ёзишича, курслар ТДЮУ ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, у ерда 6 ойлик қайта тайёрлаш курслари ҳам иш бошламоқда, уларни тугатган юридик маълумотга эга бўлмаган мутахассислар юрисконсульт бўлиб ишлай оладилар.
 
Курсда инглиз тилини яхши биладиган, суҳбатдан муваффақиятли ўтган ва контракт пулини тўлаган юридик кадрлар (яъни олий юридик маълумотга эга бўлган) ўқишлари мумкин. Уларга инвестиция ва тижорат фаолиятида халқаро ҳуқуқ асослари бўйича таълим берилиб, халқаро юридик амалиётдаги касбий компетенциялари ривожлантирилади. Таянч ва соҳавий (чуқурлаштирилган) курс таклиф этилади.    
 
Тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги маълумот ва суҳбатни ўтказиш жадвали Марказнинг расмий веб-сайтида ўқиш бошланишидан бир ой олдин жойлаштирилади. Суҳбат талабгорларнинг даражасини (камида В2 даражасига мувофиқ бўлиши лозим) текшириш учун, қоида тариқасида, инглиз тилида ўтказилади.
 
Чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 ва ундан юқори даражадаги давлат малака сертификати ёки халқаро сертификат (камида CEFR бўйича В2; IELTS бўйича 6.0 балл; TOEFL бўйича 95 балл) мавжуд бўлса, инглиз тили бўйича суҳбатдан ўтишдан озод қилинади. Бундай талабгорларнинг фақат халқаро хусусий ва оммавий ҳуқуқ соҳасидаги билимлари текширилади.
 
Суҳбатдан муваффақиятли ўтганлар 3 кун мобайнида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:

•  паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;
•  олий маълумот тўғрисидаги диплом ва дипломга илова;
•  3,5 х 4,5 см ўлчамдаги рангли фотосурат.
 
Суҳбат натижалари эълон қилингандан кейин 10 иш кунидан кечиктирмай контракт тўлови суммасини (Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади) тўлаш лозим.
 
Курсларнинг муддати ўқитиш дастурларидан келиб чиққан ҳолда, бироқ 1 ойдан кам бўлмаган муддатда Марказ томонидан белгиланади. Ўқитиш асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади. Машғулотлар асосан инглиз тилида олиб борилади. Ўқиш якунлангач, сертификат берилади. Курсларни муваффақиятли тамомлаганлар орасидан хорижий юридик компаниялар ва халқаро арбитраж институтларида стажировка ўташ учун тингловчилар танлаб олинади. 
 
Ҳужжат 18.06.2018 йилдан кучга кирди.

Top