12:00 / 16.07.2018
9115

Ўзбекистон мева ва сабзавотлари Иркутск вилоятига тўғридан-тўғри етказилиши мумкин 

Фото: fishki.net

Ўзбекистон Республикаси мева ва сабзавотларни Иркутск вилоятига тўғридан-тўғри етказиб беришни таклиф қилди, деб хабар беради ҳудуд ҳукуматининг матбуот хизмати.

Бу ҳақда губернатор Сергей Левченко билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият вакиллари билан учрашувда суҳбат бўлган.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон мева ва сабзавотлари ортилган машиналар Новосибирск шаҳрига келиб, божхонадан ўтказилмоқда. Шундан сўнг, маҳсулотлар улгуржи бозорга етказилмоқда, у ерда эса маҳсулотларни Иркутск корхоналари харид қилишади. Агар бу корхоналар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилса, мева ва сабзавотлар тезроқ етказиб берилган бўларди.

«Биз бу ерга эски алоқаларни тиклаш учун келдик. Мева ва сабзавотларни, биринчи навбатда пиёзни тўғридан-тўғри шартномалар орқали етказиб бериш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз. Биз икки томонлама савдонинг ривожланишидан манфаатдормиз», - деган учрашувда Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов.

Иркутск губернатори мутасадди вазирликлар ва «Россельхознадзор» ташкилотига тўғридан-тўғри етказиш масаласини ҳал қилишни топширган.

Аввалроқ, транспорт-логистика инфратузилмасининг суст ривожлангани, тез бузиладиган маҳсулотларни сақлаш терминалларининг йўқлиги, уч кунгача вақт оладиган божхона расмиятчилиги туфайли, тўғридан-тўғри етказиб бериш йўлга қўйилмай қолган эди. Ҳозирги кунда у 24 соатгача қисқарган, транспорт ва логистика муаммолари ечилган. Иркутск божхонаси ҳам Ўрта Осиёдан етказилаётган маҳсулотларни ўз вақтида расмийлаштира оляпти.

Top