10:46 / 31.07.2018
14571

​Тошкент ҳақида маълумотлар берувчи янги сайт ишга тушди 

Фото: LiveJournal

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати янги tashkentnews.uz сайтини ишга туширмоқда. 

Ҳокимлик Матбуот хизматига тарқатган хабарга кўра, сайт фойдаланувчилари пойтахт, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги сўнгги янгиликлар ҳақида 9та бўлим орқали маълумотга эга бўлиши мумкин.

Биринчи бўлим - «Тошкент». Бу ерда сиз пойтахтда бўлаётган сўнгги ўзгаришлар, унинг меъморий ансамбли, бўлиб ўтаётган қизиқарли воқеалар, акция ва кутилаётган тадбирлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўласиз.

Шунингдек бу ҳақда «Ўзбекистон» бўлими орқали ҳам танишасиз.

«Обод маҳалла»- сайтнинг махсус бўлими. Ушбу бўлимда Тошкент шаҳридаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳақида сўнгги янгиликлар, давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, қайси маҳаллалар янги қиёфага кирганлиги ва қайсилари навбатда турганлиги тўғрисида маълумотлар жойлаштирилиб борилади.

«Иқтисодиёт» - мазкур бўлим Тошкент шаҳрида яқин келажакда жорий этиладиган янги инвестицион лойиҳалар ҳақида маълумотлар беради.

«Жамият» - бу бўлим барча учун. Тошкентда содир бўлаётган сўнгги воқеликлар, дам олиш кунларида қаерларга бориш мумкинлиги, пойтахтда ўтказилиши кутилаётган акциялар ҳақидаги маълумотни айнан ушбу бўлимдан олинг.

«Сиёсат» - бу бўлимда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида рўй бераётган сиёсий жараёнлар акс этади.

«Технология» - мазкур бўлим сизни юқори технологиялар ва IT соҳасидаги янги ишланма ва ғояларнинг қачон ва қандай амалиётга жорий этилиши билан таништириб боради.

Тошкентга келган меҳмон бориши лозим бўлган масканлар ҳақида эса «Туризм» бўлимида маълум қилиб борилади. Ушбу бўлимда пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари, дам олиш ва кўнгилочар масканлари ҳақида тўлиқ маълумот бериб борилади.

Спорт билан шуғулланувчи юртдошларимизнинг янги ғалабалари ҳақида «Спорт» бўлимидан маълумот олинг.

«Улар Тошкентда яшайди» - режалаштирилаётган бўлим бўлиб, у орқали пойтахтда истиқомат қилаётган оддий инсонлар, уларнинг меҳнати ва фаолияти сабаб, юртимиз ва шаҳримизнинг ривожланиши учун хизмат қилаётган янгиликлар ҳақида маълумот оласиз. Бир сўз билан айтганда бу бўлим Тошкентда яшаётган юртдошларимиз ҳақида очерк.

Маълум қилинишича, янги сайт ҳозирда синов режимида иш олиб бормоқда. 
 

Top