14:27 / 20.07.2018
16656

Ўзбекистонга электрон виза олиш учун қайси давлат фуқаролари энг кўп мурожаат қилди? 

Фото: Belnaviny.by

2018 йил 15 июлдан бошлаб Ўзбекистонда туристик мақсадларда мамлакатга кириш учун электрон визаларни расмийлаштириш ва бериш тизими жорий этилди. Kun.uz’га хабар беришларича, жорий йилнинг 15-19-июль кунлари 534 нафар хорижлик фуқаро электрон визани олиш учун мурожаат қилган.

35 мамлакатдан электрон виза олиш учун ариза берилди. Улар орасида Хитой, АҚШ ва Буюк Британия етакчилик қилмоқда. Хусусан, Хитойдан 100та мурожаат, АҚШ - 82, Буюк Британиядан 54та мурожаат келиб тушди.

Таъкидланганидек, 265 нафар фуқаро визаларни олиб бўлди, 269 мурожаат эса тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Хабар қилинишича, рад жавобини бериш ҳолатлари кузатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тизим хорижий фуқароларнинг республиканинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасаларига туристик визани расмийлаштириш учун мажбурий мурожаат қилиш тартибини бекор қилишини назарда тутади.

Чет эл фуқаросига электрон визалар Ўзбекистон ҳудудида 30 кун муддат давомида бир марта бўлиш учун берилади. Виза берилган кундан бошлаб 90 кун давомида амал қилади.

Электрон визани расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш учун аризаларни кўриб чиқиш муддати ариза топширилган кунни ҳисобга олмаган ҳолда икки иш кунини ташкил этади.

Электрон визани расмийлаштириш учун ариза Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриш режалаштирилган санадан камида уч иш куни олдин тақдим этилиши керак.

Электрон визани бериш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш учун консуллик йиғими - 20 АҚШ доллари.

Тўлов халқаро тўлов тизимлари орқали электрон кўринишда амалга оширилади.

Top