Жаҳон | 10:25 / 28.07.2018
7175
2 дақиқада ўқилади

Арманистоннинг собиқ президенти 2 ойга ҳибсга олинди 

Фото: AP Photo/Geert Vanden Wijngaert

Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарян 2008 йил 1-2 март кунлари президент сайловларидаги қоидабузарликларга қарши ўтган намойишларни тарқатиш айблови билан Ереван суди томонидан 2 ойлик муддатга ҳибсга олинди.

Бундан аввал Кочарянга Арманистондаги конституциявий тузумни зўравонлик қўллаган ҳолда ағдариш ҳамда Арманистон президенти, парламенти, конституциявий суди ёки ҳукумат ваколатларини конституцияда кўзда тутилмаган усул билан эгаллаб олиш моддаси бўйича айблов эълон қилинганди.

Собиқ президент ушбу айблов бўйича 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Кочаряннинг ўзи ўз номига билдирилган айбловларни “бахмал инқилоб шиори остида унга қарши олиб борилаётган очиқча сиёсий таъқиб” деб атаган.

Кочаряннинг айтишича, у судга дастлаб намойишларни тарқатиш бўйича гувоҳ сифатида чақиртирилган, бироқ терговчилар сўроқ вақтида унинг мақомини гувоҳдан айбланувчига ўзгартиришган. Ушбу иш бўйича Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби, Арманистон армияси генерал-полковниги Юрий Хачатуров ҳам ўтмоқда, бироқ у 27 июль кечки пайт гаров пули эвазига озод қилинган.

2008 йил 1-2 март кунлари Арманистонда ўтган намойишларда камида 8 фаол ва бир ҳарбий ҳалок бўлган. Кочарян фавқулодда вазият эълон қилгандан кейин намойишлар тўхтаган. Намойишлар ташкилотчилари қаторида Арманистоннинг амалдаги бош вазири Никол Пашинян (намойишлар вақтида мухолиф номзод Левон Тер-Петросяннинг сайловолди штаби аъзоси бўлган) ҳам бўлган. Намойишлардан кейин Пашинян қидирувга берилган ва 2010 йилда оммавий тартибсизликлар ташкил этиш айблови билан 7 йилга қамалган. Пашинян 2011 йил майида Арманистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия бўйича озодликка чиққан.

2008 йиллардаги сайловларда Серж Саргсян ғалаба қозонган. У 2018 йил апрелда Арманистон бош вазири этиб сайланган, бироқ янги норозиликлар сабабли истеъфога кетган. Унинг ўрнини айнан Пашинян эгаллаган.

Мавзуга оид