11:10 / 03.08.2018
26831

МАРдаги қотилликнинг янги тафсилоти пайдо бўлди - журналистлар қотиллар билан бир тилда гаплашган

Фото: The Insider

Марказий Африка Республикасида россиялик журналистлар Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченконинг ҳалок бўлиши бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди.

Ҳужумдан омон қолган ҳайдовчига асосланиб маҳаллий Сorbeau news нашри хабар тарқатишича, ҳужум қилувчилар марҳумлар билан бир тилда сўзлашишган.

Ҳайдовчининг қайд этишича, қотиллар на француз тилида ва на санго тилида (Марказий Африка Республикасининг расмий давлат тили) гапирганди.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, ҳужум қилганларнинг юзлари капюшонлар билан тўсилганди.

Нашр маълумотига кўра, россиялик журналистларнинг қотиллари маҳаллий қуролли гуруҳларга мансуб эмасди.

Шу вақтда Palmarescentrafrique.com сайти ўз манбаларига асосланган ҳолда журналистлар йўлда тўхтатилиб, кейин олиб қочилгани ва сўроқдан кейин отиб ташлангани ҳақида хабар берганди. Нашр маълумотларига кўра, журналистларни «Селека» гуруҳи етакчиларидан бири Нуриддин Адамнинг отряди ўғирлаган. Бу гуруҳ жангарилари Сибут ва Кага-Бандоро ўртасида жойлашган Декоа шаҳри атрофидаги ҳудудларни назорат қилади.

Дастлабки маълумотларда ҳужумдан кейин омон қолган ҳайдовчи съёмка гуруҳи йўлда тузоққа дуч келгани ва воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берганди.

«Центра управления расследованиями» медиалойиҳаси бош муҳаррири Андрей Коняхин ушбу гуруҳ Марказий Африка Республикасига асосан рус ёлланма ҳарбийларидан таркиб топган «Вагнер» гуруҳи ҳақида ҳужжатли фильм олиш учун борганини айтганди.

Таниқли блогер ва журналист Виктор Шендерович ўз блогида ушбу журналистлар Кремлга яқин бўлган «Вагнер» гуруҳи буюрмасига кўра йўқ қилингани ҳақида ёзиб чиққанди.

Top