Жамият | 17:37 / 15.05.2024
27274
6 дақиқада ўқилади

SOS: Тошкент дарахтларига янги хавф пайдо бўлди

Катта дарахтлар касалланиб, айримлари тепа қисмидан қуриб келишни бошлаяпти. Дендролог олиманинг фикрича, шаҳар ҳокимлиги, Экология ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари мутахассислари гуруҳ тузиб, зудлик билан дарахтларни асраб қолиш чорасини кўрмаса, пойтахтликлар секин-аста дарахтлардан ажралиб боради.

3 май куни Чилонзор туманида кўп йиллик дарахтнинг қулаши оқибатида бир ёшли қизалоқ вафот этди. Бундай дарахтлар шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам учраяпти. Бироқ қуриган дарахтларни кесиб олиш, касалланаётган дарахтларни дорилаш ишларига негадир ҳеч ким бош қўшмаяпти.

Тошкентдаги дарахтлар касалланяптими?

Тошкент шаҳрида касалланган дарахтлар кўпайишни бошлаганини айтяпти Ботаника боғи дендрологи Атиргул Холмирзаева. Унинг айтишича, шаҳарда олдин учрамаган ҳашаротлар дарахтларга ҳужум қиляпти. 

Шира касаллиги, шаҳар мўйловдори, пўстлоқхўр деган ҳашаротлар дарахтларга зарар етказяпти. Булар олдин шаҳарда йўқ эди. Турли хил ёғочлар билан қўшилиб келиб, секин-секин шаҳар бўйлаб тарқалишни бошлаган”, – деди Холмирзаева Kun.uz билан суҳбатда.

Мутахассис ҳашаротлар дарахтга кириб олгач, унинг шохлари қуришни бошлаши, кейинчалик эса ичи пўкакка айланиб қолишини айтди.

Пўстлоқхўр дарахт танаси ва пўстлоғи орасига ўрнашиб олади дарахт ичига кириб олгандан кейин чиқмасдан дарахтни еб ташлайди. Натижада дарахт қурий бошлайди. Шаҳар мўйловдори эса теракларда кўп бўлар эди. Ҳозир тераклар камайиб кетгани учун ёғочи юмшоқ чинор, эман дарахтларига кириб оляпти”, – дейди дендролог.

“Пўсти ўйилган дарахт ҳашаротларни кўпроқ жалб қилади”

Атиргул Холмирзаева дарахтларга ҳашарот кириб олишига ёшлар ҳам сабабчи эканини айтиб, улардан дарахтлар пўстлоғини ўймасликни илтимос қилди.

Яъни дарахт пўстлоғи қаттиқ бўлгани учун, унга ҳашарот кириши қийин, лекин уни одамлар ўйиб исмини ёзаётгани пўстлоқхўрларга ёрдам бўлади. Улар энди дарахт пўстлоғидан кирадиган жой топишга ҳаракат қилмай, тайёр очиқ жойдан кириб олаверади.

Боғга кўпинча ёшлар келади. Катта дарахтлар пўстлоғини ўйиб севгисини изҳор қилади. Севсанг, ўзига айт, пешонангга ёз, хат ёз. Чунки дарахтнинг очилган жойини кўриб шаҳар мўйловдори хурсанд бўлиб кетади. Дарров кириб олади. Илтимос, дарахтларни ўйманг, бу уларнинг касалланишига сабаб бўлади”, – дейди дендролог.

Шаҳардаги касалланган дарахтлар

Kun.uz мухбири Атиргул Холмирзаева билан шаҳарнинг турли нуқталаридаги қуриган, касалланган дарахтлар жойлашган нуқталарда бўлди. Шундай локациялардан бири Юнусобод тумани Зарафшон кўчасида жойлашган Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри рўпараси.

Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри рўпараси
Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри рўпараси
Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри рўпараси
Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри рўпараси

Бу ерда 2 та қуриган дарахт бор. Бу ҳақда сал олдинроқ ижтимоий тармоқларда ҳам хабарлар тарқалган эди. Бундан ташқари, театрнинг орқа томонида ҳам бир нечта қуриган дарахтларни кўриш мумкин.

Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани Афросиёб кўчасидан оқиб ўтган анҳор бўйида ҳам яшилга бурканган дарахтлар орасида қуриб қолган дарахтлар топилади. Энг ёмони бу ҳудуддаги айрим дарахтларга қурт тушиб, касалланишни бошлаган.

Шайхонтоҳур тумани Афросиёб кўчаси
Шайхонтоҳур тумани Афросиёб кўчаси
Шайхонтоҳур тумани Афросиёб кўчаси
Шайхонтоҳур тумани Афросиёб кўчаси

Қуриган дарахтларни миллий боғ ҳудудида ҳам кўриш мумкин.

Миллий боғ

Тасвирлар шаҳарнинг айрим ҳудудларидан олинган. Аслида бундай дарахтларни шаҳарнинг бошқа жойларида ҳам учратиш мумкин.

Касалланган дарахт белгилари қандай?

Мутахассис шаҳардаги асосан эман, чинор, қайрағоч, тераклар ичида пўстлоқхўр, баргхўр шаҳар мўйловдори ўрнашиб олганини ва буни қандай билиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

“Баргхўри бор дарахт баргларининг ҳаммаси илма-тешик бўлиб кетади. Докага ўхшаб қолади. Баргхўр кўпинча қайрағочга тушади. Арча қурти арчаларга тушиб, ичини очсангиз, оппоқ пахтадек бўлиб қолади. Дарахтда илма-тешик жойлар бўлса, бу – шаҳар мўйловдори борлигининг белгиси. Пўстлоқхўр эса пўстлоқни очиб юборганингизда, катта катта бўлиб кўриниб туради”, – деб тушунтирди Ботаника боғи мутахассиси.

Ҳашаротлардан ташқари асфалт машиналар кўпайгани ҳам дарахтларнинг касалланишига сабаб бўлаётганини айтади Холмирзаева. Машиналардан чиқадиган канцероген газлар дарахтларга ўтириб, уларнинг нафас олишини қийнаб қўймоқда. 

Дарахтларни тагига плита қўйиб ташланяпти. Дарахт илдизи унинг танаси шохлаган жойигача узайган бўлади. Шу жойи очиқ қолдириши керак. Қор-ёмғирда улар табиий тўйиниши керак. Биз эса ҳамма жойни бетонлаб ташлаймиз. Охирги пайтда шаҳардаги дарахтларга унча қаралмай қўйди. Арча қурдик, арча қурти ҳам кўпая бошлади. Бундан ташқари 2022 йилда совуқ урган дарахтлар бор. Улар ҳалиям шаҳарда турибди. Қуриган дарахт турмаслиги керак, чунки у касалланган бўлса, бошқа дарахтларга ҳам юқтиради”, – деди Холмирзаева.

Нима қилиш керак?

Атиргул Холмирзаева шаҳардаги дарахтлар бундан 30 йил олдин доимий дорилаб турилгани, ҳар бир туманда ўсимликларга қарайдиган бригадалар бўлганини айтади.

Илгари шаҳарнинг ҳар бир туманида ўсимликлар ҳимоя қилиш бригадаси бўлар эди. Уларнинг ўз машинаси ва энтомолог мутахассислари бўларди. Улар келиб шаҳарнинг қайси ўсимлик дарахтида касалланиш бўлса, ўрганар эди. Дарахтга қанча дори бериш керак, қанча сув қуйиш кераклигини билишарди. Машинасида катта босим билан тепасигача сочиб, дарахтга ишлов бериларди. Ҳозир унақа бригада йўқ. Фақат карантинга айтишади, унга катта пул тўланиши керак”, – деди у.

Дендролог пойтахтда зудлик билан тезкор гуруҳ тузиб чиқиб, касалланган дарахтларни аниқлаб, уларни дорилаш йўлини топиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Бунда Экология вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жонбозлик кўрсатиши керак. Акс ҳолда Тошкент азим дарахтларидан ажралиб қолиши ҳеч гап эмас.

Зуҳра Абдуҳалимова,
журналист

Мавзуга оид